Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ТЕСТДАГИ ЎЗГАРИШЛАР: кўп сонли абитуриентларни қийнаётган саволлар

ТЕСТДАГИ ЎЗГАРИШЛАР: кўп сонли абитуриентларни қийнаётган саволлар

2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан 2019-2020 ўқув йили учун Олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича квоталар тасдиқланди. Унга кўра, республика миқёсида бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

*кундузги таълимга – 80430 нафар;

*сиртқи таълимга – 19985 нафар;

*кечки таълимга – 1985 нафар талабаларни қабул қилиш белгиланди.

*Магистрлар учун эса бу йил 7695 та ўрин ажратилди.

Бу йил олий таълим тизимида, айнан қабул масаласида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Президентимизнинг мазкур қарорида республика миқёсида 18180 та жой грантга, 62250 та жой тўлов-контракт учун ажратилди. Эътиборли ва муҳим жиҳати эса бу йилги қабул квоталари ўтган йилги қабул квоталарига қараганда 20 фоиз кўп. Бу дегани жорий ўқув йилида 120 мингдан ортиқ абитуриентнинг талаба бўлиш имконияти бор. Олий таълимга қаратилаёган бундай эътибор, бир жиҳатдан, турли соҳаларда малакали кадрларнинг етишмовчилиги сабаб шу йўналишда кўпроқ мутахассис тайёрлаш зарурати бўлса, бошқа томондан фуқароларнинг айниқса, ёшларнинг билимли ва олий маълумотли бўлиш даражасини ошириш баробарида олимларни етиштириб чиқариш ва кўплаб аҳолининг бандлигини таъминлашдан иборатдир.

Дарҳақиқат, бу йилги қабул жараёнларига кўпгина ўзгаришлар киритилди ва бу янгиликларнинг барчаси фуқароларнинг олий таълимга янада кўпроқ жалб қилишга, уларга бу борада енгиллик ва имкониятлар беришга қаратилган.

Айтиш жоизки, сиртқи таълим бўйича ўтган йилгига нисбатан кўпроқ олий таълим муассасаларига квота берилди.

Жорий йил 46 та таълим муассасаси сиртқи таълим бўйича талабаларни қабул қилади.

Магистратурага қабул бўйича жорий этилган бир қанча ижобий янгиликларни эса алоҳида тилга олиш керак. Магистратура учун ОТМларга 7695 та жой ажратилган бўлса, шундан 4131 таси давлат гранти, 3564 таси тўлов-контракт асосида. Бу ерда сезиларли равишда магистратура учун давлат грантига жойлар кўпайтирилганлигини кўриш мумкин. Қабул квоталари ҳақидаги мазкур қарорда айрим олий таълим муассасалари алоҳида келтирилганки, уларда магистратурага фақат давлат гранти асосида жой ажратилган.

Бундан кўзланган мақсад эса, илмий изланиш қиладиган, илмни юксалтирадиган, ёшларни тарбиялашдан иборатдир.

Муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йил 24 майда Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам айнан илмни ривожлантириш, ёшларни шу йўналишга кўпроқ жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Қарор билан бу йил 60 та олий таълим муассасасига магистратура учун қабулни амалга оширишга имконият берилаяпти. Шунингдек, илгари фақат турдош йўналишлар бўйича бакалавриат битирувчиларининг магистратурага ўқишга топшириш имконияти мавжуд бўлган бўлса, бу йилдан турдош бўлмаган йўналишлар кесимида ҳам магистратурага топшириш имконияти мавжуд. Масалан, педагогика йўналишини тамомлаган бакалавр, юридик университетига магистратурага ҳужжат топшириши мумкин.

2019-2020 ўқув йилида 3 та йўналиш бўйича мақсадли қабулни амалга ошириш кўзда тутиляпти. Бу соғлиқни сақлаш, маданият ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари. 2013 та ажратилган квотанинг ҳаммаси давлат гранти асосида. Бу чекка ҳудудларда кадрлар етишмовчилиги масаласини ҳал этиш учун ҳам 11 та олий таълим муассасаси мақсадли қабулни амалга оширади.

Кўп абитуриентларни бир савол қийнайди. Қачон тест бўлади? Имтиҳонлар июль, август ойларида бўлиб ўтиши ҳаммамизга маълум. Мазкур қарор билан имтиҳон ўтказиладиган аниқ саналар белгилаб берилди.

Бу йил республикамиз ҳудудида 25 июлдан 20 августгача тест синовлари бўлиб ўтади. Яна бир янгилик, бу йилдан 16 та янги таълим муассасасига қабул бошланди. Булардан 8 таси маҳаллий ОТМ лар бўлса, 8 таси хорижий ОТМлардир.

Яна бир муҳим жиҳат, ўтган йили тест ишлаб чиққан абитуриент эртаси куниёқ, талаба бўлган ёки бўлмаганлигини билиши мумкин эди. Бу ўқув йилидан бундай тартиб ўзгарди. Сабаби, абитуриент учта йўналиш учун тест топширганидан кейин эртасига дарҳол жавобини чиқариб беришнинг имкони бўлмайди, албатта. Чунки, битта таълим муассасасининг жавоби чиқмай туриб, наригисини аниқлаб бўлмайди. Бунда йўналишлар бўйича тўпланган баллар бевосита бир-бирига боғлиқ. Абитуриентнинг ўзи неча балл олганини эртаси куниёқ билади, лекин талабаликка тавсия этилдими йўқми, буни аниқлаб бўлмайди.

Мамлакатимиз бўйича барча имтиҳон жараёнлари тугайди. Охирги муддат 20 август деб белгиланган бўлса, шундан бир ҳафта ўтиб, Давлат тест марказининг расмий сайти орқали жавоблар эълон қилинади.

Яна бир эътибор берадиган жиҳат, олий ўқув юртларига бу йил асосий квотадан ташқари жами 16 фоиз қўшимча квоталар ажратилди. Яъни:

*5 фоиз ҳарбийларнинг фарзандларига;

*5фоиз ҳарбий хизмат ўтаб имтиёз олганларга;

*3фоиз Ички ишлар ходимлари фарзандларига;

*2фоиз ногиронларга;

*1фоиз чин етимларга.

Шунингдек, ҳарбий хизматни ўтаганлик имтиёзига эга абитуриентлар учун мазкур қарор билан алоҳида квоталар ажратилди. Бу дегани улар алоҳида квота бўйича ўқишга қабул қилинади. Бошқа абитуриентларнинг ўқишга кириш имкониятига бу ҳолат таъсир кўрсатмайди.

Бундан ташқари, жорий ўқув йилида бир қанча олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилганлиги ҳақида ҳам Ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги 488 ҳамда 489-сон қарорлари билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогига университети ва Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиаллари ташкил этилди.

Талабалик бахти билимли абитуриентларга насиб этади. Шундай экан, улкан довон олдида турган талабаликка талабгор ёшларга омад ҳамроҳ бўлсин, деймиз!.

 

Райҳон ҚОДИРОВА, туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: