Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / АҲОЛИ МАНФААТЛАРИНИ КЎЗЛАБ…

АҲОЛИ МАНФААТЛАРИНИ КЎЗЛАБ…

  Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради. Бинобарин, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бу Учқудуқ тумани «Алтинтау» овул фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабулда ҳам фуқаролар муаммосига вақтида ва оқилона ечим топилганида яна бир карра намоён бўлди.

  Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари И.Разиқов, туман ҳокими С.Хамроев. тегишли вилоят ва туман корхона-ташкилот раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идорлари вакиллари иштирокида мавжуд муаммо ва масалалар атрофлича ўрганиб чиқилди.

  Жумладан, овул фуқароси А.Тилеубаева олдинги сайёр қабулда ногиронлик даражасини аниқлаш бўйича мурожаат этган эди. Зарафшон туманлараро тиббий меҳнат эксперт комиссияси хулосаси берилиб, унга нафақа тайинлангани учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

  «Алтинтау» ОФЙ фуқароси Д.Сийитов овул ободончилигига эътиборни ошириш мақсадида ахлат ташлайдиган қутилар ўрнатилиши юзасидан таклиф билдирди. Масала шу ернинг ўзида «Тоза ҳудуд» УК Учқудуқ филиалига юклатилиб, ижобий натижаси ҳақида фуқарога жавоб хати юборилиши топширилди.

  Овулнинг иш сўраб мурожаат этган бир нечта аҳолиси фуқаролар йиғини қошидаги ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.

Шунингдек, А.Бисенова ўзи яшаб турган уйнинг том қисмини шифер қилиб беришда амалий ёрдам сўради. А.Алтинбаева, А.Абуова. Н.Гайипов сингари фуқаролар ҳам шу масала хусусида мурожаат этди. Уларнинг мурожаатлари кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш дастурига киритилиб, амалий кўмак бериш чоралари белгиланди.

  Овулнинг яна бир фуқароси А.Қодиркулова фуқаролик олишда ҳамда биометрик паспорт билан таъминлашда амалий кўмак сўради. Фуқаронинг мурожаати туман ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳига амалий ёрдам бериш учун йўналтирилди.

  Бундан ташқари, овулнинг Т.Байменов, Т.Кунбасова сингари фуқаролари эҳтиёжманд оилаларга берилаётган маиший техникалардан беришларини сўраб мурожаат этди. Ушбу фуқароларнинг оилавий шароити ўрганилиб, сўнгра кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурига киритилиши тушунтирилди.

***

  Бу каби сайёр учрашув туманимизнинг «Кокпатас» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ўтказилди. Сайёр учрашувда аҳоли томонидан ичимлик суви таъминотини яхшилиш масаласи ўртага ташланди.

  Шунингдек, аҳоли яшаш пунктидан 1 км масофада мунтазам равишда конда портлатиш ишлари олиб борилиши натижасида уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари ёрилиб, дераза-эшикнинг ойналари синиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Бу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонасига тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат этиш билдирилди.

  Ўтказилаётган сайёр қабулларда одамларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишнинг бундай самарали механизми уларнинг бугунидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлиши, юртимизда кечаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғуси юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: