Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Улуғвор янгиланишлар ва тараққиёт даври

Улуғвор янгиланишлар ва тараққиёт даври

 Улуғвор янгиланишлар ва тараққиёт даври

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон ўтган йилда ҳам улкан ютуқларга эришди.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига Янги йил табригида таъкидланганидек, тобора чуқурлашаётган глобал иқтисодий ва молиявий инқирозга қарамасдан, кейинги 11 йил давомида мамлакатимиз иқтисодиёти жаҳондаги камдан-кам давлатлар қаторида барқарор суръатлар билан ривожланмоқда, шу жумладан, 2015 йилда ҳам ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмади, аҳоли реал даромадлари 9,6 фоиз, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 21,9 фоиз ошди.
   Бундай юксак кўрсаткичлар Ўзбекистон танлаган, дунёда "ўзбек модели” дея тан олинган тараққиёт йўлининг нақадар тўғри эканлигини тасдиқлаб турибди. Зеро, унинг замирида жамиятимизни тубдан ислоҳ этиш ва демократлаштириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда модернизациялаш, жаҳоннинг ривожланган демократик давлатлари сафидан жой олишдек олижаноб мақсадлар мужассамдир.
...Ҳатто бир инсон ҳаётида ҳам бир йил давомида қанчадан-қанча воқеалар рўй беради. Улар аввалги йиллар меваси, келажак тамал тоши. Энди ўтган 365 кун ичида бутун Ўзбекистонда юз берган воқеалар миқёсини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Биргина бизнинг газетамизда уларнинг энг долзарбларига бағишланган тўрт мингдан зиёд хабарлар, мақолалар, репортажлар берилди. Кўриниб турибдики, 2015 йилда кўп ишлар амалга оширилди ва янги йил ҳам бу борада янада муваффақиятларга бой бўлиши, шубҳасиз.
Боиси, поёнига етган йилда қўлга киритилган ютуқлар 2016 йил учун мустаҳкам базага айланди. Улардан энг муҳими, Президентимиз алоҳида тўхталиб ўтганидек, биз ҳар бир қадамимизда мустаҳкамлаб бораётган тинчлик ҳамда барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролар тотувлиги, умумий уйимиздаги ўзаро ҳурмат ҳамда эзгулик муҳитидир.
Буларнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган сиёсий барқарорлик самараси бўлиб, 2015 йили парламент сайловида фаол иштирок этган халқимиз катта масъулият билан уни сақлаш учун овоз берди. Ўтган йил янги чақириқдаги парламент, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўз фаолиятини бошлади. 70 мингдан ортиқ маҳаллий ҳамда 340 дан зиёд хорижлик кузатувчилар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларининг мутлақ катта қисми фикрича, сайлов жараёнлари очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва стандартларига тўла мос ҳолда ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан қонун чиқарувчи органлар аъзолари олдига бугунги кун талабларига асосланган ва келажакка йўналтирилган аниқ вазифалар қўйилди. Президентимиз томонидан белгилаб берилган ушбу асосий йўналишлар таркиби ўтган йил февраль ойида тасдиқланган Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ҳамда узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат Дастурига ҳам асос бўлиб хизмат қилди.
Яна бир муҳим сиёсий  воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 29 март куни бўлиб ўтди. Унга катта тайёргарлик кўрилди. Республика Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг айтишича, Президент сайлови сифат жиҳатдан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитларда, сезиларли даражада ўсган партиялараро рақобат, аҳолининг сиёсий ҳамда фуқаролик фаоллиги муҳитида бўлиб ўтди. Ушбу жараённинг барча босқичи — бошидан-охиригача 300 га яқин кузатувчи томонидан синчковлик билан кузатиб борилди. Улар орасида бешта халқаро ташкилот вакиллари, шунингдек, мамлакатимиздаги тўртта партиянинг 35 минг нафар вакили бор эди. Хусусан, МДҲ кузатувчилар миссияси якуний баёнотига кўра, Ўзбекистондаги сайлов Конституция, миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов андозаларига тўлиқ мувофиқликда ўтказилди. Сайловда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Каримов ёрқин ғалаба қозонди. Қатор хориж давлатлари ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ҳамда нуфузли жамоатчилик арбобларининг икки юзга яқин самимий табриклари "Халқ сўзи” газетаси саҳифаларида берилди.
Сайлов жараёнлари даврида бошқа йўналишлардаги ишлар ҳам изчил давом эттирилди. Хусусан, йил давомида "Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ҳаётга кенг татбиқ этилди. Шу мақсадда умумий миқдори 2,24 триллион сўм ва 225 миллион АҚШ доллари сарфланди. Бу маблағлар ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, жумладан, уларга кўрсатиладиган тиббий ва ижтимоий хизматлар даражасини ошириш, қарияларни соғломлаштириш ҳамда маданий ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш ва бошқа тадбирларга йўналтирилди. Уларнинг ичида тўққиз мингга яқини юз ёшдан ошган мўътабар кишилардир. Дунёнинг етакчи ахборот марказларидан бирининг ҳисоб-китобига қараганда, Ўзбекистон бу борадаги кўрсаткич бўйича дунёда олтинчи ўринда туради. Республикамизда олиб борилган чора-тадбирлар бутун дунё диққат-эътиборида бўлди. Чунончи, ёши катталарнинг ижтимоий муҳофазаси, уларни эъзозлаш ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар БМТ Бош Ассамблеяси сессиясининг расмий ҳужжати сифатида олти тилда, шунингдек, ЕХҲТда тарқатилди.
Ҳар доимгидек уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатилди. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан улар учун эсдалик юбилей медали таъсис этилиб, 9 май арафасида тантанали равишда пул мукофотлари билан бирга топширилди, турли тадбирлар уюштирилди. Таълим муассасаларида тинчлик дарслари ўтказилди. Ёш авлод вакилларига осойишталик, тинчликнинг қадри, фаровон турмуш кечиришнинг аҳамияти тушунтирилди.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Fалабанинг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Президентимиз Ислом Каримов Россия ва Хитой раҳбарлари таклифига биноан, ушбу мамлакатларга ташриф буюрди. Бу давлатимиз раҳбари йил давомида иштирок этган давлат, ҳукумат, халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан кўплаб учрашувлардан бир мисол холос.
Айтайлик, ўтган йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун мамлакатимизга расмий ташриф билан келди. Учрашувда у БМТ Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини алоҳида қайд этди. Юқори мартабали меҳмон Президентимиз билан учрашувда Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, таълим тизимини такомиллаштиришда улкан ютуқларни қўлга киритганини таъкидлади. Бир неча кундан сўнг мамлакатимизга Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах бошчилигида делегация ташриф буюрди. ХОҚ раҳбари пойтахтимиздаги спорт муассасалари билан танишиб, тинчлик-осойишталик, иқтисодий-ижтимоий тараққиёт, таълим ва ёшлар масаласига эътибор спорт ривожида муҳим ўрин тутишини, ана шундай муҳит ҳамда шароит туфайли Ўзбекистонда спорт жадал ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этди. Спортни ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришдаги буюк хизматлари учун мамлакатимиз Президентига Халқаро олимпия қўмитасининг медали, шунингдек, Ўзбекистонда ва Осиёда футболни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё олимпия кенгашининг мукофоти топширилди.
2015 йилда спорт соҳасида эришилган ютуқлар, чиндан ҳам, салмоқли бўлди. Биргина олимпия спорт турлари бўйича ташкил этилган жаҳон чемпионатларида атлетларимиз томонидан рекорд миқдорда — 14 та олтин медаль қўлга киритилди.
Янги йилга саноқли кунлар қолганда эса ўзбекистонлик машҳур футбол рефериси Равшан Эрматов "Дунёнинг энг яхши ҳаками” деб топилди ва унга нуфузли "Globe Soccer Awards — 2015” мукофоти топширилди. У давлатимиз раҳбари томонидан "Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Ўтган йил иқтисодий соҳада ҳам муваффақиятларга бой бўлди. Президентимиз томонидан 2015 йил 15 майда имзоланган "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. Зеро, мазкур дастуриламал ҳужжат натижалари ва самаралари қисқа вақт ичида ҳаётда ўз инъикосини топди. Жаҳон банки Ўзбекистонни ишбилармонлик муҳитини ислоҳ қилиш бўйича дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторига киритди.
Яна бир нуфузли тузилма — Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринга лойиқ кўрилди. Мазкур рўйхатда Ўзбекистон Ҳиндистондан уч, Хитойдан саккиз поғона юқоридан жой олди. Албатта, барқарор ўсиш суръатлари глобал молиявий инқироз ва салбий тенденцияларга қарамасдан, ана шундай юксак кўрсаткичларга эришишда ҳал қилувчи омил бўлди.
Халқаро ташкилотлар мутахассисларининг юқоридаги каби илиқ фикрларини тўлдирадиган биргина мисол: дунёнинг қатор давлатларида автомобиль саноати оғир вазиятга тушиб қолган бир пайтда Инвестиция дастурига мувофиқ, Хоразм вилоятидаги "GM Uzbekistan” заводида яна бир русумдаги автомашина ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Шундай қилиб, "Damas” ва "Orlando” моделлари қаторига "Labo” ихчам юк ташувчи транспорт воситаси қўшилди. Шунингдек, "Мароқанд — Қарши” темир йўл участкаси қурилиб, электрлаштирилди. Натижада Тошкент шаҳри ва Қашқадарё марказини боғлайдиган йўналишда "Afrosiyob” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиб, бу шаҳарлар оралиғидаги 511 километрлик масофани уч соатда босиб ўтиш имконияти яратилди. Ваҳолонки, илгарилари бунинг учун икки баробар кўп вақт кетарди.
Транспорт коммуникацияларининг жадал ривожланиши шарофати билан Буюк Британиянинг нуфузли "Экономист” журнали бўлинмаси — "Economist Intelligence Unit” (EIU) компанияси пойтахтимизни дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари рўйхатига киритди. Тошкент инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, таълим даражаси, атроф-муҳит сифати бўйича ҳам энг яхши шаҳарлар қаторидан жой олди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон фақатгина пойтахти билан фахрланмайди. Истиқлол йилларида диёримиздаги бошқа кўплаб шаҳарлар ҳам гуллаб-яшнамоқда. Хусусан, ўтган йили ёз фаслида Самарқандда ўнинчи марта "Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ташкил этилиб, унга дунёнинг 66 давлатидан меҳмонлар ташриф буюрди. Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур санъат форумининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидланганидек, биз уларни нафақат муҳтарам меҳмонларимиз, балки ўз халқининг қалби ва руҳини мусиқа орқали ифода этадиган, уларнинг эзгу орзу-истаклари ва саломини етказадиган тинчлик ва дўстлик элчилари, ўзимизнинг энг яқин ва азиз дўстларимиз сифатида қабул қиламиз ва шарафлаймиз.
Жаҳон эътирофига қайтарканмиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан "Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” мавзуида ўтказилган тадқиқот натижалари алоҳида диққатни тортади. Юртимизнинг барқарор тараққиёти, Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган аҳоли ҳаёт фаровонлигини изчил юксалтиришга қаратилган чуқур ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллади. Бу эзгу эътирофнинг нақадар ҳаққонийлиги, айниқса, халқимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигини кенг қарши олаётган пайтда яққол кўринди. Энг улуғ байрамимиз "Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган кенг кўламли тадбирлар билан кутиб олинди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида юртимиз барча соҳада қўлга киритган ютуқлар ҳақида фикр юритар экан, бунинг негизида, аввало, тинчлик ва осойишталикни сақлаб, азал-азалдан шундай фазилатларни кўз қорачиғидек асраб, ёш авлодимизни ана шу руҳда тарбиялаб келаётган халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақлу заковати, мустаҳкам иродаси мужассам эканлигини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар ўтган йилда эришилган ижобий натижалардан биридир. Бу кузда қишлоқ хўжалиги мавсуми якунида яна бир бор ўз тасдиғини топди. Бошқача айтганда, Президентимиз деҳқон ва фермерлар, сувчи, агроном ва механизаторларни, барча дала меҳнаткашларини ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича шартнома мажбуриятларини адо этгани учун самимий муборакбод этди. Улар томонидан ўтган йилда 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тонна пахта, 14 миллион 500 минг тоннага яқин сабзавот ва полиз, 4 миллион 300 минг тонна боғдорчилик маҳсулотлари етиштирилди.
Яқин ўтмишда асосий озиқ-овқат маҳсулотларини четдан сотиб олган Ўзбекистон аграр сектордаги кенг кўламли ислоҳотлар шарофати билан уларни экспорт қилувчи етакчи давлатга айланди. Бу бозор ва дўконларимиздаги файзу баракани, нарх-навонинг меъёрида бўлишини таъминлашга катта ҳисса бўлиб қўшилди. Шуларга мос ҳолда республикамиз эришаётган муваффақиятлар, техник ва технологик ютуқлар ўтган йили олти ой давом этган ҳамда 140 дан ортиқ давлат қатнашган "Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмасида кенг намойиш қилинди. Унда Ўзбекистонга тегишли павильонда мамлакатимиз тараққиёти, улкан иқтисодий салоҳияти, қулай инвестиция муҳити, замонавий транспорт ва туризм инфратузилмаси, бой маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи "Қуёш таъми” концепцияси тақдим этилди. Унга 700 мингга яқин киши ташриф буюрди.
Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси — юртимиз билан глобал иқтисодий жамоатчилик ўртасида самарали ҳамкорлик мулоқотини ўрнатувчи яна бир майдонга айланди. Ўн биринчи бор ташкиллаштирилган ушбу тадбирда мингга яқин экспертлар, олимлар, трейдерлар, қирқдан зиёд мамлакатлар компаниялари ва фирмаларидан вакиллар қатнашди. Унинг якунида 700 минг тонна ўзбек пахта толаси ва маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 800 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги шартномалар имзоланди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг муддати иштирокчиларнинг илтимоси билан узайтирилди. Яъни ўтган йил октябрь — ноябрь ойларида тўққизинчи бор ташкил этилган мазкур форумда 20 минг турдан зиёд маҳсулотлар тақдим қилинди. Пировардида 11,5 триллион сўмлик шартномалар имзоланиб, 8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги экспорт келишувларига эришилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро инвестиция форуми ҳам истиқболли лойиҳалар портфелини кўпайтириш имконини берди. Икки кун давом этган нуфузли тадбирда 33 мамлакат фирма ва компаниялари, инвестиция фондлари ҳамда банклар, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа етакчи халқаро иқтисодий ҳамда молия институтларининг 560 вакили, олимлар, экспертлар нафақат ялпи мажлисларда иштирок этди, балки пойтахтимиз, Бухоро, Самарқанд, Навоий ва Фарғона вилоятларидаги саноат объектларига ташриф буюрди. Халқаро анжуман доирасида умумий қиймати 12,4 миллиард долларлик 100 дан ортиқ битим ва меморандумлар имзоланди.
Мухтасар айтганда, мазкур ютуқлар улкан бунёдкорлик ишларининг навбатдаги босқичига асос бўлиши, шубҳасиз. Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси эса барчамизни ана шу янги марралар сари илҳомлантирди. Зотан, айнан унда "Соғлом она ва бола йили” дея эълон қилинган 2016 йилнинг аниқ мақсадлари ўз ифодасини топди. Энг муҳими, "Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, деган эзгу ғоя ҳаётимизда чуқур қарор топиб, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланди. Давлатимиз раҳбарининг "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Унда янги йилда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган 12 та устувор вазифа белгилаб берилди.
...Ҳар биримиз янги умидлар ва орзулар билан тақвимга назар ташлаймиз. Сўнгги пайтларда ижобий ўзгаришларга ўрганиб қолдик. Шундай экан, кириб келган йилдан ҳам қувончли воқеаларга бой, лиммо-лим фаровон ҳаёт кутамиз. Бинобарин, мамлакатимиз тақдирига ишонч ва масъулият билан ёндашган ҳолда, улкан ишларни амалга оширишга ҳамиша тайёрмиз. Президентимиз мард ҳамда танти халқимиз бундай юксак муваффақиятларнинг ижодкори ва бунёдкори эканлигини бежиз таъкидламади.
Зеро, мустақил тараққиётнинг тўғри танланган йўли, оқилона раҳбарлик, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти янги ғалабалар, ўзгаришлар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч учун пухта пойдевор яратади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: