Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Давлатимиз раҳбари ўтказган видеоселектор йиғилишида Тошкентдаги 7 та туман солиқ инспекцияси раҳбари ишдан олинди

Давлатимиз раҳбари ўтказган видеоселектор йиғилишида Тошкентдаги 7 та туман солиқ инспекцияси раҳбари ишдан олинди

Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичлар бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Биринчи чоракда мамлакат бўйича бюджет тушумлари тўлиқ бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп ижро этилган. Чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режага нисбатан 1 триллион 253 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиб, ҳудудлар ихтиёрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.

Маҳаллий бюджетда қанча кўп даромад бўлса, долзарб бўлган ижтимоий масалаларни шунча тезкорлик билан ҳал қилиш мумкин, деди давлат раҳбари. Қўшимча маблағлар, жумладан, «Бешта ташаббус», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ичимлик суви», «Ҳар бир оила тадбиркор» каби давлат дастурларини жойларда тизимли амалга ошириш, халқнинг даромадини кўпайтириш ва ҳаётини яхшилаш учун зарур бўлади.

Шавкат Мирзиёев ушбу вазифани ҳамма раҳбар ҳам бирдек англаб етмаётганини кескин танқид қилди. Жумладан, бюджетга жами тушумлар прогнози 9 та туман ва шаҳарда бажарилмаган.

Айниқса, Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан 7 тасида жами тушум прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди.

Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарларини бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Бундай ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам қайд этилган. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушум прогнози бажарилмаган бир қатор туман ва шаҳар солиқ идоралар раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди.

Жорий йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони қарийб 5 бараварга ошган. Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари самарали тоашкил этилмаганлиги сабабли ушбу тизимга янги ўтган 26 мингта корхонадан 9 мингтаси тегишли солиқ ҳисоботларини топшира олмаган.

Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат солиқ қўмитасига бир ой муддатда халқаро экспертлар билан бирга Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бюджет тушумларини таъминлашдаги асосий тўсиқлардан бири иқтисодиётда норасмий фаолиятнинг сақлниб қолинаётганидир. Шавкат Мирзиёев бу борадаги ишлар натижалари мутлақо қониқарли эмаслигини таъкидлади. Шу сабабли бу борада қабул қилинган дастурий чораларни жонлантириш топширилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юқорида таъкидлаб ўтилган муаммолар ўз вақтида бартараф қилинса, йил охирига қадар бюджетга қўшимча камида 6 триллион сўм тушишини таъминлаш мумкин.

Жумладан, жорий йил иккинчи чорагида Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 200 миллиард сўмдан, Қашқадарёда 170 миллиард сўм, Андижонда 140 миллиард сўм, Қорақалпоғистонда 130 миллиард, Фарғонада 100 миллиард, Самарқанд ва Наманганда 80 миллиард сўмдан, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда 60 миллиард сўмдан, жами қарийб 2 триллион сўм бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконияти мавжуд.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: