Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Ўзбекистонда 25 февралдан 100 минг сўмлик купюра муомалага чиқарилади

Ўзбекистонда 25 февралдан 100 минг сўмлик купюра муомалага чиқарилади

Ўзбекистон Марказий банки 2019 йилнинг 25 февралдан бошлаб қиймати 100 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиси муомалага чиқарилиши тўғрисида маълум қилди.

Қиймати 100 000 сўм бўлган банкнотнинг мавзуси (тематикаси) буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия фанидаги ютуқларига бағишланган. Банкнотнинг ўлчами 144 х 78 миллиметр бўлиб, махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган.

Банкнотнинг ўнг тарафидаги оқ овал қисмида Мирзо Улуғбек сурати кўринишидаги локал сув белгиси ва 100000 рақами кўринишида филигран сув белгиси жойлашган. Банкнотнинг ўнг тарафидаги қоғоз қатламида кенглиги 5 миллиметрли 3D эффектга эга бўлган, юқори ҳимояли, шўнғувчи, банкнотнинг устки қатламига чиқувчи ҳимоя ипи жойлаштирилган. Ёруғлик манбаида ип тўлиқ кўринишга эга бўлиб, банкнотнинг исталган қиялик кўринишида ипдаги тасвирларда силжиш эффекти пайдо бўлади. Олд ва орқа томонларининг фони асосан оч жигарранг ва ҳаво рангларидан иборат.

Банкнот олд томонининг чап қисмида Мирзо Улуғбек ҳайкали тасвирланган. Банкнотнинг юқори қисмининг чап тарафида ранги ўзгарувчан 100000 рақами жойлаштирилган бўлиб, маълум қиялик бурчагида қаралганда унинг ранги қирмизи рангдан жигаррангга ўзгаради.

Банкнотнинг қуйи қисмининг чап тарафида орнаментал тасвир асосида (фонида) «UZB» кўринишидаги яширин тасвир мавжуд бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўринади. Банкнотнинг чап томонида жойлашган яшил рангдаги махсус элемент кўзи ожиз инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалиги ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш мумкин. Банкнотнинг юқори қисмида, ҳайкалнинг ўнг томонида кўп функцияли устурлоб («Астраляби») астрономик асбоби тасвири жойлашган ва у регистр вазифасини бажариб, «олд» ва «орқа» томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади, ёруғликка қаратилганда орқа томондаги рангли фон билан тасвир мукаммалашади.

Банкнот юқори қисмининг ўнг томонида «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИМАРКАЗИЙ БАНКИ» матни мавжуд. Банкнотнинг юқори ўнг бурчагида Ўзбекистоннинг Герби жигаррангда акс эттирилган. Банкнотнинг ўрта қисмида қуёш системаси схемаси жойлашган бўлиб, унинг ранги кўриш бурчагига қараб бронза рангидан яшил рангга ўзгаради. Орбита доирасида қуёш системаси сайёралари ва олтита кичик сайёралар турли ўлчамдаги саккиз қиррали юлдузчалар кўринишида жойлашган. Уларнинг ранги ҳам маълум қияликда ўзгарувчан хусусиятга эга. Орбиталар доираси периметри атрофида «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ» сўз бирикмаси кўринишида такрорланувчи микроматн мавжуд.

Банкнот қуйи қисмининг марказида «БИР ЮЗМИНГСЎМ» матни жойлашган бўлиб, унинг остида «ЎЗБЕКИСТОН СЎМИ РЕСПУБЛИКА ҲУДУДИДА ҲАMMA ТЎЛОВЛАР УЧУН ЎЗ ҚИЙМАТИ БЎЙИЧА ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ ШAРТ» ёзуви акс этган. Банкнот пастки ўнг бурчагидаги 100000 рақами икки хил, яъни жигарранг ва яшил рангда аниқ чегараланган ҳолда босилган. Банкнотнинг лотин алифбосидаги икки ҳарфли серияси ва етти хонали сондан иборат рақами икки жойда босилган бўлиб, қуйи қисмининг ўнг томонидаги бўёқ ферромагнит, чап қисмдаги рангли майдондаги люминессер хусусиятига эга.

Банкнот орқа томонининг чап қисмидаги овал шаклдаги майдонда ҳам локал сувли белгисини кўриш имконияти мавжуд. Чап томонининг юқори бурчагида гилошир розетка майдонида банкнот муомалага чиқарилган йил кўрсатилган. Банкнотнинг марказида жигаррангда Мирзо Улуғбек обсерваторияси тасвирланган ва унинг устида «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ» матни туширилган.

Банкнотнинг қуйи қисмида кўк рангда 100000 рақами, «БИР ЮЗ МИНГ СЎМ» ёзуви ҳамда уларнинг тагида «ЎЗБЕКИСТОН СЎМИНИ ҚАЛБАКИЛАШТИРИШ ҚОНУНГА МУВОФИҚ ТАЪҚИБ ҚИЛИНАДИ» матни жойлашган. Мазкур тасвирлар ва банкнотнинг юқори қисми ўнг бурчагидаги 100000 рақами металлограф босма усулида (бўртмалиги сезиладиган) бажарилган. Банкнотнинг ўнг томонида қўш ёйли квадрант астрономик асбоб тасвирланган.

Банкнот марказида Ўзбекистон харитасининг чегараси акс эттирилган бўлиб, унда буюк олим Мирзо Улуғбек ўз илмий фаолиятини олиб борган Самарқанд шаҳрининг жойлашган ўрни белгиланган. Хаританинг фони узлуксиз равишда такрорланувчи «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ» микроматни билан тўлдирилган.

Муомалага чиқарилаётган қиймати 100 000 сўм бўлган пул белгиси, айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: