Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / АЁЛ БАХТЛИ БЎЛСА, ОИЛА, ЖАМИЯТ БАХТЛИ БЎЛАДИ!

АЁЛ БАХТЛИ БЎЛСА, ОИЛА, ЖАМИЯТ БАХТЛИ БЎЛАДИ!

Ҳар бир сўзнинг хотирага ўрнашган суврати бўлади. "Аёл” сўзини эшитсак, руҳиятимизга хотиржамлик, вужудимизга ҳарорат қуюлганга ўхшайди. Қулоғимизда жонбахш алла овозлари янграгандек бўлади. Уни тандир бошида юзлари ловуллаб нон ёпаётган кўринишида қошларига ҳафсала билан ўсма тортаётган, гўзаллик истагидан гўзаллашган қиёфада тасаввур этамиз.

Қизилқум аёллари эса қулоқларида ойбалдоғи ярқираб, қўйчивонлар олдида, баҳайбат кўтаргич (кран)лар рулида, энг замонавий жиҳозлар, аниқ таҳлилларга таяниб ишлайдиган турли хил ускуналарни моҳирлик билан бошқараётганда...

Қўйингки, қизилқум аёли қаерда бўлмасин унинг сувратида ҳаракат бор, бедорлик, беоромлик, фидоийлик бор!

Бугун мамлакатимизда аёлга онага қизларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Муҳтарам Президентимиз, ҳукуматиз она ва бола, қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш ишига заруриятлар ичра зарурият сифатида қарагани учун ўтган йиллар давомида оналар ва болалар ўлими уч бараварга камайди. Аёлларнинг ўртача умри 67 ёшдан 75 ёшга узайди.

Туғруқ ёшидаги аёлларнинг ҳар йили мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказилиши, даволанишига эҳтиёжмандлари учун муолажалар тайинланиши, боз устига саломатлик борасидаги тарғиботнинг кучайтирилиши аҳоли орасида тиббий маданиятнинг юксалишига олиб келди.

Соғлом наслни вужудга келтириш мақсадида зарарли шароитларда ишлаётган ҳомиладор аёлларни енгил ва зарарсиз ишда ишлашларига шарт-шароитлар яратиш, скрининг текширувларидан ўтишлари замирида ҳам миллатни соғломлаштириш ғамхўрлиги ётади.

Аёлларга яхши яшаш ва иш шароити яратиб бериш бўйича энг катта ютуқларга эришган 125 та дунё давлатлари орасида Ўзбекистоннинг борлиги бизда уларга кўрсатилаётган эҳтиромни яна бир карра намоён этади.

Ҳа, аёл кўнгил одами. Уни суяган, уни суйган сайин у яхшиланади. У меҳрталаб зот. Ўзи меҳрдан яралса-да, меҳр истайверади. Агар оталар, турмуш ўртоғи, ўғлонлар муҳаббат ва яна кўпроқ муҳаббат берсалар аёл бамисоли шердек қудратли кучга тўлади.

Зеро, она бағрида бутун бир миллат, халқ камолга етади!

Азиз ва мукаррама аёллар юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду-хуррамлик аримасин! Байрамингиз муборак бўлсин!

Маҳбуба ҚУРБОНОВА,

Шимолий кон бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: