Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Гиёҳвандлик балоси – аср вабоси!

Гиёҳвандлик балоси – аср вабоси!

Маълумки, ер юзи бўйлаб гиёҳвандлик балоси асримиз вабоси сифатида тез суръатлар билан кенг миқёсда тарқалиб бормоқда.

Ислом дини барча кўрсатмалари одамлар орасида ўзаро меҳр-муҳаббат инсоф-адолат, эзгулик, одоб-ахлоқ ҳамкорликни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсонни жамият равнақига ўз ҳиссасини қўшишга катта эътибор беради.

Афсуски, ҳозирги кунда бутун ер юзи бўйлаб "гиёҳвандлик балоси – аср вабоси” сифатида кенг тарқалиб бормоқдаки, гиёҳвандлик шариат асосларига хилоф бўлгани учун инсоннинг имони ва динига зиён етказади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз (сав)ни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:

"... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”.

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Шунингдек, у инсон соғлиғини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиш унга фойдадир. Саҳобалардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

"Пайғамбар (сав) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.

Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани, бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Ҳудди шу ҳадисда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир. Бошқа бир ҳадисда:

"Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”.

Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик эса, охири ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладиларки:

"Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”.

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса исломга зид амалдир. Пайғамбар (сав) марҳамат қилганларки:

"Исломда ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир”.

Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб, барбод қилса, худди шунингдек шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга мажбур этади. Охир оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Ҳолбуки, ҳеч ким Аллоҳ таолодан ўзига ато этилган мол дунёсини исроф қилишга ҳаққи йўқ. Унинг ноўрин ерларга ишлатишидан ва беҳуда бўлишидан сақлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Зеро, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур.

Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи ҳаммаларимизга мададкор бўлсин!

Абдижалол ТУРДИЕВ,

"Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: