Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан туманимиз аҳлига табриги!

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан туманимиз аҳлига табриги!

Ассалому алайкум, азиз учқудуқликлар!Қадрли юртдошлар!

 

Юртимизга қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган баҳор, яшариш ва янгиланиш айёми, шарқона янги йил дебочаси бўлмиш Наврўзи олам билан туманимиз аҳлини самимий муборакбод этаман!.

Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир.

Ҳар йили бу байрамни аждодларимизнинг боқий мероси, қолаверса, мустақиллик туфайли қайта туғилган бебаҳо қадрият сифатида қадрлаймиз, келишини интиқлик билан кутамиз ва умумхалк байрами сифатида, кўтаринки кайфиятда кенг нишонлаймиз.

Дарҳақиқат, баҳорнинг илк байрами, қут-барака, мурувват каби эзгу инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган, тун билан кун тенг бўладиган шарқона янги йил туфайли эски гиналар унутилади, муҳтожлар ҳолидан хабар олинади, уларга беминнат ёрдам кўрсатилади, табаррук отахону онахонларимизнинг дуосини олишдек эзгу ишлар амалга оширилади.

Зеро, Наврўз ғояларида минг йиллар давомида безавол сақланиб келаётган халқимизнинг қадимий урф-одат ва анъаналари мужассам.

Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ қайта тикланган Наврўз байрами Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро Наврўз байрами сифатида тан олингани миллий қадриятларимизнинг инсоният тамаддуни ривожига қўшаётган улкан ҳиссасининг яна бир бор эътироф этилишидир.

Азиз дўстлар!

Мамлакатимиз Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг яна бир ташаббуси билан амалга оширилаётган "Обод қишлоқ” дастури элимиз учун ҳаётбахш аҳамиятга эга. Чунончи, ушбу дастур доирасида "Мингбулоқ”, "Йўлчилар”, "Шалхар” овул фуқаролар йиғинларида 15 млрд. 200 млн. сўм маблағ сарфланиб кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилади.

Бунда 11, 12-сонли умумий ўрта таълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади, 3 та сунъий қопламали спорт майдонча, 2 та маҳалла биноси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилади. 2 та қишлоқ врачлик пункти биноси капитал таъмирланиб, замонавий кўриниш касб этади.

Шунингдек, 5 км. асфальт қопламали ички йўллар қурилиб, кўча бўйлаб замонавий ёритиш тизимлари ўрнатилади. Эътиборлиси, "Шалхар” овулида 100 ўринли мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилади.

Дастур доирасида барча овуллардаги эски ёғоч электр таянч устунлари ўрнига янгидан темир-бетон устунлари ва электр узатиш қопламали симларга алмаштириш ишлари якунланмоқда, трансформаторлар жорий таъмирдан чиқарилади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг"2016 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган инвестиция дастурига асосан 4 млрд. 700 млн. сўм эвазигатуман марказида 125 ўринли мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилмоқда.

Муассаса чет тилларига ихтисослаштирилган бўлиб, ана шундай шукуҳли Наврўзи айём кунларида кичкинтойлар ихтиёрига топширилади.

Яна бир мактабгачага таълим муассасаси "Йўлчилар” овулида Навоий кон-металлургия комбинати ДКнинг 8 млрд. 500 млн. сўм маблағи ҳисобига қад ростламоқда. 160 ўринли мактабгача таълим муассасаси кичкинтойлар интелектини ривожлантиришга, соғлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган энг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланади.

Инвестиция давлат дастурига мувофиқ, 20-сонли умумий ўрта таълим мактабига 420 ўринли қўшимча бино 3 млрд.750 млн. сўм маблағ ҳисобидан қурилиб, янги ўқув йилида ўқувчиларни ўз бағрига олади.

Яна бир муҳташам иншоот - сунъий кўл туман марказида Навоий кон-металлургия комбинати ДК нинг 13 млрд. сўмлик маблағи ҳисобидан барпо этилмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар муҳтарам Президентимизнинг "Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”, деган сўзларининг ҳаётдаги амалий ифодаси, сўз билан иш бирлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Қадрли юртдошлар!

Бугунги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончини кўриб, осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна бир бор англаймиз. Юртимизда рўй бераётган ўзгаришу янгиликлар кўклам, Наврўз каби ҳаётимизга, кўнглимизга илиқлик бахш этмоқда.

Мен фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг барча фаоллари номидан Сиз, азиз учқудуқликларни яна бир бор Наврўзи олам билан қутлаб, табаррук отахон ва оналаримизнинг умрлари узоқ бўлсин, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизнинг кўнглидаги пок ниятлари ижобат бўлсин, дейман!

Хонадонларимиздан меҳр-оқибат, файзу барака аримасин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: