Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Худоёрхон қароргоҳида фестивал ўтказилмоқда!

Худоёрхон қароргоҳида фестивал ўтказилмоқда!

Фарғона вилояти Қўқон шаҳри Марказий боғи ҳудудидаги Худоёрхон қароргоҳида 10 – 15 сентябр кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб  ўтмоқда.
Ушбу йирик тадбир «Ҳунарманд» уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фарғона вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Фанлар академияси томонидан ташкил этилмоқда.
Илк бор ўтказилаётган мазкур фестивал миллий ва жаҳон маданияти, амалий санъатининг энг ёрқин намояндалари, моҳир, қўли гул ҳунарманд усталарини бир жойга жамламоқда.
Ушбу фестивални миллий ҳунармандчиликнинг қадимий мактабларидан бири ҳисобланган Қўқон шаҳрида анъанавий тарзда ҳар икки йилда бир марта халқаро миқёсда ўтказиш белгиланган.
Айни кунларда бўлиб ўтаётган халқаро ҳунармандчилик фестивалида Учқудуқ туманидан 6 нафар ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Улар туман  "Ҳунармандлар” уюшмаси аъзоларидан Зебинисо Шарипова, Фотима Ҳамроева, Сайёра Акрамова, Фотима Азимова, Лола Хайриева ҳамда Жасурбек Муродовлардир. Туманимиз вакиллари ҳудуд анъаналаридан келиб чиқиб, туя жунидан тикилган ва тўқилган маҳсулотлар, каштачилик,  миллий ва замонавий тақинчоқлардан иборат буюмларини фестивалга тақдим этишган.
– Сўлим Қўқоннинг Ўрда хиёбонида бўлиб ўтаётган  халқаро фестиваль халқимизнинг бой маданий-маънавий меросини, кўп қиррали  миллий ҳунармандчилигимизни кенг намойиш қилиш билан бирга иштирок этаётган  ҳунармандларнинг  истеъдод қирраларини очишга хизмат қилади, деб ўйлайман. Олам-олам таассуротлар, кўтаринги кайфият ҳамда янги-янги режа ва мақсадлар билан Учқудуққа қайтаяпмиз, - деди биз билан суҳбатда миллий ва замонавий тақинчоқлар устаси Лола Хайриева.
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: