Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / СИЗГА ТАЪЗИМ, СИЗГА ЭҲТИРОМ!

СИЗГА ТАЪЗИМ, СИЗГА ЭҲТИРОМ!

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди. Жумладан, Учқудуқ туманидан ҳам ўша 1941-1945 йиллардаги қирғинбарот урушга 421 нафар мард ва жасур йигитлар отланиб, уларнинг 172 нафари ҳалок бўлди. Юзга яқин ёш навқирон учқудуқликлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтдилар.

Мана шундай қутлуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало уруш майдонларидан қайтмаган юртдошларимизнинг хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз.

9 май куни туман марказидаги "Хотира” хиёбонида "Сизга таъзим, сизга эҳтиром!” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда бу эзгу амал янада кўпроқ намоён бўлди. Шу куни бу ерга барча корхона-ташкилотлар, ўқув муассасалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари тўпландилар.

Туман ҳокими Соли Хамроев фронт орти меҳнат фахрийларини, кекса нуронийларни, туманимиз аҳлини 9 май – Хотира ва қадрлаш умумхалқ байрами билан қутлади.

"Аслида ҳам бугунги дориломон кунларимиз учун курашган нуронийларимиз ҳар қанча эъзозга, ҳар қанча эҳтиромга лойиқдирлар. Уларнинг бугун орамизда мана шундай нуроний бўлиб, дуогўй бўлиб юришларининг ўзи биз учун албатта катта бахт, катта давлатдир.

Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиманки, кексаларимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг маиший шароитларини яхшилаш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиши, нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эъзозлаш ва ардоқлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолаверади” деди ўз табрик сўзида туманимиз раҳбари.

Айтиш мумкинки, бу йилги тадбир ҳар қачонгидан кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Эрта тонгданоқ, "Хотира” хиёбонига тўпланган учқудуқликлар бу ерда ҳарбий парад, ҳарбий қурол-аслаҳалар намойишини томоша қилдилар. "Солдат кашаси”дан татиб кўрдилар.

Туман ҳокими С.Хамроев Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, тинчлик учун, авлодлар келажаги учун жон фидо қилган юртдошлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Шу куни "Мотамсаро она” ҳайкали пойи алвон гулларга бурканди.

Хиёбонга туташ "ОАЗИС” кафесида тўкин дастурхон ёзилиб, кексаларимизга эҳтиром кўрсатилди.

Байрам тадбирида "Учқудуқ” ва "Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоалари ижросида куй-қўшиқлар янгради.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: