Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ XXXVII сессияси тўғрисида ахборот

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ XXXVII сессияси тўғрисида ахборот

Куни кеча туман ҳокимлиги катта мажлислар залида халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ўттиз еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, корхона-ташкилот раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Сессия ишини туман ҳокими, халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши раиси С.Хамроев бошқариб борди.

Мажлис кун тартибида депутатлар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учқудуқ туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари И.Рахимовнинг маърузасини тингландилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди. Жорий йил май ойида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ушбу ҳуқуқий ҳужжат талаблари асосида бўлиб ўтади.

Шунингдек, янги таҳрирдаги "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуни билан сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлари вазифалари белгилаб берилган. Мазкур қонуннинг 12-моддасига кўра, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун туман комиссияси тузилиб, ишчи гуруҳлари ҳам тасдиқланди.

Шунингдек сессия кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4075 – сонли қарорининг Учқудуқ туманидаги ижроси юзасидан туман ички ишлар бўлими бошлиғи А.Савуровнинг маърузаси тингланди. Туманимизда барча йўналишларда содир этилган жиноятлар сони 2017 йилда 133 та, 2018 йилда 69 та бўлиб, 64 тага яъни 48,1 фоизга камайишига эришилди. Шунингдек, аёллар ўртасида 2017 йилда 26 та, 2018 йилда эса 12 та бўлиб, вояга етмаганлар иштирокидаги ноқонуний қилмишлар сони сезиларли даражада камайганлигини таъкидлаш ўринли. Бундан ташқари, 2018 йил январида фуқаролар томонидан 5 та жиноят содир этилган бўлса, жорий йил ҳисобот даврида 3 тани ташкил этади. Муқаддам жиноят содир этганлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам камайганлигини, қасддан оғир тан жароҳати етказиш жинояти содир этилмаганини кўришимиз мумкин. Бу каби кўрсаткичлар ҳудудимизда жиноятчиликка барҳам берилган, деган маънони бермайди. Ҳали жиддий эътибор қаратишимиз зарур бўлган жиҳатлар кўплигини таъкидлади маърузачи.

Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ўттиз еттинчи сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

МУХБИРИМИЗ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: