Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "Учқудуқ" газетаси хабар қилади: КАТТА МАРРАЛАРНИ КЎЗЛАБ!

"Учқудуқ" газетаси хабар қилади: КАТТА МАРРАЛАРНИ КЎЗЛАБ!

Мен жуда ёшлигимдан спортнинг пауэрлифтинг тури билан мунтазам шуғулланаман. Қатъий ва узлуксиз меҳнатларим самарасида ҳозирда 16 карра Ўзбекистон рекордсмени, 4 карра Осиё чемпиони, 2 карра жаҳон чемпиониман.

2014 йилда пауэрлифтинг бўйича Осиё мамлакатлари орасида рекорд ўрнатдим ва ўтган 4 йил давомида ҳали бирор бир давлат спортчиси ушбу рекордни янгилай олмади.

Мен бу эришган ютуқларим билан чегараланиб қолмадим. Ҳозирги кунда ўз устимда қаттиқ ишлаб, мураббийларим кўмагида жорий йилнинг май ойида Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига пухта тайёргарлик кўрмоқдаман. Ўз олдимга катта мақсадни қўйганман. Бу ҳам бўлса, Осиёда ўрнатган шахсий рекордимни ушбу чемпионатда янгиламоқчиман.

Бугун юртимизда биз ёшларга яратилаётган кенг имкониятларни эътироф этмасликнинг сира иложи йўқ. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Навоий вилоятига илк ташрифлари чоғида биз ёшларнинг мурожаат ва таклифларимиз асосида энг замонавий барча қулайликларга эга "КЕЛАЖАК” ёшлар марказининг қуриб берилгани фикримизнинг яққол далилидир. Бу ерда ўнга яқин спорт секциялари, беш мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона, фаоллар зали, заковат клуби ёшлар ихтириёга берилган.

Давлатимиз раҳбарининг Навоий вилоятига ўтган йилги ташрифидан сўнг, туманимиз ёшларини бошқа вилоят ва туманлардаги тенгдошлари билан ўзаро дўстона муносабатларини кенгайтириш, тарихий шаҳарлар, муқаддас қадамжоларга саёҳатларни ташкил этиш мақсадида "ИСУЗИ” русумли микроавтобус совға қилинди.

Яна шуни фахр билан айтаманки, жонажон Ватанимиз тараққиётига муносиб улуш қўшаётган Навоий кон металлургия комбинати ходимиман. Ҳозирда Шимолий кон бошқармасига қарашли 1-сонли автокорхонада автослесарь бўлиб ишлайман.

Менинг давлатимиз раҳбарига мурожаатимдан сўнг, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Ҳамидов туманимизга ташриф буюрди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, "Лочин” спорт-мажмуасида бўлиб, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Вазир ташрифидан сўнг, спорт мактаби ва спорт мажмуасига спорт инвентарлари келтириладиган бўлди.

Бизларга кўрсатилаётган ана шундай ғамхўрликлар, яратиб берилаётган шарт-шароитлар учун ўз навбатида биз ёшлар ҳам ишончни оқлашга бурчлимиз, албатта. Чунки, бизнинг қонимизда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби мард ва жасур аждодларимиз қони оқмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: