Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Электрон ҳукумат тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

"Электрон ҳукумат тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 18 ноябрда қабул қилинган Сенат томонидан 2015 йил 3 декабрда маъқулланган

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади электрон ҳукумат cоҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

электрон ҳукумат — давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими;

давлат хизмати — ариза берувчиларнинг сўровларига кўра амалга ошириладиган, давлат органларининг вазифаларини бажариш бўйича улар томонидан кўрсатиладиган хизмат. Агар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш функциялари бошқа ташкилотлар зиммасига юклатилган бўлса, улар ҳам давлат хизматини кўрсатишлари мумкин;

сўров — ариза берувчининг давлат хизмати кўрсатилиши тўғрисида давлат органларига юбориладиган талаби;

ариза берувчи — давлат органига сўров билан мурожаат этган жисмоний ёки юридик шахс;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш — давлат органлари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари воситасида маълумотлар алмашиш;

электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари — ҳар бир жисмоний ва юридик шахсга, кадастр ва кўчмас мулк объектларига, географик ва бошқа объектларга бериладиган, уларни электрон ҳукуматда идентификациялаш имконини берувчи ноёб кодлар;

электрон давлат хизматининг регламенти — электрон давлат хизмати кўрсатишга доир тартибни ва талабларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат;

электрон давлат хизмати — ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда кўрсатиладиган давлат хизмати.

4-модда. Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари

Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш;

ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш;

ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базаларини, Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантириш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида «бир дарча» принципини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш

жараёнларида, шунингдек давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш;

тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш;

нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш.

5-модда. Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари

Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги;

электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши;

«бир дарча» принципи бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш;

давлат органларининг ҳужжатларини бирхиллаштириш;

электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш.

6-модда. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги принципи

Давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилади.

Ариза берувчиларга электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги ахборот оммабоп ва очиқдир ҳамда у электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ариза берувчи сўровининг кўриб чиқилиши ҳолати ва хизматлар кўрсатилиши натижалари тўғрисидаги ахборотни тегишли хабарларни электрон шаклда юбориш йўли билан унинг талабига кўра тақдим этади.

7-модда. Электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари барча ариза берувчиларнинг электрон давлат хизматларидан тенг равишда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.

8-модда. «Бир дарча» орқали электрон давлат хизматлари кўрсатиш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи бундай хизмат кўрсатиш учун бошқа давлат органларида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиши талаб этиладиган ҳолларда электрон давлат хизмати кўрсатиш «бир дарча» принципи бўйича амалга оширилади, бунда электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи мазкур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, ариза берувчининг иштирокисиз идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш воситасида олади.

9-модда. Давлат органларининг ҳужжатларини бирхиллаштириш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш чоғида, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш жараёнида фойдаланиладиган давлат органлари ҳужжатлари электрон давлат хизмати кўрсатиш доирасида бошқа давлат органлари томонидан сўралаётган ахборотнинг ушбу ҳужжатлардан чиқариб ташланиши ҳисобга олинган ҳолда ўзаро бирхиллаштирилиши керак.

Ҳужжатларни бирхиллаштириш бевосита давлат органлари томонидан электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган билан биргаликда амалга оширилади.

10-модда. Электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш чоғида, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш жараёнида электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланилади.

Ахборотни электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базаларида, шунингдек электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг ахборот тизимларида ва ахборот ресурсларида сақлаш ҳамда унга ишлов бериш электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари рўйхати, уни шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тартиби, шунингдек ариза берувчининг ўзи тақдим этган идентификаторга мувофиқлигини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

11-модда. Электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби такомиллаштириб борилиши, шу жумладан қуйидаги йўллар билан такомиллаштириб борилиши шарт:

давлат органларининг ортиқча маъмурий тартиб-таомилларини бартараф этиш ва (ёки) бирлаштириш ҳамда келишиб олинадиган вазифалари сонини камайтириш;

ариза берувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириш;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни мақбуллаштириш;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини қисқартириш.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши шарт.

12-модда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари электрон давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари шахсга доир маълумотлар, шунингдек давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар муҳофаза қилинишини ва улардан рухсатсиз фойдаланишнинг олди олинишини таъминлаш юзасидан зарур ташкилий-техник чоралар кўради.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг ахборот тизимларида ва ахборот ресурсларида сақланадиган шахсга доир маълумотлардан улар қайси ариза берувчига тааллуқли бўлса, ўша ариза берувчининг розилиги билан уларга ишлов бериш, уларни узатиш ва олиш учун фойдаланилади, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.

2-боб. Электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

13-модда. Электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширувчи органлар

Электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ва бошқа давлат органлари амалга оширади.

14-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

электрон ҳукумат соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

электрон ҳукуматнинг шакллантирилишини ва ишлашини унинг асосий принципларига мувофиқ таъминлайди;

Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини юритиш тартибини белгилайди;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимининг ишлаш тартибини белгилайди;

электрон давлат хизматларини кўрсатишда электрон давлат хизматлари кўрсатувчи бир нечта давлат органи иштирок этадиган бўлса, ўша электрон давлат хизматларининг регламентларини тасдиқлайди;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолаш услубиётини, шунингдек электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли органнинг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли органдир.

Электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида:

электрон ҳукумат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

электрон ҳукуматни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини амалга оширади;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади;

давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

электрон ҳукумат соҳасидаги мониторингни амалга оширади, электрон давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳисобот материалларини шакллантиради ва уларга ишлов беради;

электрон ҳукумат инфратузилмасининг марказий маълумотлар базаларига, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимига, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига, Маълумотларга ишлов бериш марказига ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига тааллуқли қисмининг ишлаб туришини таъминлайди;

электрон давлат хизматлари кўрсатилиши сифатини, шунингдек электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларига эришилиши даражасини баҳолайди;

ахборотни тўплаш, сақлаш, унга ишлов бериш, уни узатиш ва алмашиш бўйича стандартлар ҳамда техник талаблар асосида электрон ҳукуматнинг техник асосини шакллантириш чора-тадбирларини кўради;

кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

электрон давлат хизматларининг регламентлари келишиб олинишини амалга оширади;

Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантиради ва юритади;

электрон ҳукумат ахборот тизимларининг ва ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

электрон ҳукумат соҳасида давлат органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил қилишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукуматни ривожлантиришга инвестициялар жалб этилишини таъминлайди;

электрон ҳукумат соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

16-модда. Давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатлари

Давлат органлари ўз ваколатлари доирасида:

электрон ҳукумат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

электрон ҳукумат соҳасида ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг, шунингдек электрон давлат хизматларининг жорий этилишини, ривожлантирилишини ҳамда интеграциялашувини таъминлайди;

ўзларининг фаолият соҳасига мувофиқ электрон давлат хизматларининг регламентларини ишлаб чиқади ва электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда уларни тасдиқлайди;

ўзи кўрсатадиган электрон давлат хизматлари Электрон давлат хизматларининг ягона реестрида рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди;

 

электрон давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратади, шу жумладан имконияти чекланган шахсларга зарур шарт-шароитлар яратади;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олган ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг узлуксиз ишлашини таъминлайди;

ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради;

электрон ҳукумат соҳасида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чораларини кўради;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларига ва бошқа дастурларга узвий боғлиқ ҳолда ахборот тизимларини, ахборот ресурслари ва тармоқларини ривожлантиришнинг идоравий режаларини (дастурларини) ишлаб чиқади;

ўз расмий веб-сайтларининг доимий ишлашини, шунингдек уларда электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги ахборот эълон қилинишини таъминлайди;

ўз таркибий бўлинмаларида ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини таъминлайди;

электрон давлат хизматлари кўрсатилишининг бориши тўғрисидаги ахборотнинг ариза берувчилар томонидан ўзаро ҳамкорликнинг турли шакллари орқали олиниши имкониятини таъминлайди;

электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади.

Давлат органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

17-модда. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида электрон ҳукуматни ривожлантириш

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ривожлантириш дастурлари электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар билан ўзаро боғлиқ бўлиши керак.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари электрон давлат хизматларини жорий этиш, идоралараро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш ло

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: