Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Наврўз Учқудуққа бу йил ўзгача келади

Наврўз Учқудуққа бу йил ўзгача келади

Қизилқум чўллари азалдан "Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” маконга қиёсланган. Ёзининг жазирамаси қум барханлари билан товонни куйдирса, қаҳратон қишнинг бўрон шамоллари кўзларни очиришга қўймайди. Қизилқумнинг бу икки фасли бошқа ҳудудлариникидан анча фарқ қилсада, БАҲОРи кечикмай, интизор этмай, ўзгача бир эпкин билан кириб келади. Саксовуллар панасида индигина ниш отган кўкликни биринчи пайқайдиган чўлларнинг эркатойлари қўйю-қўзилар, тиллари учига олиб маъраганларича чўлга баҳор келгани ҳақида жар солишади. Чунки баҳор бу ўлкаларга йил бўйи келадиган бараканинг биринчи хабарчиси саналади. Баҳорга қараб бу ерда йил бўйи ўтадиган тирикчилик белгиланади. Шунинг учун қизилқумликлар қатори 30 дан ошиқ миллат ва эллат истиқомат қилаётган Учқудуқ тумани аҳолиси баҳорни, Наврўзни ўзгача шодиёна билан нишонлашади.

2019 йил 16 март куни Учқудуқ шаҳри ҳудудида ўтказилган Наврўз тантаналари туман аҳлига миллий қадриятларга нисбатан ғурур, халқимизга хос инсонпарварлик, меҳмондўстлик, саҳоватпешалик, меҳр-оқибат каби туйғуларни яна бир карра шакллантиришга қанот бўлди, десак муболаға бўлмайди. Эрта тонгданоқ ШКБ Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг бир гуруҳ ёшлари карнай-сурнай садолари остида шаҳар бўйлаб юриб, жарчилик қилиб учқудуқликларни байрам тантаналарига таклиф этишди.

 

 

"Учқудуқ” маданият уйи, "Лочин” спорт мажмуаси қошида Наврўз – умумхалқ байрами юқори савияда ўтказилди. Байрамда шаҳар аҳолиси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳмонлар ва ёшлар фаол иштирок этди.

Байрамни туман ҳокими С. Ҳамроев очиб берар экан, Наврўзни халқимиз йил боши санашини, унинг билан йил бўйи қилинадиган ишларнинг режаси тузилишни таъкидлади. Бу йилги Наврўз туманимизга ўзгача шукуҳ, бунёдкорлик билан ташриф буюряпти,-деди туман ҳокими. Мамлакатимиз Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган "Обод қишлоқ” дастури доирасида бу йил Учқудуқ туманининг "Мингбулоқ”, "Йўлчилар”, "Шалхар” овул фуқаролар йиғинларида 15 млрд. 200 млн. сўм маблағ сарфланиб кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилади. 2 та қишлоқ врачлик пункти биноси капитал таъмирланиб, замонавий кўриниш касб этади. Бу йилги Наврўз "Йўлчилар” овули аҳолисининг неча йиллик орзусини амалга оширади. Бу овулда Навоий кон-металлургия комбинати ДКнинг 8 млрд. 500 млн. сўм маблағи ҳисобига160 ўринли мактабгача таълим муассасаси қад ростламоқда.

Яна бир муҳташам иншоот - сунъий кўл туман марказида Навоий кон-металлургия комбинати ДК нинг 13 млрд. сўмлик маблағи ҳисобидан барпо этилмоқда. Ва бу мажмуа тез кунларда учқудуқликларнинг энг севимли масканларидан бирига айланади.

 
 
ШКБ Ахборот Хизмати

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: