Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Жусқудуқ овулида катта байрам

Жусқудуқ овулида катта байрам

Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятининг энг олис туманларида барпо этилган замонавий уй-жой ҳамда ижтимоий объектларнинг фойдаланишга топширилгани ҳудуд аҳолисининг кайфиятига янада кўтаринкилик улашиб, улар ҳаётида туб бурилиш ясади. 

Хусусан, Учқудуқ туманининг олис овулларида тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаби, мактабгача таълим маскани, замонавий уй-жойларнинг очилиш маросими ташкил этилди. 

Айниқса, давлат раҳбарининг жорий йил 25 апрелдаги "Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори узоқ овулларга замонавий инфратузилмани олиб кириш, ҳудуд аҳолисига муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжат вилоятнинг Учқудуқ туманида яшаётган 40 мингдан ортиқ турли миллат вакилларининг фаровон ҳаёт кечириши, оғири енгил қилишда кенг имкониятлар яратмоқда. Бу ҳудудларда асосан, қозоқ ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли қўним топган. Чорвачилик, йилқичилик ривожланган овулларда икки миллат вакиллари аҳил-иноқ, қуда-анда бўлиб яшаб келмоқда.

Учқудуқ туманининг "Жузқудуқ” овули энг олис ҳудудлардан. Ҳудуд ёшларининг замонавий шароитларда таълим олиши учун 2-умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 

Таълим масканининг тантанали очилиш маросимида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эрик Ўтембаев ва бошқалар иштирок этди. Ўзбек ва қозоқ миллатининг аҳилликда яшаб, Ватан равнақи учун биргаликда меҳнат қилаётгани бундай эзгу ишларнинг янада самарали бўлишида муҳим омилдир.

Янги мактабга Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Республика Қозоқ миллий маданий маркази томонидан зарур ўқув жиҳозлари, планшет ҳамда 300 дона қозоқ тилидаги адабиётлар топширилди. 

Овулга рақамли телевидение сигналини қабул қилиш мосламаси ўрнатилиб, миллий каналларимизни томоша қилиш имконияти яратилди. Тез орада ҳудудга интернет алоқаси йўлга қўйилиб, мактаб ўқувчилари виртуал оламдан самарали фойдалана бошлайди.

Шу куни "Жузқудуқ” қишлоқ врачлик пунктига "Damas” русумли тез тиббий ёрдам машинаси топширилди. 2000 йилда қурилган тиббиёт муассаси реконструкция қилиниб, "Саломатлик-2” лойиҳаси асосида зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган. 

Овулда 30 ўринли мўлжалланган 2-сон "Қуёшжон” номли мактабгача таълим муассасасининг "Бобек” 4-филиали тўлиқ реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди. Эндиликда масканда 7 нафар тарбиячи овул болаларидан доим хабардор. Жажжилар масканининг 60 ўринли концерт зали замонавий фортепиано билан жиҳозланган бўлиб, турли байрам тадбирларини ўтказишга мўлжалланган. 

Давлат раҳбарининг юқоридаги қарорига асосан, овулдаги бўшаб қолган ва эгасиз 4 турар жой замонавий кўринишга келтирилиб, ихтиёрий равишда кўчиб келадиган уй-жойга муҳтож оилаларга текин берилди.

Жусқудуқ овулида катта байрам

 

Жусқудуқ овулида катта байрам

 

Жусқудуқ овулида катта байрам

 

Жусқудуқ овулида катта байрам

 


 


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: