Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / БИЛИМ, ҒАЙРАТ, ШИЖОАТ БОР, УНДА!

БИЛИМ, ҒАЙРАТ, ШИЖОАТ БОР, УНДА!

Инсон умрининг энг шаҳоматли, энг саодатли ва гўзал даври – бу унинг ёшлик йилларидир.

Ёшлик даври ҳаётнинг баҳор фасли, тилла бир давр ҳисобланади. Кўплаб ёшлар ёшлик давридаги фурсатлардан олий даражада фойдаланиб, муваффақиятларга эришадилар. Ана шундай ёшлар Учқудуқ туманида ҳам кўплаб топилади. Улардан бири Зуҳриддин Сирожовдир.

Зуҳриддин Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан. 2015 йилда Навоий давлат кончилик институтини металлургия мутахассислиги бўйича тугатган. Йўлланма билан ШКБ 3-гидрометаллургия заводига ишга юборилган. Даставвал, 3 – цехда аппаратчик бўлиб ишлади. Бу ерда цех бошлиғи Бахтиёр Қандахоровдан иш ўрганди, тажриба тўплади.

Орадан бир йил ўтар-ўтмас марказий лабораториянинг технологик тадқиқотлар гуруҳи лабораториясида оксидлаш аппаратчиси бўлиб ишни давом эттирди. Лабораторияда анчагина тажриба орттирди, раҳбарлар эътиборига тушди. Ҳозирда технологик тадқиқотлар гуруҳи раҳбари вазифасида фаолият кўрсатмоқда. Устозлари Одина Мирзаева, Дилфуза Шарафутдиновалардан мураккаб таҳлиллар, мураккаб тадқиқотларда аниқлик ва тезкорликни ўрганди.

-Марказий лабораторияни – заводнинг кўз гавҳари деб аташади. Яна иқтисодий натижани аниқлаб бергани боис, корхона келажаги лабораторияга боғлиқ дейишади. Шунинг учун ҳам ҳеч бир мутахассиснинг бу муҳим босқичда хато қилишга ҳаққи йўқ. - дейди Зуҳриддин Сирожов.

Тадқиқотлар гуруҳида 30 нафар ходим бор. Тоғ маъданлари таркибидаги қимматбаҳо металларни ажратиб олиш усуллари бўйича тадқиқот ишларини олиб борадиган жамоага завод бош инженери ўринбосари Аваз Каломов ўз маслаҳатларини беради. Иш жараёнида бир команда бўлиб тадқиқотлар ўтказадилар, таҳлиллар олиб борадилар, хулосалар берадилар.

Зуҳриддин мамлакат аҳамиятига молик комбинатда ишлаётганидан, ҳалол ризқ топаётганидан, элу юрт фаровонлигига ҳисса қўшаётганидан мамнунлигини яширмади. Шу билан бирга завод директори Қаҳрамон Ғафуров, бош инженер Шуҳрат Нарбадаловга чин дилдан ҳавас қилишини, улардек етук мутахассис бўлиб, ўз касбидан ҳурмат-эътибор қозонишни мақсад қилган.

-Бугун ёшларга кенг ва тенг имкониятлар яратилган,- дейди қаҳрамонимиз. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳар ишда фаол, ёшларни ўз ортидан эргаштира олмоқда. Кўплаб спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этмоқда. Меҳнат муҳофазаси, китобхонлик бўйича турли танловлар ўтказилиб, ғолиблар тақдирланиб борилади. Бу ҳам иш унумдорлигининг ортишига хизмат қилади.

Зуҳриддиннинг волидаи муҳтарамаси Роҳила Соҳибова кутубхоначи бўлганлигидан-ми, китоб мутолаасига иштиёқи баланд. Заводда ташкил этилган кутубхонанинг янада кенгайтирилаётганидан, адабиётлар билан бойитилиб, ўқиш учун шароитлар яратилганидан хурсандлигини айтди. Отаси Намоз Соҳибов ҳайдовчи, укалари Фахриддин ҳарбий, Ҳусниддин эса Бухоро давлат педагогика университетида таҳсил олади.

Турмуш ўртоғи Дилсора Рўзиева билан ширин оила қурган Зуҳриддин жонажон корхонасидаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида тўлиб-тошиб гапираверди, биз эса тинглайвердик. Унинг қиёфасида ёшлик шижоатини, улкан ўзгаришларга юз бураётган элнинг ғурурли ёшларини кўрдик. Ва келажагимиз – билимли, ғайратли ёшлар қўлида эканлигидан кўнглимиз тоғ қадар юксалди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: