Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ПОЛИМЕР ПЛЁНКАЛИ ПАКЕТЛАР ЭНДИ ПУЛЛИК

ПОЛИМЕР ПЛЁНКАЛИ ПАКЕТЛАР ЭНДИ ПУЛЛИК

Мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2018 йил 18 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Мазкур қарорга асосан, жорий йил 1 январдан бошлаб полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини мамлакатимиз ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш тақиқланди. Тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно.

Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига, бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорларга полимер плёнкали пакетларни харидорларга сотиладиган товарлар нархига қўшиб сотишга йўл қўйилмаслиги хусусида 70 дан ортиқ огоҳлантириш хатлари берилди. 13 та ўзини ўзи бошқариш органларида тушунтириш тарғибот тадбирлари олиб борилди.

Бугунги кунда ер юзининг 40 дан ортиқ давлатида полимер плёнкали пакетлардан фойдаланиш тақиқланган. Бундай пакетларни ёқиш, тўплаш ва кўмиш оқибатида хавфли кимёвий бирикмалар ҳосил бўлади. Полимер плёнкали пакетлар йиллар давомида тўпланиб бориши, узоқ йиллар чиримаслиги ҳамда ҳавода енгил учиши туфайли атроф-муҳитга зарар етказиб қолмасдан, экотизимнинг доимий ифлосланишида асосий омил бўлмоқда.

Мутахассислар фикрича, полимер плёнкали пакетлар қоғоз пакетларга қараганда қулайроқ бўлса-да, табиатни ифлослантиради, уларни ишлаб чиқариш эса заҳарли моддалар билан боғлиқ. Бир марталик пакетнинг ўртача "умри” 20 дақиқага тенг бўлиб, чириб йўқ бўлиши учун эса 400 йил вақт керак экан.

Нурбек НАСРИДДИНОВ,

туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: