Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ

МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ


Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, аҳолини ўйлантираётган муаммоларга тезкор ва жойида ечим топишнинг замонавий ва самарали механизми йўлга қўйилгани одамларнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Учқудуқ туман Шалхар ҳамда Йўлчилар овул фуқаролар йиғинида туман ҳокими, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, корхона-ташкилот, муассаса мутасаддилари ҳамда жойларда фаолият юритаётган сектор аъзолари томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда ҳам бу яққол ўз ифодасини топди.


Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Учқудуқ туман Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар тегишли идора мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилди.

Мурожаатлар асосан банкдан кредит олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турар-жой, коммунал хизмат, соғлиқни сақлаш, таълим тизимига алоқадор масалалар, пенсия ва нафақа таъминоти, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларга оид бўлиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

 Жумладан, Шалхар ОФЙ фуқароси У.Қулманбаева, ўзи истиқомат қилаётган уйнинг том қисмини шифер қилиб беришда амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаат туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда туман хотин-қизлар қўмитасига топширилди. Овулнинг яна бир фуқароси Ж.Агунбаева, ногирон турмуш ўртоғига биометрик паспорт олишда кўмак сўради. Фуқаронинг мурожаати туман ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи томонидан ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Шунингдек, Йўлчилар овулида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар томонидан 50 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти, уй-жой қуриш учун ер ажратиш масаласи эди. Яқин кунларда аукцион ўтказилиши, тендер савдоларига қўйилаётган ер участкаларига эгалик қилиш учун ҳужжатларни қай тартибда расмийлаштириш хусусида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бундан ташқари, бандлик масаласида яъни иш сўраб мурожаат қилган аҳолининг кўпчилиги ўзини ўзи бошқариш органлари қошида фаолият юритаётган ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.

 Ҳа, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради. Бинобарин, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бу Учқудуқ туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳам фуқаролар муаммосига вақтида ва оқилона ечим топилганида яна бир карра намоён бўлди. Одамларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишнинг бундай самарали механизми уларнинг бугунидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлиши, юртимизда кечаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғуси юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сайёр қабулда туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович сўзга чиқиб, мамлакатимизда инсон омили бош масала эканлиги, ҳозирда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, пенсия таъминотини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат хизматлари марказида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳақида кенг тушунчалар берди.Сайёр учрашув иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилди.

 Райҳон ҚОДИРОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: