Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / 15 – май “Халқаро оила” куни ОИЛА – МУҚАДДАС ҚЎРҒОН!

15 – май “Халқаро оила” куни ОИЛА – МУҚАДДАС ҚЎРҒОН!


 Оила – инсон камолотида муҳим ўрин тутувчи маскан. Бу муқаддас гўшада инсон ҳам жисмонан ҳам маънан ҳам ахлоқан тарбияланади. Жамиятнинг бу асосий бўғини мамлакатлар тараққиётининг пойдевори эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

 Шу нуқтаи назардан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 1994 йилдан эътиборан, ҳар йили 15 майни – Халқаро оила куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Шундан бери ушбу сана халқаро миқёсда кенг нишонланиб келинмоқда.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, юртимизда ўзликни англаш, миллий урф – одатларимизни эъзозлаш, катталарга ҳурмат кўрсатиш ва кичикларга ғамхўр бўлиш, одамийлик, ҳалоллик, олийжаноблик, меҳр-оқибат сингари асл инсоний фазилатлар айнан оила муҳитида шаклланади.

 Ҳа, халқимиз азал-азалдан оилапарвар, меҳмондўст, болажон ва бағрикенгдир. Бироқ, "гуруч курмаксиз” бўлмаганидек, баъзи бир ёшларимиз ҳаётга оилага елгил-елпи муносабатда бўлиб, оилавий муносабатларда етарли кўникма ва тушунчага эга бўлмаганлигидан ажралиб кетиш ҳолатлари учрамоқда. Рақамларга таянадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чорагида оилавий ажримлар сони 14 тани ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 тага камайганлигини кўрсатади.

 Тўғри, оила аталмиш муқаддас даргоҳни сақлаб қолиш, унинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшиш борасида фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган яраштириш комиссиялари, кенг жамоатчилик орқали таъсир кўрсатаяпмиз. Афсуски, баъзида таъсир чораларимизнинг ўзи етарли бўлмаяпти.

 Ҳозирда яраштириш комиссияларида ўзаро муросаси қочган 19 та оила муҳокама этилиб, уларнинг 15 тасини яраштиришга эришилди. Оилавий можароларнинг 90 фоизи эр-хотин, 10 фоизи қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида келиб чиққанини инобатга олсак, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оналарга қайноналик масъулиятини англатиш, келинларда андишалик, ибо-ҳаё ҳамда мулоҳазакорлик хислатларини тарбиялаш борасида тушунтириш ва тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз лозимлиги аён бўлади.

 Яна бир эътибор берадиган жиҳат, оилавий низоларнинг аксарияти ёшларнинг ҳаётга енгил қараши, меҳнатсеварлик фазилатидан йироқлиги, рўзғор тутуми, эр-хотинлик, қайнона-қайнота билан муносабатларда нўноқлик кўзга ташланмоқда. Демак, ҳар бир ота-она таълим-тарбияни аввало ўзимиздан, ўзимизни ислоҳ қилишдан бошласак, эртага келин ёки куёв бўладиган ўғил-қизларимиз тарбияси, касб ёки ҳунар эгаллашига жиддийроқ ёндошсак, тўғрироқ бўлади.

 Дарҳақиқат, барча оиланинг устунлари меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳурмат туйғуларидан барпо этилса, у чинаккам бахт ошиёнига айланишини ёш ва бўлажак оила соҳиблари онгига етказишимиз бугуннинг энг муҳим вазифаларидандир.

 Барча оила соҳибларига жамият гултожи саналмиш оилалари мустаҳкамлигини тилайман!.

Гулбаҳор АЛЛАНОВА, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: