Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / НУРОТАДА НУРЛИ НАВОЛАР ЯНГРАДИ!

НУРОТАДА НУРЛИ НАВОЛАР ЯНГРАДИ!

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 2 мартида Навоий вилоятига ташрифи давомида белгилаб берган вазифалари ва Хатирчи туманида ўтказилган йиғилишдаги кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда ҳамда хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган фольклор жамоалари иштирокида 30-31 май кунлари Нурота тумани ва Навоий шаҳрида «Нурли наволар» фольклор фестивали бўлиб ўтди.

  Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ҳукуматимизнинг инсон манфаатлари ҳар недан улуғ бош ғояси асосида олиб борилаётган сайъ-ҳаракатлари самарасида, юртимиз кундан-кунга гуллаб-яшнамоқда. Ҳар бир кунимиз, ҳар бир қарич еримиз ҳаётбахш нурларга йўғрилиб бораётгани ҳаммамизни бирдек қувонтирмоқда.

  Ҳа, бугун диёримиз нурли, ҳаётимиз нурли, эртанги кунимиз истиқболимиз нурли! Ҳатто қалбларимиз ҳам нурли орзу умидларга тўлиб-тошаётганлиги халқимизнинг нурли чеҳраларида зоҳирин. Ана шу нурафшонлик ижро этилаётган куй-қўшиқларимизга ҳам кўчган.

  …Эрта тонгданфестиваль иштирокчиларининг бир гуруҳи Алишер Навоий ҳайкали пойига алвон гуллар қўйдилар. Шундан сўнг, Нурота тумани марказидаги Чашма мажмуасида бошланган халқ сайли, фольклор ансамблларининг чиқишлари барчада, айниқса, хорижлик меҳмонларга ўзгача завқ-шавқ бағишлади.

  -Юртингизга бир неча бор келганман, - дейди Қозоғистон Республикаси «Халқлар Дўстлиги» фестивали лауреати, Жанубий Қозоғистон драма театри актёри Миркомил Забарханов. –Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлиги давр синовларидан ўтган дўстлик.Ватанингизнинг бой маданий тарихига қизиққаним боис, бугун фестивалда иштирок этмоқдаман. Халқингиз қандай буюк маданиятга эга бўлса, миллий қадриятларингиз ҳам шу қадар қадимий ва бой экан. Миллий қадриятларингизнинг асраб-авайланаётгани таҳсинга лойиқ.

Айтиш жоизки, бу каби маънавиий – маърифий тадбир янги-янги истеъдод соҳибларини кашф этиб, ёшларга тарихимизни англатиш, уларда авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган қадимий қўшиқларимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборни янада кучайтиришга хизмат қилади.

  Шунингдек, фестиваль доирасида «Мен севган асар», «Мен севган қаҳрамон» мавзусида китобхонлар конференциялари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар билан адабий суҳбатлар ўтказилди. Тасвирий ва амалий санъат йўналишида ижод қилаётган ёш ижодкорларнинг кўргазмаси намойиш этилди.

  Халқ ҳунармандлари томонидан кўргазмага қўйилган сўзаналар, ўтовлар, қоракўл тери маҳсулотлари фестиваль меҳмонлари томонидан катта қизиқиш билан томоша қилинди.

  Бундан ташқари, миллий кураш, халқ ўйинлари, анъанавий майдон томошалари ҳамда вилоятнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди.

  Тадбирда Қорақалпоғистон Республикасининг «Мейрас», Андижон вилоятининг «Сайқал», Бухоро вилоятининг «Қасри Орифон», Навоий вилоятидан «Сардоба» ва бошқа кўплаб энг намунали фольклор-этнографик жамоаларининг 250 нафардан ортиқ қатнашчилари ўз ҳудудига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган дастурларини намойиш этдилар.

  Фестиваль доирасида «Алишер Навоий» номидаги истироҳат боғининг амфитеатрида 31 май куни эл ардоғидаги эстрада хонандалари иштирокида галаконцерт намойиш этилди.

                                                                                                                 Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: