Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / “ЗИЁ – НУР” ЎҚУВ МАРКАЗИ янги форматда билим беради

“ЗИЁ – НУР” ЎҚУВ МАРКАЗИ янги форматда билим беради

Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор дастурлар амалга оширилмоқда.

 

Айниқса, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган йигит-қизлар учун "Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури доирасида ажратилаётган имтиёзли кредитлар кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Банкдан олинган 7 фоизли 40 млн. сўм имтиёзли кредит асосида "Зиё-нур” ўқув марказини ташкил этган Шаҳноза Шукурова ҳам ана шу имкониятлардан самарали фойдаланаётганлардан бири.

Ўқув марказида инглиз тили, математика, биология ва она тили фанлари малакали ўқитувчилар томонидан чуқур ўқитилади. Бир вақтнинг ўзида 18 нафар ўқувчига машғулот ўтиш учун синфхоналарда қулайлик ва имкониятлар муҳайё этилган. Стол-стуллар, ёзув тахталари, кўргазмали ўқув қуроллари каби замонавий воситалар билан жиҳозланган.

– Мамлакатимизда чет тилларини ўргатишда давлат таълим муассасалари билан бир қаторда, хусусий ўқув марказлари муҳим роль ўйнамоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари М.Шамуратов. – Бу борада уларга кенг имконият ва имтиёзлар берилаётгани ўз самарасини бермоқда. Бир неча чет тилини билиш – давр талаби. Бундай ўқув марказлари шундай қобилиятга эга ўғил-қизлар учун бошланғич таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

Ҳозирда муассасада 70 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 5,6,7 – синф ўқувчилари инглиз тилини мукаммал ўрганаётган бўлсалар, математика, биология ва она тили фанларидан абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш учун тайёргарлик қўрмоқдалар.

-Биз ёшларга берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келгусида фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз, дейди биз билан суҳбатда "Зиё – нур” ўқув маркази раҳбари Шаҳноза Шукурова. – Келажагимиз ёшлар қўлида экан, уларни юрт равнақига ҳисса қўшадиган баркамол авлод бўлиб камол топишида ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: