Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ТАҚДИРГА ТАН БЕРГАН МАЛИКА

ТАҚДИРГА ТАН БЕРГАН МАЛИКА

Робия султонбегим тахминан 1432 — 1433 йилларда Мирзо Улуғбекнинг Қутлуғ Нигор оға исмли аёлидан туғилган. У ўзининг ақл-заковати, иффати, ҳусн-латофати билан тез орада тилга тушган.

Тарихчи Амриддин Бердимуродовнинг маълумот беришича, Абулхайрхон ва Абусаиднинг бирлашган қўшинлари 1451 йилнинг ёз ойларида Самарқандга қўшин тортадилар. Жанг пайтида Мирзо Абдулло ҳалок бўлади. Абу Саид эса Самарқанд тахтига ўтиради. Абулхайрхоннинг кўмагида ҳокимиятни эгаллаган Абусаид у билан қариндошлик муносабатларини янада яхшилаш мақсадида хоннинг Хонзодабегим исмли қизига уйланади, амакиваччаси Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия султонбегимни эса ўз валинеъматига узатади.

...Робия султонбегим ота юрти Самарқандни ташлаб Абулхайрхон билан унинг пойтахти Сиғноққа, Дашти қипчоқ томон йўл олади. Зотан унинг тақдирга тан беришдан бошқа чораси қолмаганди. У Абулхайрхон билан 18 йилга яқин ҳаёт кечирди, унга Кучкунчихон ва Суюнчхўжа исмли икки ўғил туғиб берди.

Абулхайрхон 1468 йилда унга қарши фитна уюштираётган Жонибекхон ва Керейхонга қарши юришга отланган чоғида вафот этади. Эрининг вафотидан сўнг Робия султонбегим қолган умрини Туркистонда ўтказиб, Аҳмад Яссавий мақбараси ва марҳум эрининг даҳмаси яқинида яшади.

XVI аср бошларида Марказий Осиёда ҳукумат Абулхайрхон авлодидан бўлган Шайбонийлар қўлига ўтади. 1510 йилда Шайбонийхон Эрон Сафавийлари ҳукмдори Шоҳ Исмоилдан енгилиб, қатл этилганидан сўнг Самарқанд тахтига унинг амакиси, Робия султонбегимнинг ўғли Суюнчхўжа ўтқазилади. Вазият тақозосига кўра тахтга ўтирган Суюнчхўжа 1512 йилда оилада катта фарзанд бўлган акаси Кучкунчихонга Самарқанд тахтини бўшатиб берди ва ўзи Тошкент ҳокимлигини эгаллади.

Гарчи икки ўғли ота-боболари юртини қайта қўлга киритган бўлишса-да, Робия султонбегимга Самарқандни яна кўра олиш насиб этмади. У 1485 йилда 53 ёшида вафот этди. Маликани фарзандларининг отаси Абулхайрхоннинг хоки қўйилган Туркистонда, буюк мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавийнинг мақбараси олдида дафн этишди.

Саккиз қиррали хонада Робия султонбегимнинг қабри устида ўрнатилган мармартошда араб тилида қуйидаги сатрлар битилган:«Бу файзли оромгоҳда покдомон, меҳрибон, Аллоҳ гуноҳлардан фориғ этган Робия султонбегим — Улуғбек Кўрагон қизи ётибди. Шаҳид этилган қудратли ва улуғ ҳукмдор Мирзо Улуғбек қудратли султон Шоҳрух Мирзонинг ўғли эди. У эса улуғ амир, соҳибқирон Амир Темурнинг ўғлидир. Аллоҳ уларнинг қабрига то қиёматга қадар ўз нурларини ёғдирсин. Марҳуманинг фоний дунёдан боқий оламга сафар қилиши ҳижрий 890 йилнинг сўнгги ойларида юз берди. Унга Аллоҳнинг шафқати ва марҳамати ёғилсин!».

...Мазкур обида Туркистон халқлари бошига тушган кўплаб қора кунларнинг ҳам шоҳиди бўлди. Хусусан, Черняев, Скобелев сингари саркардалар айнан шу мақбара ёнидан от чоптириб ўтдилар, қадимий ва бетакрор шаҳарларимизни ўққа тутдилар. Ана шу босқинлар ва талотўплар сабабли Аҳмад Яссавий мақбараси ҳам, унинг рўпарасида турган Робия султонбегим мақбараси ҳам харобага айланди. Кейинчалик, орадан йиллар ўтиб, бу қадимий обидалар ҳам таъмирланди.

Бугун буюк аждодларимиз хоки ётган бу тарихий обидалар кўҳна ва навқирон Туркистоннинг ҳуснига худди узукка кўз қўйгандек ярашиб турибди. Мақбара атрофида кезаркансиз, унда аллақандай файзли сокинликни ҳис этасиз.

Фарида НУРМУРОДОВА тайёрлади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: