Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

энди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси шуғулланади

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматини адо этувчи ташкилотлар тўловларни ундириш билан боғлиқ мажбуриятлардан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Унда соҳага доир бир қатор тизимли ўзгаришларни амалга ошириш белгиланган.

Одам ўтирган жойини саранжом-саришта, тоза-озода сақлайди, бу бизга болаликдан сингдирилган қадрият. Эрта саҳардан эшик олдини супуриб, сув сепиб, ҳамма ёқни чиннидек қилиб қўйиш ҳам кўпроқ бизда учраса керак. Одатимиз шунақа, чунки тоза жойда инсон баҳри-дили очилади, покиза маконда барака бўлади. Шунинг учун ҳам супурги билан ҳокандозга доим иш бор. Чунки ҳар бир хонадон ҳудудида маълум миқдорда маиший чиқинди уюми ҳосил бўлади. Уларни вақтида тўплаш, шаҳар ва аҳоли яшаш масканларидан олиб чиқиб кетиш ҳам ўта муҳим вазифалардан бири. Модомики эндиликда юртимизга кўплаб хорижий сайёҳларни таклиф қилаётган эканмиз, шунга яраша шаҳарларимизни ораста ва чиройли қилиб қўйишимиз даркор. Бугун аҳолига санитар тозалаш хизматларини кўрсатаётган ва бунга тайёр бўлган корхона ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бисёр. Уларнинг самарали ва сифатли фаолият кўрсатиши учун эса кўрсатилган хизматларнинг ҳаққини ўз вақтида тўлаш лозим бўлади. Зеро, ҳисобли дўст айрилмас.

Айни пайтда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш билан 294 та ташкилот шуғулланмоқда. Шундан 185 тасини «Тоза ҳудуд» ва «Махсустранс» ДУК филиаллари, 100 тасини хусусий ташкилотлар, яна 9 тасини кластерлар ташкил қилади. Мамлакат аҳолисининг 53 фоизи ёки 17 млн. киши ана шу хизматлардан фойдаланади. Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларнинг 60 фоизи ҳар ойда, 40 фоизи 6 ойдан 1 йилгача бўлган муддатда амалга оширилмоқда. Аҳолининг тўлов интизоми қишлоқ жойларида 57 фоиз, вилоятлар шаҳарларида – 71 фоиз, Тошкент шаҳрида 95 фоизни ташкил этмоқда.

Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, соҳада тўлов интизоми масаласида муаммолар мавжуд. Бундан ташқари, тизимда пул маблағларининг банкдан ташқари айланмаси ва уларни қинғир йўллар билан ўзлаштириш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бу эса ташкилотларнинг молиявий аҳволини қийинлаштириб, хизмат сифатини оширишга тўсқинлик қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, чиқинди тўплаш ва ташиш хизматини кўрсатишда аҳолидан тушаётган тўловларни ҳисоб-китоб қиладиган, уларни тартиб билан тақсимлаб, ақл билан сарфлайдиган яхлит бир механизмнинг йўқлиги бемақсад ҳаракатларнинг кўпайишига, тушумларнинг эса пасайишига сабаб бўлаётганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан соҳада тизимли ўзгаришлар амалга ошириладиган бўлди. Жумладан, 2019 йилнинг 1 январидан эътиборан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўланишини таъминлаш вазифаси билан энди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси шуғулланади.

Демак, шундай қилиб 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари тўловларини юритишнинг янги тартиби ўрнатилади.

Биринчидан,мажбурий тўловлар энди аҳоли томонидан ҳар ойнинг 10-санасидан кечикмай ягона транзит банк ҳисоб варақларига тўланади ва кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ғазна ҳисоб варақларига ўтказилади;

иккинчидан,хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўлов Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан марказлаштирилган ҳолда амалга оширилади;

учинчидан,юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар эса тўловларни бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотларга 100 фоиз олдиндан тўлашни амалга оширадилар;

шу билан бирга,МИБ қарздорликни ойлик маошдан ушлаб қолиш, ҳар ойда мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш ҳақида иш берувчиларга талабнома юбориш - Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий органлари эса мажбурий тўловлар олти ойдан ортиқ муддатгача тўланмаган тақдирда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматини адо этувчи ташкилотлар эса тўловларни ундириш билан боғлиқ мажбуриятлардан озод бўлгани ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ижро ҳокимиятининг ўзидан вақтида ола билиши эвазига энди барча саъй-ҳаракатларини бевосита хизмат сифатини яхшилашга қаратиши лозим бўлади.

Бундан ташқари, эндиликда Санитар тозалаш марказлари ҳам ташкил этилиб, унинг ходимлари ҳар битта туман ва шаҳарларда фаолият олиб боради ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ҳудудларда тизим ишларини назорат қилиш билан шуғулланади.

Давлат раҳбарининг ушбу Фармони билан иқтисодиётнинг яна бир тармоғини тартибга солишга қаратилган янги механизм йўлга қўйилди. Энди 10 киши яшайдиган хонадондан 4 кишига пул тўлашлар, қарздорликни йиллаб пайсалга солиб юриш каби ҳолатларнинг олди олинади. Тўловнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ тушиши эса хизмат кўрсатиш ташкилотлари орасида ҳам рақобатни кучайтиради. Бу бозорга янги тадбиркорлар кириб келиши учун имконият, аҳолига юқори сифатли хизмат кўрсатиш, бу яна озода кўчалар, тоза ҳаво дегани. Демак, биргина тўловни вақтида тўлаш билан биз ўзимиз учун шунча гўзалликни инъом этган бўламиз.

Хусан КАРИМОВ,

Мажбурий ижро бюроси Учқудуқ туман бўлими бошлиғи ўринбосари,

3-даражали юрист.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: