Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       

БУ - МЕНИНГ ОНАМ

Халқаро хотин - қизлар куни - гўзаллик, нафислик ва латофатлик байрамидир. Шунингдек, 8 Март куни "Оналар куни" сифатида ҳам таниқлидир. Ер юзида муқаддас деган сўзга энг муносиб зот бу – аввало, Онадир. Халқимиз она сиймосини доимо улуғлаб, ардоқлаб яшайди. Юртимизда оналарни шарафлаб муҳташам ҳайкаллар бунёд этилгани ҳам шундан далолат беради.

Баҳорнинг илк кунида, оналаримизни улуғлаб, уларни мадҳ этиб, ўзларининг шеъру қўшиқлари ва дил изҳорлари билан ҳушнуд этиш мақсадида Шимолий кон бошқармасига қарашли 7-сонли мактабгача таълим муасссасаси тарбияланувчилари "Учкудук” маданият саройида, барча оналарга атаб байрамона, оромбаҳш, "Бу- менинг онам” номли байрам дастурини тақдим қилдилар. Кўтаринки руҳда, юқори савияда ўтган байрам тадбирида болалар катта саҳнада туриб, барча кўшиқ ва рақсларини шундай моҳирона ижро этдиларки, ўз онажонлари ва бувижонларини хушнуд этишни астойдил мақсад қилиб келганлари сезилиб турди.

Онани боладан айро тасаввур қилиб бўлмаганидек, бола бахту - камолини кўрмоқлик ҳар бир онанинг энг олий мақсади ҳисобланади. Байрам дастурида болаларнинг оналари ҳам саҳнада фарзандлари билан биргаликда "Онажоним Сизга таъзим, болажоним – сен ҳаётим” қўшиғини биргаликда турли миллат оналари юракдан ҳис қилиб ижро этишлари барча томошабинларнинг давомий олқишларига сазовор бўлди.

Шуни таъкидлаш жоизки, болаларнинг истеъдодларини юзага чиқариб, уларни катта саҳнада ўзини эркин тутиши, дил изҳорини айта олишга ўргатган меҳнаткаш тарбиячиларнинг ўзлари ҳам албатта истеъдод эгалари эканликларига яна бир бор амин бўлдик. 7-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари ижро этган, тарбиявий аҳамияти беқиёс бўлган ўзбек халқнинг "Зумрад ва Қиммат” номли эртагини замонавий талқинда, миллий руҳни акс эттириб турувчи саҳна кўриниши, Хоразмча жўшқин ва рус миллий рақси барчага манзур бўлди. Байрам тадбиридаги турли тилларда куй ва рақслар орқали янграган "Она” сўзи бирдек барчани меҳр-муҳаббатга, онани, Ватанни севишга, уни кўз қорачиғидек асрашга ундади. Тарбиячиларимиз болаларни ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашга астойдил бел боғлаганликларини англадик.

Хулоса қилиб айтганда,байрам дастурини тамоша қилган кишида "Она шундай улуғ зотки, болаларни ҳақиқий инсонлар қилиб тарбиялаш, унинг улуғлиги - Ватанига, халқига сидқидилдан хизмат қиладиган, керак бўлса, азиз жонини ҳам аямай Ватанини ҳимоя қиладиган довюрак алплар қилиб етказиб беришда. Дунёдаги энг яхши сифат, энг яхши фазилат - онадан! Она беради фарзандларига ана шу гўзал фазилатларни! Шунинг учун она азиз, она мўътабар!”, - деган хулосалар келиши шубҳасиз. Демак, Шимомлий кон бошқармасига қарашли 7-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари ўз олдиган қўйган мақсадларига эришмоқдалар, десак муболаға бўлмайди.

 

Клара Мукаррамова

Шимолий кон бошқармаси,

маънавий – маърифий ишлар бўйича мутахассис

 

ШКБ Ахборот хизмати 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: