Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ИСТЕЪДОД ВА ИҚТИДОР УЙҒУНЛИГИ

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: ИСТЕЪДОД ВА ИҚТИДОР УЙҒУНЛИГИ

Юртимизда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти камолга етиб келаётган қизларимизнинг ижодий, интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳар бир вилоятдан таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган икки нафардан иқтидорли қизга берилиши аҳамиятга моликдир. Ҳужжатга мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофотини 22 дан 30 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга тақдим этилиши, ёш чегарасининг узайтирилганлиги фан-таълим соҳасида илмий изланишлар билан шуғулланаётган олима қизлар учун кенг имкониятларни яратмоқда.

Яқинда Юртбошимизнинг қарорига мувофиқ аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун бир қатор қизлар мазкур юксак давлат мукофотига сазовор бўлишди. Улар орасида таълим йўналишида ғолиб бўлган Навоий давлат кончилик институтининг 4-босқич талабаси Рухсора Абдуллаева ҳам бор.

— Ютуқларим замирида бир фоиз истеъдод бўлса, қолган тўқсон тўққиз фоизи меҳнат самарасидир. Устозларимнинг ўгитларига амал қилган ҳолда фан ва таълим соҳасида бўлаётган янгиликлардан доимо хабардор бўлиб келаман. Мен институтда аниқ фанларни ўзлаштириш билан бир қаторда, талабалар ва уюшмаган ёшлар ўртасида "Ёшлар навоси” ансамблини ташкил этдим, — дейди Рухсора Абдуллаева.

Зулфияхоним қизларининг ўзига хос ижодий-интеллектуал салоҳияти, фаол турмуш тарзи улғайиб келаётган ёш қизлар учун ибрат мактабидир. Рухсорахоннинг изланишлари, интилишлари билан институтда ташкил этилган "Табиатнинг ўзи табиб” фитобар ўқитувчи-талабаларнинг саломатлигини яхшилашга ёрдам бермоқда. Р.Абдуллаева илмий изланишдан тўхтамайди. У икки йилдан буён Россия, Германия, АҚШ, Япония каби давлатларда ўтаётган халқаро илмий анжуманлар ва танловларда иштирок этиб, сертификат соҳиби бўлди ҳамда илмий мақолалари тўпламларга киритилди. У институтнинг энерго-механика факультети электр-энергетика кафедраси катта ўқитувчиси Нодир Атауллаев раҳбарлигида "Шамол энергетикасидан фойдаланишни янада такомиллаштириш” мавзусида илмий тадқиқот ишини олиб бораяпти.

— Хабарингиз бор, шамол энергетикаси барча энергия манбалари ичида энг арзони ҳисобланади. — Шу боис кўплаб ривожланган мамлакатларнинг ушбу муқобил энергия манбасига қизиқиши катта. Ҳозирда денгиз ёки океан билан чегардош Буюк Британия, Франция, Германия каби давлатлар минглаб километрга чўзилган шамол генераторларига эга. Агар бизнинг юртимизда ҳам мавжуд ресурслардан унумли фойдаланилса, саноат ва турли ишлаб чиқариш объектларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қисман қондирган бўлардик. Шу мавзуда олиб бораётган илмий изланишларим яқин орада амалиётга жорий этилса, иқтисодий самарадорликка эришилади, — дея фикрлайди у.

Демак, кон-металлургия саноати ривожи йўлида илмий изланишларини давом эттираётган ёш олима қизимиз Рухсорахон келажакда соҳада етук мутахассис бўлиб вояга етмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: