Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ХОТИРА – МУҚАДДАС, ҚАДР – АЗИЗ!

ХОТИРА – МУҚАДДАС, ҚАДР – АЗИЗ!

Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан туман аҳлига байрам табриги

Ассалому алайкум, ҳурматли учқудуқликлар, азиз меҳнат фахрийлари ва тадбир иштирокчилари!

Бугун биз юртимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрамларидан бири, шарқона қадриятларимиз, урф-одатларимизнинг тимсоли бўлган 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаяпмиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва Сизлар орқали туманимиздаги барча меҳнат фахрийларини, кекса нуронийларни, туманимиз аҳлини "9 май – Хотира ва қадрлаш куни” байрами билан самимий табриклайман!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, "Мана шу қутлуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало уруш майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз. Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб бугун орамизда соғ-саломат бўлиб юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз” деган сўзлари барчамизни Сиз уруш ва меҳнат фахрийларининг жасоратингиз, чеккан заҳматли меҳнатларингиз олдида таъзим қилишга, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналар қилишга, мустақилликдек азиз неъматнинг қадрига етишга ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга чорлайди, албатта.

Дарҳақиқат, фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг ҳам мардонавор ва салмоқли ҳиссаси борлиги унутилмас ҳақиқатдир. Буни ҳар биримиз чуқур англашимиз, қалбимиздан ўтказишимиз шарт ва зарур.

Негаки, ўша пайтда Ўзбекистонда6,5 миллионхалқ яшаган бўлса, урушда1,5 миллионданкўпроқ одам қатнашган. Жумладан, Учқудуқ туманидан 421 нафар киши фронтга отланган бўлса, шундан 172 нафари оила бағрига қайтмади. Бу мудҳиш урушга сафарбар қилинганларнинг қарийб учдан бири жанг майдонларида ҳалок бўлганлигини эслаш ниҳоятда оғир албатта.

Ҳа, бугун ана шундай инсонлар хотираси олдида бош эгамиз, уларнинг буюк жасорати дилларимизда мангу яшайди.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Ҳозирда туманимизда 8 нафар уруш орти меҳнат фахрийлари ҳаёт гаштини суриб, ўша оғир кунларнинг бетимсол гувоҳи сифатида биз билан ёнма-ён яшаб келаётган эканлар, сизу бизнинг асосий вазифамиз уларни асраб-авайлаш, оғирини енгил қилиш ва ибратли ҳаёт йўлларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборатдир.

Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, туманимизда "Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият”, "Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Кенг жамоатчилик вакиллари томонидан туманимиздаги 8 нафар фронт ортида жасорат кўрсатган меҳнат фахрийлари, 50 нафардан ортиқ пиру бадавлат нуронийлар, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

Аслида ҳам бугунги дориломон кунларимиз учун курашган нуронийларимиз ҳар қанча эъзозга, ҳар қанча эҳтиромга лойиқдирлар. Уларнинг бугун орамизда мана шундай нуроний бўлиб, дуогўй бўлиб юришларининг ўзи биз учун албатта катта бахт, катта давлатдир.

Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиманки, кексаларимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг маиший шароитларини яхшилаш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиши, нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эъзозлаш ва ардоқлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолаверади.

Ҳурматли ва муҳтарам фахрийлар!

Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман!

Дунёдаги энг катта бахт – фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш ҳар бирингизга насиб этсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: