Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / «Сиз энди Ўзбекистоннинг ‘олтин фонди’сизлар». Шавкат Мирзиёев Тошкентда ишга тушган илк Президент мактабида бўлди

«Сиз энди Ўзбекистоннинг ‘олтин фонди’сизлар». Шавкат Мирзиёев Тошкентда ишга тушган илк Президент мактабида бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Тошкентдаги Президент мактабига ташриф буюрди, деяхабар бермоқдаПрезидент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, «Президент мактаблари янги авлод кадрларини тарбиялашда муҳим асос бўлиши шубҳасиз». «Чунки бу ўқув масканлари иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларга сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим бўлади. Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади», — дейилади расмий ахборотида.

Тошкентда 168 ўринга мўлжалланган мактаб биноси ва ётоқхона, 15 ўринли ўқитувчилар меҳмонхонаси қурилган. 2019 йилда мактабнинг 5—10-синфлари учун ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчидан 144 нафари ўқишга қабул қилинган. Канаданинг Teachaway ва Буюк Британиянинг TIC Recruitment рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинган. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб қилинган.

Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев мактабда яратилган шароитлар билан танишган, ўқувчилар билан суҳбатлашган.

Бу ҳаётингиздаги биринчи синов бўлди. Меҳнат, билим, адолат нима эканини кўрдингиз. Сизларни шундай нуфузли мактабга муносиб бўлганингиз билан чин юрагимдан табриклайман. Сиз энди Ўзбекистоннинг «олтин фонди»сизлар.

Халқнинг, мамлакатнинг буюклигини тараннум этадиган нарсалар кўп. Лекин энг афзали билим билан намоён этиш. Ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига барча асосларимиз бор. Бугун тарихий кун.

Илгари юртимизда бундай шароит бўлмаган. Энди чет элдан нуфузли меҳмонлар келса, катта-катта заводларни эмас, Президент мактабларини кўрсатамиз. Сизлар билимингиз, юриш-туришингиз, ватанпарварлигингиз билан ҳамма ёшларга намуна бўлишингиз керак. Келгусида Ўзбекистон тараққиётига таъсир кўрсатадиган куч бўласизлар.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Мактаб ўқувчилари замонавий билимларни ўзлаштириш билан бирга миллий ўзликни чуқур англаши, мамлакат тарихи ва она тилини мукаммал билиши шартлиги таъкидланган. Ўқувчиларнинг ота-оналари ва илм-фан намояндалари билан учрашувда Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даври бошланаётгани таъкидланган.

Шавкат Мирзиёев Президент мактабининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирган, мактабнинг илк ўқувчи ва ўқитувчилари билан суратга тушган.

Маълумот учун, Президент мактаблари 2019 йилда Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида ҳам очилади. 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: