Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ЯНГИ ҚУВВАТЛАР, ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

ЯНГИ ҚУВВАТЛАР, ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Кон-металлургия саноатининг равнақ ва қудрати илғор технологияга эга бўлиш билангина эмас, балки уни муттасил такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятига ҳам боғлиқ бўлади. Бугун комбинат тизимида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви жараёнида янги инновацион ғояларга асосланган стратегик лойиҳалар жорий этилаётганлиги ўзининг юксак самарасини бермоқда. Шимолий кон бошқармаси 3- гидрометаллургия заводидаги янгиланишлар бунинг яққол далилидир.

Қизилқум олтинга бой маъданларнинг оксидли ҳамда сульфидли турлари билан характерланади. 1995 йили Учқудуқда бунёд этилган 3-гидрометаллургия заводи оксидли маъданларни қайта ишлаш мақсадида ташкил этилган эди. ХХI аср бошларига келиб оксидли маъданларнинг захиралари камайиб бориши сабабли 2008 йилдан бошлаб сульфидли маъданларни тоғ-кон саноатида қайта ишлаш технологияси татбиқ этилди. Мураккаб технологик жараённи ўзига қамраб олган бактериялогик оксидлаш жараёни мамлакатимиз кончилик саноати тарихида янги саҳифа бўлиб кирди. Ушбу биоксидлаш технологияси дунёда ишлаб чиқариш қуввати бўйича энг йириги ҳисобланади. Унинг аҳамияти эса эндиликда иқтисодийгина эмас, ижтимоий, сиёсий ва стратегик мезонлар билан ўлчанмоқда.

Қизилқумликлар шууридаги ифтихорни кузатар экансиз, барча-барчаси корхонадаги ўзгаришларга ҳамқадам эканлиги ҳар бир лойиҳа инсон манфаатига хизмат қилаётганлигига гувоҳ бўласиз.

Муҳтарам Президентимиз томонидан Навоий кон-металлургия комбинатида 2017-2026 йилларда қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган дастурлар доирасида 3-гидрометаллургия заводида ҳам қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Кокпатас ва Даугизтау олтин конлари маъданларини қайта ишлаш технологиясини янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа "Ўзгеорангметлити” институти ҳамда Германиянинг "Инжиниринг Доберсек” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Германия технологияси учун 70 млн. АҚШ доллари, лойиҳага сарфланаётган умумий қиймат эса 114 млн. АҚШ долларини ташкил қилади. Юқори технологик ушбу мажмуа ҳозирда фойдаланишга топширилиш арафасида.

Бир йилча аввал қурилиши бошланган мазкур мажмуанинг лойиҳалаштириш ишларида иштирок этган комбинатимизнинг муҳандис-технологлари, олимлари унинг кон-металлургия саноатида катта ўзгаришларни бошлаб беришига ишонишгани мажмуанинг салобати ва иқтисодий аҳамияти билан янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Объектни қурилишида иштирок этган Зарафшон қурилиш бошқармасининг ишчи-ходимлари бу борада катта тажрибага эга эканликларини амалда исботладилар.

Юқори технологик ечимларга эга ушбу мажмуа гидрометаллургия заводининг олтинга бой маъданларини қайта ишлаш имкониятини оширади. Янги лойиҳа амалга ошиши эвазига қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилади.

Бугун заводда дунё кончилик амалиётида ноёб ва мураккаб технология сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш орқали олтин ажратиб олиш самарали эканлиги ўзини исботлади. Эътиборли жиҳати, ушбу ноёб технологияни ишлаб чиқаришга тез ва сифатли татбиқ этилишида илмий изланишларни олиб борган Улуғбек Эргашев техника фанлари докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Олимнинг ишлаб чиқариш ва фан уйғунлигида олиб борган илмий изланишлари хорижнинг кўплаб илмий-оммабоп журналларида катта қизиқишга сабаб бўлди.

-Мажмуанинг ишга тушиши бизларнинг мутахассис сифатида ўзимизни синаб кўришда ҳаёт йўлимизни топишда жуда катта мактаб бўлди, - дейди комбинат бош технологи Улуғбек Эргашев. – Иккинчи томондан аҳоли бандлигини таъминлаш, Учқудуқнинг эртанги кунини белгилашга катта ёрдам беради.

Яқин келажакда мазкур корхонада ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ҳар бир цехни сўнгги технологиялар билан қайта жиҳозлаш доимо устуворлик касб этаётир. 2018 йил сентябрь ойида майдалаш цехидаги тегирмон блоклари ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш мақсадида завод мутахассислари изланишлари натижасида ишлаб чиқариш унумдорлиги 10 фоизга ошди. Бу ўз навбатида хомашёни суткасига 21 минг тоннагача қайта ишлаш имконини бераяпти. Шу сабабли заводда маъданни қайта ишлаш қуввати 6,8 миллион тоннага етди. Ўсиш суръати 2017 йилга нисбатан 102,1 фоизни ташкил этди. Жорий йилда эса маъданнни қайта ишлаш кўрсаткичи 7,3 миллион тоннага етказиш кўзда тутилмоқда.

Ўтган йили флотация цехининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида, флотация занжирларининг 1 ва 2 – сонли назорат қилиш блокларидаги "RСS” аэроционли, яъни ҳаво тақсимлагич мажмуалари замонавий "РИФ” мажмуасига алмаштирилди. Пировардида занжирлардаги флотацион қурилмалар илк бор сўнгги авлод технологиялари асосида қайта тикланди.

Бутун дунё биооксидлаш жараёнида бўтана кўпикларининг реакторларидан тошиши глобал муаммо бўлиб келаётган даврда, 3 гидрометаллургия заводининг муҳандислари бу муаммони ечиш йўлида кўпгина изланишлар олиб бориб сўндириш тизимини ишлаб чиққан ҳолда ушбу муаммога чек қўйишди.

Сорбция жараёнида суюқликдан олтин ажратиб олиш схемаси такомиллаштирилди ва кенгайтирилди.

-Ишлаб чиқаришда қайта ишланган флотация чиқиндиларини қуюқлаштириш жараёни такомиллаштирилди. Бу эса сув ҳавзасига тушаётган саноат чиқиндиларининг зичлигини ошириш орқали сув сарфини қисқартирмоқда, дейди завод бош технологи Жасур Бердиев.

Юқорида келтирилган мисолларни яна давом эттириш мумкин. Асосийси, ёш мутахассислар меҳнат қилаётган ушбу заводнинг келажаги порлоқ, ишлаб чиқариш қудрати янада ошишига ишончимиз комил. Боиси, қаерда илм-фанга асосланган аниқ ҳисоб-китоблар мавжуд бўлса, ўша ерда тараққиёт бўй кўрсатаверади.

Алишер РАЖАБОВ,

ШКБ 3-гидрометаллургия заводи бошланғич ёшлар иттифоқи етакчиси.

Суратда: ШКБ 3-гидрометаллургия заводи ходимлари германиялик ҳамкорлари билан.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: