Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Учқудуқлик уч “Зулфиячи”нинг сири

Учқудуқлик уч “Зулфиячи”нинг сири

Учқудуқ пойтахтдан 800 км вилоят марказидан 300 км узоқда.

1950 йилларда геоглоглар томонидан Қизилқум чўлларининг қоқ марказидаги кашф этилган кон захиралари қадимги Буюк ипак йўлида жойлашган учта қудуқ сабабли Учқудуқ деб номланди. Ўша йиллари Учқудуққа ташриф буюрган етакчи лойиҳалаш институти ходимлари бу ерларда одамларнинг узоқ муддатга қолиш имконияти яратилишига ишонмаганликлари учун ишни навбат усулида ташкиллаштиришни таклиф этишган эди...

Аммо инсон қўли унинг матонати неларга қодирлигини исбот этди. Чўлга одам оёғи билан ҳаёт кириб келди.

НКМК қарашли Шимолий Кон Бошқармасида ишлаш истагидаги кончилар, уларнинг оилалари... Янги ҳаёт, эзгу орзулар билан Учқудуқда ҳаёт бошланди. Илк капалар ўрнида пастқам бинолар кейинчалик кўп қаватли уйлар қад ростлади. Орзулар ҳам ўшанга қараб бўй чўзди.

Учқудуқликлар спортни қадрлашади. Балки бу табиат билан боғлиқ ҳамдир. Чунки чўл ҳудудида кўкламнинг умри қисқа. Дов-дарахтлардан олинадиган кучни улар спортдан топишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун бу ерликларнинг энг севимли масканларидан бири - ШКБ га қарашли "ЛОЧИН” спорт-соғломлаштириш мажмуаси. Чўлда қуёш чиқиши бир мўъжиза. Худди нурлари қумларни босиб кўкка кўтарилаётгандек бўлади. Айнан ана шу пайтда қуёш беминнат нурини оламга таратишга шошаётганда елкасига спорт сумкасини илган юзлаб учқудуқлик ёшлар "ЛОЧИН” томон югуришади. Мажмуада 16 дан ортиқ спорт секциялари фаолият юритади. Бу ерда 1988 йилда ўтказилган олимпиада ўйинлари иштирокчиси, гандбол бўйича икки карра жаҳон чемпиони, бадиий гимнастика бўйича тўрт карра жаҳон чемпиони, сузиш бўйича Европа чемпиони, паурэлифтинг бўйича жаҳон чемпионлари етишиб чиққан. Уларга доим ёш спортчилар ҳавас қилишади ва улардек бўлишга ҳаракат қилишади. Бу ерда бирор бир зал, басейн ёки майдон йўқки бўш турса. Доимо болалар билан гавжум.

"Исмини тўғри айтолмайдиган учқудуқнинг иккитадан бир боласида спортнинг қайси туридандир қўлга киритган медали бор”. Бу ҳақиқат гап. Учқудуқнинг "Лочин”ида яратилган шарт-шароитлар республика миқиёсидаги бошқа спорт мажмуалари билан бемалол беллаша олади.

Шунинг учун бу тарбияланган уч нафар қиз Ирода, Дилноза, Маҳлиёлар "Зулфия” номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган бор гап. Учаласи ҳам дюздочи қиз бўлганига нима дейсиз? Уларнинг устози узоқ йиллардан буён учқудуқ ёшлари учун жонфидолик қилаётган дюздо мураббийи Алишер Шодмонов.

Ҳозирча кенжа вакил бўлган Дилноза Маннонова эндигина 21 ёшни қаршилади. Жорий йилда ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланган Навоий вилояти икки нафар вакиласининг бири.

Маҳлиё Маннонованинг дзюдо би­лан шуғуллана бошлаганига ўн йил­дан ошди. Ўн йил ичида у қўлга киритган мувофаққиятлар мана ман деган эр йигитнинг ҳам ҳавасини келтиради. Маҳлиё 15 карра мамлакат чемпиони, икки марта Осиё чемпионати ғолибаси, халқаро тоифадаги спорт устаси.

Унинг тинимсиз меҳнатлари бесамар кетмади. Яхши устозлар кўмаги, яратилган шарт-шароитлар сабаб олис ҳудуднинг қизи кўксига мамлакат президенти ишонч билан "Зулфия” номидаги Давлат мукофотини тақиб қўйди.

- Президентимиз ёнларига минг ҳаяжон билан борарканман, мен ўшанда бахт нималигини чин дилдан ҳис этдим , дейди Маҳлиё. – Мендан кейин оиламизда укам туғилгунча кетма-кет икки нафар қиз дунёга келган. Онам эса барча ўзбек оналари сингари суянчи бўладиган ўғли бўлишини бизга билдирмасада, дил-дилдан орзу қилган. Онам қўлимдан ушлаб гимнастика тўгарагига олиб борганида, у ерда кураш тушаётган ўспиринларга ҳавас билан қараётганини ҳис этганман. Шунинг учун бўлса керак гимнастикани ташлаб дюздога меҳр қўйдим. Ниятим онамни хурсанд қилиш эди. Буни ҳар чемпион бўлганимда уддаладим деб ўйлардим. Аммо онамнинг энг катта орзуси менинг кўксимда ўзбек аёли учун ифтихор саналадиган "Зулфия” мукофотини кўриш экан. Мен уни онамга ҳалол меҳнатим, президентимининг ишончи билан ҳадя этдим.

Қаҳрамонимизнинг отаси Ҳафиз Каримов ва онаси Мухлиса Ҳамроева ШКБда фаолият юритишади. Бири улкан кон техникаларини жиловлаб қизилқум чўллардан маъдан ахтаради, бири эса боғчада учқудуқнинг келажаги бўлган болажонларни ўз жигарбандидай пайпаслаб тарбиялайди. Маҳлиёнинг сингиллари тиббиёт коллежи талабалари, шу билан бирга Учқудуқ воллейбол жамоасининг моҳир ўйинчилари. Кенжа ўғил Каримжон ҳам 5 ёшидан дюздо билан шуғулланади. Унинг айтишича, энг қаттиққўл устози Маҳлиё опаси бўлса, энг меҳрибони ҳам ўша. Ҳаттоки Каримжоннинг ҳам спорт туфайли орттирган шода-шода медаллари бор.

Энди ёзганларимга ишондингизми. Учқудуқликлар спортни айтганимдек, жуда севишади. Бугун НКМК қарашли ШКБ томонидан яратилган имкониятлар сабаб одамлар бир пайтлар яшашга қўрққан гўшадан айнан соғлом авлод вояга етмоқда. Учқудуқнинг қудратини кўрмоқчи бўлсангиз Ирода, Дилноза, Маҳлиё каби қизларимизга бир боқинг!

Учқудуқлик уч  “Зулфиячи”нинг  сири
Учқудуқлик уч  “Зулфиячи”нинг  сири

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: