Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Наримон Умаров Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди

Наримон Умаров Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг 8 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви бошқа ҳудудларда бўлгани каби юқори савияда, сайловчиларнинг фаоллиги остида бўлиб ўтди. Бу ҳақда  партия матбуот хизмати маълум қилди.
Наримон Умаров Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди

Нурота тумани ҳокимияти мажлислар залида онлайн видеоконференция тарзида ўтказилган учрашувда туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан жами 2500 нафарга яқин сайловчи — давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирни «Адолат» СДП Навоий вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Р. Ҳайитов олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Алишер Навоий номидаги нашриёт давлат корхонаси директори С. Мансурова учрашувлар иштирокчиларини Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Н. Умаров даставвал Навоий вилоятининг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида сўз юритиб, бу замин аҳли қадимдан Қизилқумдек саҳро бағрида ўзининг заҳматли меҳнати, фидокорлиги ҳамда бунёдкорлик салоҳияти билан обод ва гўзал диёрни ярата олган халқ эканлигини эътироф этди.

Президентликка номзод сайловчиларга «Адолат» социал-демократик партияси мақсад ва вазифалари асосида ишлаб чиқилган сайловолди дастурининг асосий йўналишларини баён қилди. Дастурда илгари сурилган ғоялар халқчиллиги, ҳудудлардаги аниқ ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда уларнинг ечими юзасидан механизмлар белгилангани билан сайловчиларга манзур бўлди.

Жумладан, Н. Умаров мамлакат келажаги инновацион иқтисодиётда эканлиги, бутун дунёда фан ва технологиялар жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқ фаровонлиги ва жамиятнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Бу борадаги мақсадларни амалга ошириш учун номзод махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилишга доир режаларини маълум қилди. Ҳужжатда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, Инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифаларни белгилашни мақсад қилинган.

Шунингдек, Президентликка номзод сайловчилар эътиборини Навоий шаҳри республикадаги саноатлашган ҳудуд эканлигига қаратар экан, йирик саноат корхоналарининг шаҳар экологияси ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.

Жумладан, Н. Умаров экология соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ этишини маълум қилди. Дастурда, хусусан, табиатни саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дарахтлар сонини ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил зоналар барпо этиш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгиланишини қайд этди. Бу борадаги вазифалар айнан Навоий шаҳри ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш ҳамда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда долзарб аҳамият касб этиши хусусидаги фикрлар учрашув иштирокчилари томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Н. Умаров иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтариб, мазкур учрашувлар аҳолининг реал эҳтиёжларини аниқлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг самарали ҳамда манзилли чора-тадбирларини ишлаб чиқишда айни муддао эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Г. Саттарова, Навоий кончилик касб-ҳунар коллежи директори Ш. Норов, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиали директори Ю. Маликов, Spark Advocatus адвокатлик фирмаси юристи Ш. Фозилова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.



Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: