Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ЗЕБОЛИК ВА НАФОСАТ АЙЁМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

ЗЕБОЛИК ВА НАФОСАТ АЙЁМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан туман хотин-қизларига табриги

 

Муҳтарам онахонлар!

Азиз опа-сингиллар!

Дилбар қизлар!

Ўлкамиз бўйлаб гўзал ва бетакрор баҳорнинг илиқ ва ёқимли шабадаси эсаётган шу кунларда Сиз азизларни қутлуғ айём – 8 март Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман!.

Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами – хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига молик бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда. Негаки, жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Бу каби ажойиб байрам тимсолида аввало аёл ва баҳор, яратиш ва яшариш тушунчалари бир-бирига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг эканини, бир-бирини чуқур маъно ва мазмун билан тўлдиришини яна бир бор ҳис этамиз.

Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган мезон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ ҳилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир. Мана шундай фазилатлар эгаси бўлган ҳар бирингизга байрам муборак бўлсин!

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: "Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юртимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз!” деган сўзлари Сиз аёлларимизга бўлган чексиз ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодасидир.

Дарҳақиқат, аёл деганимизда кўз ўнгимизда азиз ва мукаррама бўлган ОНА сиймоси намоён бўлади. Ўз меҳр-муҳаббати билан қалбларимизга олижаноб инсоний туйғуларни сингдирган оналаримизга ҳар қанча таъзим қилсак, уларни ҳар қанча улуғласак камлик қилади.

Яна бир муҳим жиҳат, бугун жамиятимизнинг қайси жабҳасини олмайлик, бу давлат ва жамият қурилиши ёки ишлаб чиқариш бўладими, тиббиёт ёки таълим соҳаси, муҳандислик ёки тадбиркорлик бўладими барча-барчасида Сиз онахону опа-сингилларимизнинг фидокорона меҳнат қилаётганингиз, бир сўз билан айтганда ҳам оила, ҳам давлат ишларини бекаму-кўст адо этаётганингизни биламиз ва буни юксак қадрлаймиз!.

Бугунги кунда туманимиз ижтимоий ҳаётининг энг муҳим соҳаларидан бўлган халқ таълими тизимида 73,5 фоиз, соғлиқни сақлаш тизимида 74,8 фоизни, маданият ва санъат соҳасида 64,5 фоизни шу билан бирга молия, суғурта, пенсия таъминоти тизимларида 40 фоиз, халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши депутатларининг 27 фоизини аёллар ташкил этаётганлиги сафимизда нечоғли салоҳият эгалари борлигини кўрсатиб турибди.

Шунингдек, улар сафларида фаол, фидойи, ўз касбининг етук билимдонлари бўлиб, юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган аёллар ҳам борки, улар билан бутун учқудуқликлар ҳақли равишда фахрланадилар. Қатор йиллар ёш авлодга таълим-тарбия бериб келган 7-мактаб ўқитувчилари Гуласал Пардаева, Гулнора Рўзиева, 18-мактаб ўқитувчиси Мақсуда Шамсиева, "Мустақиллик” МФЙ раиси Арофат Жуманова, "Учқудуқ” газетаси бош муҳаррири Райҳон Қодирова, Соғлиқни сақлаш аълочиси кўкрак нишони соҳибалари Фотима Астанақулова, Луиза Аҳмедова, Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони совриндорлари Насиба Рўзиева, Адиба Рўзиева, Гулшат Муратовалар билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Айниқса, қизларимизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳам таҳсинга сазовор. Ирода Жуманова, Дилноза Камолова, Маҳлиё Манновалар-нинг айнан спорт соҳасида Зулфия номидаги давлат мукофотини қўлга киритгани фикримизнинг ёрқин далили-дир. Нишондор бу қизларимизга ҳавас қилган, уларнинг изидан бориб, мамлакат ва Осиё чемпионатларида совринли ўринларни қўлга киритаётган Дилдора Жўраева, Дилшода Жўрабоева, Сабрина Қулдошева, Маржона Турсунова, Арайлим Нурмуратоваларни тарбиялаб, вояга етказаётган оналар меҳнати олқишга сазовор.

Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Боболаримиз эътироф этганларидек, ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, мардлик, олийжаноб-лик сари чорлайдиган, сабр-тоқат, садоқат соҳибаси бўлмиш аёлларнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Бугунги шодиёна минбаридан туриб ўз оиласини, фарзандлари тарбиясини гул-гул яшнатиб қўйиш баробарида туманимиз ижтимоий-иқтисодий ривож-ланишида муносиб ҳисса қўшаётган мунис аёлларимиз ва оналаримиз олдида таъзим қиламан!

Бугун сизларни ўзингиз каби гўзал байрамингиз билан яна бир бор қутлар эканман, Сизларнинг тимсолингизда туманимизда истиқомат қилаётган барча меҳрибон онахонларга, мунис опа-сингилларимизга Яратгандан сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-осойишталик, бахт-саодат тилайман!

Фарзандлар камолини кўриш, уларнинг ардоғида бўлиш бахти барчангизга насиб этсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: