Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       

ЮРАКДАГИ ВАТАН!

Ватанни ҳар ким ўз қалбининг ўлчовлари билан севади. Матёқубнинг эса она Ватанга, ризқ-рўз ундираётган корхонасига бўлган меҳру-муҳаббати янаям бошқача. Жон-жонидан ишига меҳр қўйиб, устозу шогирдлари дилида ўз ишига ҳавас уйғотиб севади – Ватанини!

Асли Навбаҳор туманида туғилган Матёқуб Рўзиев 2003 йилда Навоий давлат кончилик институтини металлургия мутахассислиги бўйича тугатган. Йўлланма билан Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводига ишга келади. У заводнинг майдалаш цехида тегирмон-машинисти вазифасида иш бошлаган.

Янги технология билан ишлайдиган BIOX цехи фойдаланишга топширилган 2008 йилда завод маъмур-ияти Матёқубга ишонч билдириб биооксидлаш участкасига мастер қилиб тайинлашди. Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳридаги BIOX технологияси билан ишлайдиган заводда 40 кун давомида тажриба орттириб қайтган М.Рўзиев 2013 йилда участкага раҳбарликка кўтарилди.

Дунёда сульфидли маъданларни қайта ишлаш ҳамжми бўйича биринчи ўринда турадиган мазкур BIOX цехида ишлаётганидан мамнунлигини бот-бот такрорлаган қаҳрамонимиз бугунги кунда тайёр маҳсулот олишда катта тафовутлар кўзга ташланмаётганидан хурсандлигини билдирди. Яна денг, бу бутун бир завод жамоасининг ҳар бир мутахассису ишчи-ходимларнинг ўз ишига сидқидилдан ёндошаётганидан, билим ва тажрибалари муттасил ошиб бораётганидан далолатдир, деди суҳбатимиз давомида.

Устозлари Қаҳрамон Ғафуров, Комилжон Тошпўлатов, Қаҳрамон Тилавовдан касбининг сир-асрорларини ўрганган бўлса, ҳамкасблари Бобир Эшпўлатов ва Ихтиёр Тошев билан ҳар ишда ҳамфикр, ҳаммаслак.

"Меҳнатда синалган элда азиз” деганларидай ҳалол меҳнати, тиришқоқлиги, ўз ишини пухта ўзлаштиргани боис, Рахимжон Содиқов, Дониёржон Тошев сингари ёшлар Матёқуб Рўзиевни ўзларига устоз билишади.

Шунингдек, Кенжабой Рахмонов, Азизжон Раззоқов, Бекдулло Ҳакимов, Ҳазрат Ёдгоров, Элёр Қодиров, Зокиржон Худойқуловлар BIOX цехи биооксидлаш участкасининг фидоий ишчи-ходимларидандир.

7 ака-ука вояга етган катта оиланинг иккинчи фарзанди Матёқуб Рўзиев отаси Кенжа Рўзиев, онаси Ҳамида Гуловалардан ҳалоллик, тўғрисўзлик, жонкуярлик, элу-юртга садоқат каби фазилатларни андоза қилиб олган. Ўзидан катта акаси Иноят Рўзиев қурувчи, опалари оила аталмиш қўрғоннинг бекалари бўлишса, икки нафар укаси халқ хўжалигининг турли жабҳаларида меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг бари ота-оналари сингари эзгуликка йўлдош бўлиб умргузаронлик қилмоқдалар.

Шубҳасиз, уйида тинчлик-хотиржамлик, ўзаро меҳр-оқибат ҳукмрон бўлган Матёқубнинг ишида ҳам унум бор. "Аёл эркак зотининг буюк мураббийсидир!”, деган эди француз ёзувчиси А.Франс. Турмуш ўртоғи Феруза Бичурина билан ҳамкасб. У ҳам Навоий давлат кончилик институтини тугатиб, ҳозирда 3-гидрометаллургия заводида инженер бўлиб ишламоқда. Қизи Дилдора 3-мактабнинг 3-синфида таҳсил олса, ўғли Руслан Кенжаев 3-МТМ тарбияланувчиси.

Ҳа, Матёқуб Рўзиев ҳали ёш бўлишига қарамай ўзига берилган умрнинг, севимли ишда ишлаш сингари "имкон” нинг қадрига етади. Нияти, энг катта мақсади ўзи севиб ардоқлаган Ватанга хизмат қилиш, элу-юртига омонлик тилашдир!

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: