Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Тошкентдаги Пушкин ҳайкали Рус миллий маданий маркази илтимосига кўра кўчирилмоқда

Тошкентдаги Пушкин ҳайкали Рус миллий маданий маркази илтимосига кўра кўчирилмоқда

Тошкентдаги Александр Пушкин ҳайкали Рус миллий маданий маркази илтимосига кўра бошқа жойга кўчирилади. Бу ҳақда 10 август, душанба куни ташкил этилган брифинг вақтида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Ҳусан Эрматов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» .



Фото: Газета.uz

«Рус миллий маданий маркази Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳайкални кўчириш таклифи билан чиқди», — деди у. Ҳокимлик ҳайкални «Ўзбекенгилсаноат» компанияси (собиқ Театр майдони) олдидаги майдонга кўчиришни таклиф қилди. Бу ер кенг, салқин, бир вақтнинг ўзида кўп одам бўла олади, бу ҳолат эса турли тадбирларни ўтказиш учун қулайдир.

Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Азамат Тўхтаевнинг сўзларига кўра, ҳайкал «Ўзбекенгилсаноат» ҳамда Бобур ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасидаги катта фаввора оралиғидаги хиёбон марказига жойлаштирилади. «Бу ерда чиройли хиёбон бўлади. Пушкин даври муҳитини яратиш режалаштирилган — даврга хос фонарлар, ўриндиқлар ўрнатилади, турли вариантлар тайёрланган; атрофдаги ҳудуд ободонлаштирилади», — деди Азамат Тўхтаев.

«Янги жойдаги 4,5 гектарлик майдон исталган тадбирни ўтказиш имконини беради (ҳозирги Пушкин хиёбони 1,5 гектар майдонни эгаллаган). Бу ерда тахминан 300 автомобилга мўлжалланган катта автотураргоҳ бор, мактаб ўқувчиларини автобусларда олиб келиш мумкин. Эски майдонда эса бунинг ҳеч қандай имкони йўқ», — деди у.

«Буюк рус шоирининг ҳайкали борича кўчирилади, фақат бироз баландроқ шоҳсупага ўрнатилади. Ҳайкалнинг ўзи кўп ҳам баланд эмас — атиги 6,35 метр. У реставрация қилинади, чунки ўтган ўн йиллар давомида сезиларли жабр кўрган. Атрофда дам олиш жойлари, Пушкин қаҳвахонаси бўлади, шунингдек, унинг асарлари қаҳрамонлари шарафига ишланган ҳайкалларни ўрнатиш режаси бор. ‘Ўзбекенгилсаноат’ биносида эса Пушкин номли кутубхона, музей ва дўкон учун жой ажратилади», — деди Азамат Тўхтаев.

«Тошкентда Александр Сергеевич Пушкинни асраб-авайлашади, ўқишади, ҳурмат қилишади. Ҳар йили 6 июнь куни биз унинг ҳайкали олдида йиғилиб, пойига гуллар қўямиз, унинг шеърларини ўқиймиз, у ҳақда сўзлашамиз, уни ёдга оламиз. Бу ҳар доим Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Рус миллий маданий маркази, турли жамоат ташкилотлари, ўқув муассасалари иштирокида ташкил этилади», — деди Рус миллий маданий маркази раиси Александр Аристов.

«Пушкин ҳайкалининг ҳозирги жойлашуви унчалик ҳам қулай эмас. У, биринчидан, автомобиллар оқими катта бўлган икки йирик йўл кесишувида жойлашган, майдоннинг ўлчами эса унда катта тадбирларни ташкил этиш имконини бермайди. Ваҳоланки, бундай тадбирлар кўлами каттароқ бўлганда ажойиб иш бўларди. Шу сабабли ҳам биз ҳайкални айнан шу мақсадлар учун қулай бўлган бошқа жойга кўчириш илтимоси билан ҳокимликка мурожаат қилдик», — деди у.

«Таклифимизни қабул қилишди. Ҳайкални Шота Руставели ва Бобур кўчалари чорраҳасига кўчириш таклиф қилинмоқда, уларнинг иккиси ҳам буюк адабий намоёндалардир. Шундай қилиб, Тошкентда ажойиб адабий бурчак пайдо бўлмоқда. Бу ерда жой етарли, серсоя, фаввора ҳам бор… Ўйлашимча, бу тошкентликлар ва шаҳримиз меҳмонлари учун яхши совға бўлади», — деди Александр Аристов.

Ҳайкални кўчириш ишларини Ўзбекистон Мустақиллиги кунигача (1 сентябрь) якунлаш режалаштирилган. Пушкин ҳайкалининг ҳозирги ўрнида эса хиёбон сақлаб қолинади. 10 август, душанба куни соат 16:00 даги ахборотга кўра, хиёбонда ҳайкални ўрнидан олиш бўйича ишлар бошланган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: