Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / АСОСИЙ МАҚСАД – ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

АСОСИЙ МАҚСАД – ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қарор ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда учрашувлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Унда миллий қадрият ва урф-одатларни сақлашда аёлларнинг ўрни, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга йўл бермаслик, чет давлатларда ишлашнинг қонуний асослари, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатлари, оилавий нотинчлик, фарзандлар назоратсизлигининг олдини олиш борасида сўз юритилмоқда.

Туман хотин-қизлар қўмитаси, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, Оила маркази, Маънавият ва маърифат туман бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу тадбирлар туманимиздаги 9-умумий ўрта таълим мактаби, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, туман ветеринария бўлими, Давлат санитария - эпидемиология назорат маркази сингари бир қанча корхоналарда бўлиб ўтди.

Тадбирларда таъкидланганидек, ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Асосий масала ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишдан иборатдир.

Туманимизда барча йўналишларда содир этилган жиноятлар сони 2017 йилда 133 та, 2018 йилда 69 та бўлиб, 64 тага яъни 48,1 фоизга камайишига эришилди. Шунингдек, аёллар ўртасида 2017 йилда 26 та, 2018 йилда эса 12 та бўлиб, вояга етмаганлар иштирокидаги ноқонуний қилмишлар сони сезиларли даражада камайганлигини таъкидлаш ўринли. Бундан ташқари, 2018 йил январида фуқаролар томонидан 5 та жиноят содир этилган бўлса, жорий йил ҳисобот даврида 3 тани ташкил этади. Муқаддам жиноят содир этганлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам камайганлигини, қасддан оғир тан жароҳати етказиш жинояти содир этилмаганини кўришимиз мумкин.

Бу каби кўрсаткичлар ҳудудимизда жиноятчилик таг-томири билан юлиб ташланаяпти, деган маънони бермайди. Ҳали жиддий эътибор қаратишимиз зарур бўлган жиҳатлар кўп.

Мамлакатимиз раҳбари: "Йўлдан адашганларни фақат рўйхатдан чиқариш билан иш битмайди. Уларга амалий ёрдам кўрсатиш, муносиб иш топиб бериш, арзон кредитлар ва уй-жойлар билан таъминлаш лозим. Бундай одамларни соғлом ҳаётга қайтариш масаласида ўта нозиклик билан, илм билан, маърифат билан, аввало, шахсий намуна кўрсатиб ишлаш керак. Чунки улар ҳам Ўзбекистон фуқароси. Айни пайтда улар Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, масъулият ва мажбурияти ҳам борлигини ҳеч эсдан чиқармаслиги зарур” деб таъкидлаган эдилар.

Бу масала туманимиз ижтимоий барқарорлик муҳитига ҳам тўла-тўкис тааллуқлидир. Фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало аҳоли онгида жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга иззат-ҳурмат кўрсатиш каби фазилатларни кучайтириш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган тадбирлар, аҳоли ўртасида ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, инсонлар хотиржамлигини таъминлашга ҳисса қўшади. Мулоқотлар чоғида кўряпмизки, кексаю ёшнинг фикру онгида бепарволик, лоқайдликка муросасиз кайфият шаклланган.

Хуршид АБДУМУРОДОВ,

туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи, майор.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: