Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       

РЎЗА УЛУҒ ИБОДАТ

Ҳамма нарса синов келганда билинади – дўстлик ҳам, муҳаббат ҳам. То синовгача ҳамма ўз муҳаббати, дўстлиги ҳақида лоф ураверади...”

Менга бу сўзларни айтган одам қанчалар ҳақ экан. Бугун, рамазонярмиданўтган, вақт асрдан ўтиб шомга яқинлашаётган бўлса-да жазирама иссиқ озгина ҳам пасаймаган шу сонияларда ўйлаяпман. Томоғим қақраб кетяпти, нимага қарамай сув бўлиб кўринади. Қачон шом бўларкин?..

Астағфируллоҳ, нималарни ўйлаяпман? Бу – миннатми? "Бандаларимнинг одамлар кўзи тушгулик барча ишлари (намоз ўқиш, хайр-эҳсон қилиш, закот беришлари) ўзлари учун, тутадиган рўзалари эса Мен учун. Бинобарин, унинг мукофотини Ўзим бераман”.

Шу ҳолимда, нафсим мен билан аёвсиз олишиб, муздай сувдан қониб-қониб ичишга ундаётган, ўзим ҳам шунга мойил бўлиб турганим бир пайтда бу ҳадисни ёдимга солган Улуғ Зотга ҳамду санолар бўлсин!..

Шомдан сўнг...

Ҳақиқатан ҳам ҳамма нарсанинг қадри синов келганда билинаркан. Бир дўстимнинг таъбири билан айтганда, "олдин ҳам рўза тутяпмиз деб юрган эканмиз, ҳақиқий рамазон энди бўляпти”.

Араб тилини яхши биладиган дўстим рамазон сўзи маъносига ҳам ишора қилди, шекилли. Чунки рамазон арабча "ар-рамад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда ошиб кетишини, "ар-рамдо” эса қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради. Имом Замахшарий айтганларидек: "Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги ёки ўзига хос хусусиятга аҳамият қилишган. Рамазон ойи йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида "рамазон” деб аташган”.

Кўп нарсалар ҳикматини шу рамазонда тушуниб етаётгандекман. Масалан, шу пайтгача:"Рўзадор учун икки қувонч бор: бири – оғиз очганида, иккинчиси – рўза тутиб, ёруғ юз билан Аллоҳга йўлиққанида”, деган ҳадисни кўп бора ўқиганман. Ифторлик қувончини ҳам кўп бор ҳис қилганман, аммо... бу рамазондагичалик эмас. Ҳар гал оғиз очганимда қониб сув ичарканман, унинг томирларимга, вужудимга қувват бўлиб ёйилаётганини сезиб тураман ва бошқа рамазондагилардан фарқли равишда дил-дилимдан айтаман Расулуллоҳ (с.а.в.)дан мерос муборак жумлаларни:"Гуноҳ кетди, томирлар ҳўлланди ва, иншааллоҳ, ажр собит бўлди”.

Ҳар куни оғиз очарга муздай чой, шарбатлар тайёрлаб қўядиган аҳли аёлимга миннатдор боқарканман:"Рўзадорга ифтор уюштириб берган одам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савобни олади”, деган ҳадис ёдимга тушиб, ичим ёришади.

Бандамиз, ожизмиз, бунинг устига ишхонада ҳар хил муомала-муносабат... Жаҳлим чиққанида ташналикдан оғзим қуриб, жумлаларни келиштира олмаслигимдан хижолат чекиб эмас, урушмоқчи бўлаётганим ҳамкасбим ҳам худди мендек рўзадор эканини, қийналаётганини ўйлаб, ғазабим шафқатга айланади. Муборак жумлалар хаёлимдан ўтади:"Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Қувонаман – яна бир ҳикмат...

"Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Аллоҳнинг ваъдаси – ҳақ! Шу кунгача бирор мушкуллик билмадимки, у билан бирга ёруғлигини ҳам кўрмаган бўлсам.

Илоҳи, Ўзинг бизни синовларга қодир қилгайсан. Улуғ фазлу марҳаматинг билан ифторликдаги севинчларни бутун борича ҳис этиш бахтини насиб қилдинг. Насиб этажагинг иккинчи қувонч, улуғ шодлик, мўмин дилнинг энг ширин орзуси – Улуғ Кунда Дийдорингга етишиш саодатидан умидвормиз. Бизга бу рамазонни ҳам муборак ва хайрли қил, Раббим!

Абдижалол ТУРДИЕВ,

"Қизилқум” жмомеъ-масжиди имом-хатиби.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: