Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ ёки ҲИСОБЛИ ДЎСТ АЙРИЛМАС!

БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ ёки ҲИСОБЛИ ДЎСТ АЙРИЛМАС!

  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганига роппа-роса бир йил бўлди. Бюрога энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш ваколати ҳам берилди.

  Ўтган қисқа вақт мобайнида Мажбурий ижро бюроси Учқудуқ туман бўлими томонидан 29 та электр энергиси тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолати аниқланди. Ҳуқуқбузарлардан давлат манфаатларига етказилган 65 млн 739 минг сўм миқдоридаги зарар тўлиқ ундирилди. Шу ўринда бу каби ҳуқуқбузарликларга қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган жазо чоралари янада қатъийлашгани ҳақида тўхталиб ўтсак.

  Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101 – моддаси санкцияси кучайтирилганлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Яъни, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридани ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

  Шунингдек, МЖтКнинг 163 – модданинг ҳам санкцияси кучайтирилиб, канализация тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

  Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 484 – сонли қарори билан энергия ресурслари етказиб берувчилар томонидан шакллантирилган қарзи мавжуд бўлган истеъмолчилар рўйхати ҳар ойнинг ўн биринчи санасидан бошлаб – ҳар куни ягона электрон идоралараро ахборот тизими орқали Бюрога тақдим этилади. Тақдим этилган рўйхат асосида истеъмолчилар қарзини 5 кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилинади. Агар 5 кунлик муддатда истеъмолчилар белгиланган тартибда тўловни амалга оширмаган тақдирда уларни тармоқдан узиб қўйиш йўли билан қарздорликни ундириш чоралари кўрилади.

  Бунда тармоққа қайта улаш жисмоний шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 2 барвари, юридик шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов тўлагандан сўнг қайта уланади.

  Мамлакатимизда жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасигача ўтган ойда истеъмол қилинган электр энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Агар ушбу муддат ўтгандан кейин ҳам қарздорлик мавжуд бўлса, улар мажбурий тарзда тармоқдан узиб қўйилади. Бу борада юридик шахс истеъмолчиларига эса энергия ресурсларидан фойдаланишда олдиндан 100 фоиз ҳақ тўлаш шартлиги белгилаб қўйилган.

  Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси Учқудуқ туман бўлими томонидан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тарғибот қилишга доир семинар-йиғилишлар, давра суҳбатлари ва сайёр учрашувлар ўтказилмоқда.

  Қадрли газетхонлар! Шуни унутмаслик керакки, электр энергияси ва табиий газ тўловларини ўз вақтида тўлаш, табиий неъматлардан оқилона фойдаланиш нафақат оилалар фаровонлигини таъминлайди, балки мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига муносиб улуш бўлиб қўшилади.

  Қолаверса, "Ҳисобли дўст айрилмас”, деган нақлнинг ҳаётга тўла татбиқ этилишидан, аввало, халқимиз манфаатдор бўлади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: