Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Инновацион ғоялари билан 5 млрд фойда келтирди

Инновацион ғоялари билан 5 млрд фойда келтирди

Бугунги кунда 60 мингдан ошиқ ишчи-хизматчилар фаолият юритаётган Навоий кон-металлургия комбинатидай гигант корхонанинг асосий ишчи кучини ёшлар ташкил этади. Улардаги илм ва салоҳиятни юзага чиқариш мақсадида ўтган йилнинг декабрь ойида НКМК ёшлар иттифоқи ташкилоти томонидан корхона ёшлари ўртасида "Энг яхши инновацион ғоя ва рационализаторлик таклифи - 2018" танлови эълон қилинган эди.

Яқинда ана шу танловнинг сарҳисоби бўлиб ўтди. Танловда Марказий кон бошқармаси, Шимолий кон бошқармаси, Жанубий кон бошқармаси, 5-кон бошқармаси, 1-сон ГМЗ кон бошқармаси, НКМК бошқармасидан 80 дан ортиқ ёшлар ўз инновацион ғоя ва таклифлари билан иштирок этишди. 35 ёшгача бўлган 32 нафар ёшларнинг ишлаб чиқаришга тақдим қилинган 45 та рационализаторлик таклифлари бор эди. Энг қувонарлиси шундаки, уларнинг 7 нафари Шимолий кон бошқармаси ишчиларидир.

Танловда ёш мутахассислар томонидан ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, улар натижасида ишлаб чиқариш ҳажми ва унумдорлигининг ортиши, инновацион ишланмаларнинг республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди.

Энг муҳими тадбир орқали ёшларнинг ноёб кашфиётлари юзага чиқарилди. Масалан, «Шарқий” кони муҳандиси Нуриддин Камолов танловда "Экскаватор иш циклини такомиллаштириб ёқилғи энергияси сарфини тежаш ва самарадорлигини ошириш” таклифи билан иштирок этди. Ушбу лойиҳанинг аҳамиятли томони шундаки, рудани қазиб чиқаришда модернизация қилиш натижасида сарфланаётган ёқилғи сарфи камайиб ишлаб чиқариш ҳажми ортади. Ҳозиргача экскаваторлар тоғ жинсларини машиналарга юклашда 135 градусгача бурилар эди. Нуриддин таклиф этаётган лойиҳада эса юк олиш майдончасида схемасини ўзгартириш билан оғир юк ташувчи машиналарнинг ҳаракатланишини икки баробар камайтиради. Бунинг учун фақат экскаватор машинисти авто ағдаргич ҳайдовчисига сигналга қўшимча равишда юклашга қулай жойни чўмич ёрдамида кўрсатиб қўйиши керак.

Энг муҳими бунда авто ағдаргичнинг аввалги рейсда чўмичидан тўкилган тошни босиш эҳтимоли йўқолиши ҳисобидан ғилдиракларнинг ишлаш муддати ошади. Ковжай тозалашга техника ва вақт кескин камаяди. Мазкур таклифнинг амалга татбиқ этилиши натижасида йилига қарийб 2 миллиард 900 млн. сўм қўшимча фойда олинади.

Аслида бу танловдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга тадбиқ этиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини ошириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни муносиб рағбатлантириш, - эди дейди ШКБ ишлаб чиқариш инновация бўлими бошлиғи Азим Каримов. -"Энг яхши инновацион ғоя ва рационализаторлик таклифи – 2018” танловида 7 нафар ёшларимизнинг турли номинацияларда ғолиб бўлиши жуда қувонарли ҳол. Энг асосийси улар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўз ғоялари билан корхонамизга йилига 5 млрд. 290 млн. сўмлик соф фойда келтирадиган бўлди.

Лайло КАРИМОВА,

Шимолий кон бошқармаси матбуот хизмати.

Суратда: Илғор инновацион ғояларга эга бўлган ёшларимиздан бир гуруҳи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: