Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ҚАДРИЯТИ БИР, МАҚСАДИ МУШТАРАК! икки халқнинг яқин қўшничилик муносабатларида янги давр бошланмоқда

ҚАДРИЯТИ БИР, МАҚСАДИ МУШТАРАК! икки халқнинг яқин қўшничилик муносабатларида янги давр бошланмоқда

Баҳорнинг сарин эпкинлари поёнсиз кенгликларга ажиб бир нашида бахш этиб турган шу кунларда қизилқум яйловларидаги кўклам сурурини таърифлашга тил ожиз, қалам ожиз.

Бир томонда – яшилланган заминнинг кумушмавжларида бамисоли сузиб бораётган туялар, биялар уюрлари... Бир томонда – табиат қўли-ла гилам янглиғ чайқалиб турган гулу-лолалар... Бир томонда - ўтов ташқарисида ўтириб, кўнгил туйғуларини қўлидаги дўмбираси билан оламга ёяётган ўланчи йигит...

Баҳорнинг зеболанган майин шамоли кезиб юрган айни кунларда Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаев билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг дўстона ўтказган мулоқотларини телевизор орқали кўриб, "Ўзбекистонда Қозоғистон йили”нинг очилиши муносабати билан ўтказилган концерт дастурида иштирок этиб тўғриси, кўнглим беҳад қувончга тўлди. Албатта-да, тили, дини, қадриятлари бир бўлган халқни бир-биридан ажратиб бўлармиди?!

Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатларида янги даврни бошлаб берган бу тарихий, шу сўзни яна бир бор таъкидлагим келди — тарихий учрашув икки халқ қалбига янги сурур бахш этди. Мулоқотлар чоғида дўст мамлакатлар ўртасида ҳам савдо-сотиқ, ҳам иқтисодий, ҳам маданий муносабатлар ҳамда санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик янги юқори босқичга кўтарилажаги таъкидланди.

Шунингдек, икки давлат ўртасида Қозоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантлар ва Ўзбекистон Республикасидаги Қозоғистон Республикасининг фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида Битим имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазирлиги ўртасида "Марказий Осиё” савдо-иқтисодий халқаро марказини ташкил этиш масаласи бўйича англашув Меморандуми қабул қилинди.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари минтақа мамлакатларининг Орол денгизи ҳавзасида аниқ дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича молиявий ва иқтисодий институтлар, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш йўли билан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.

Ўтган йилдан бошлаб икки мамлакат шаҳарлари орасида транспорт алоқаларининг йўлга қўйилгани айниқса, бир-бирига қадрдон, қуда-анда юрт одамларини беҳад мамнун қилди. Куни-кеча яна бир йўналиш Самарқанд-Туркистон, Туркистон-Самарқанд йўналишида автобус қатнови йўлга чиққани бу қадимий ва тарихий шаҳарларга сайёҳлар оқимини кўпайтириш имконини беради.

Мен қозоқ-ўзбек биродарлигини, дўстлигини чек-чегараси йўқ уммонга ўхшатаман. Агар менга бу дўстлик, қардошлик борасида гапир десалар, қалбим тубидаги зилол булоқ кўзини очиб юборасиз. Чунки? ўзбек ва қозоқ дўстлиги азалий ва абадийдир. Ўзбек ҳамиша қозоқ биродарини «жигарим», деб ардоқлайди, қозоқ ўзбекни «ўз оғам», дея эъзозлайди.

Аллома шоиримиз Ғафур Ғулом бир-бирига эш бу икки халқни бир китобнинг икки саҳифасига ўхшатади. Маш­ҳур қозоқ оқини Асқар Тўқмағамбетов эса икки халқ биродарлигини тавсифлаб, ўз шеърида «Бир дарахтнинг сояси тушга қадар меники, тушдан кейин сеники», дея лутф этади.

Ҳа, ўзбек ва қозоқ эли орасида жаҳон халқлари ҳавас қилса, ибрат олса арзийдиган теран аҳиллик, тотувлик шаклланган.

Бугун икки давлат ўртасида имзоланган шартномалар, келишувлар абадий дўстлигимиз пойдеворини янада мустаҳкамлайди, халқларимиз ҳаёти бунданда фаравонлашувига хизмат қилади.

Райҳон ҚОДИРОВА,

халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзМТДП депутати.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: