Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Мир Алишер Навоий ҳақида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ривоят

Мир Алишер Навоий ҳақида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ривоят

Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротнинг боғи давлатхона мавзейида, темурийлар хонадонига яқин бўлган давлат хизматчиси Ғиёсиддин Баҳодир оиласида таваллуд топган. Тарихчи Мирхонд «Равзатус-сафо» асарида ёзишича, Амир Алишернинг бобоси Амир Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош бўлган.

Алишер Навоий ҳаётига тааллуқли маълумотлар

*Навоийнинг илмга бўлган иштиёқи эрта уйғониб, 4 ёшида мактабда таълим ола бошлаган. Навоий ҳазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёддан билган.

*7 ёшли Низомиддин Мир Алишер буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд билган. Мир Алишер 7-8 ёшларидан бошлаб ғазаллар ёза бошлаган.

Алишер Навоий «муқарраби ҳазрати султоний» («султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган унвонни олган. Унвон Навоийга давлатнинг барча ишларига аралашиш ҳуқуқини берган.

*Туркий тилни қайта тирилтиргани Навоийнинг маънавиятимиз учун улкан жасорати бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Туркий тил била то шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас», — деб ёзса, Ҳусайн Бойқаро «Мир Алишер турк тилининг ўлик жасадиға Масиҳ нафаси ила жон ато этди» деб таъкидлаган.

*Алишер Навоий ўн беш-ўн олти ёшларида ҳам туркий, ҳам форсийда ижод қиладиган "икки тилли” шоир сифатида танилган.

*Алишер Навоий ўсмирлик йилларида ўзи севган шоирларнинг 50 минг байтдан ортиқ шеърларини ёд билган.

*Алишер Навоий туркий тилда ёзган шеърларига Навоий, форсий тилдаги шеърларига Фоний деб тахаллус қўяди. Шоирнинг форсий шеърлар тўплами "Девони Фоний” деб номланган.

*Навоийнинг севгилиси сифатида тасвирланадиган "Гули” исми фақат халқ оғзаки ижодида, Навоий ҳақидаги ривоят ва афсоналарда учрайди холос. Гули номи Навоийнинг ҳаёти ҳақида маълумот берувчи ёзма манбаларнинг ҳеч бирида учрамайди.

*Навоий асарларида Фарҳод – комил инсон тимсолидир. У болалигидан илмга чанқоқ бўлади ва бир марта ўқигани сира ёдидан чиқмайди. Фарҳод ўн ёшга етганда ҳамма илмларни эгаллаб бўлади.

*Навоий тахминан 18-19 ёшларида Абдураҳмон Жомий билан танишади. Жомий уни ҳам фарзанд, ҳам шогирд сифатида қадрлайди. Кейинчалик бу икки улуғ шоир ўртасидаги устоз ва шогирдлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, ижодий ҳамкорликка айланади.

*Самарқанд Навоийнинг ҳаёти ва ижодида муҳим аҳамият касб этади. Алишер 1464 йилда Самарқандга келади ва бу ерда мадрасада таҳсил олиб, илм-фан, адабиёт ва санъат билан танишади.

*1469 йили Навоий дўсти Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиши муносабати билан 90 байтдан иборат "Ҳилолия” қасидасини ёзади ("ҳилол” – янги чиққан ой).

*Навоий ўз жамғармаси ҳисобидан Ҳиротда ва бутун Хуросон мамлакатида 300 дан ортиқ иншоотлар қурдирган.

*Алишер Навоий 16 та адабий жанрда ижод қилган. Навоий туркий тилидаги илк "Хамсани” икки йил давомида ёзади. Дунёнинг 64 тилга таржима қилинган бу асар 51 минг мисрадан ортиқ. Шоирнинг лирик мероси умумий ҳажми 50000 мисрадан ортиқ «Хазойинул-маоний» номли тўрт девон (1491—1498)га жамланган.

*Алишер Навоий 1501 йил 3 январда вафот этди. Уни дафн этиш чоғида майдалаб ёмғир ёғиб турган эди. Буни тарихчи Хондамир "ҳатто табиат ҳам мотам тутди” дея таърифлаган.

 

Алишер Навоийнинг 10 ҳикмати

*Кишининг одоби унинг бойлигидан яхшидир.

*Охират савоби дунё роҳатидан яхшидир.

*Тил зарбаси – тиш оғриғидан кучлироқ.

*Кўп тоатдан–оз маърифат яхши,ақлли душман ахмоқ дўстдан яхшироқдир.

*Ёмон дўст – шайтондир.

*Тил сукути–инсон саломатлиги.

*Сени ёмонликка бошлаган киши душманингдир.

*Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади.

*Мулойим сўз — ваҳшийларни улфатга айлантиради; сеҳргар — оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.

*Кўп, бемаза сўзлайдиган эзма — кечалари тонг отгунча тинмай ҳурадиган итга ўхшайди. Тили ёмон одам — халқ кўнглини жароҳатлайди, ўз бошига ҳам офат етказади.

Навоий ҳақида бир ривоят

Алишер Навоий ҳазратлари Самарқандда ўқиб юрган кезларида Бухоройи шарифни зиёрат қилишни орзу қилибдилар. Самарқандда тўхтаб ўтадиган карвонларга қўшилиб, бир гуруҳ дўстлари билан Бухорога йўл олибдилар.

Карвон йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Карманадан ўтиб «Малик работ» карвонсаройига келиб тўхтабди. Йўловчилар дам олиб, туялар ва отларини суғорибдилар. Мешларни тўлдириб сув олибдилар. Карвонда кетаётган Навоий ҳазратлари ён-атрофидаги чўл-у саҳроларни кузатиб, ўйга толибдилар. Малик робот ва Сардобани барпо этганлар руҳига тиловат қилибдилар.

"Қани энди, менинг Фарҳодларим, Ширинларим шу бепоён саҳроларга келиб, шу жойларни обод қилсалар, сув чиқариб, боғ-роғлар барпо қилсалар, иморатлар, йўллар, масжид мадрасалар, шифохоналар барпо этсалар, саҳролар ўрнида гўзал бир юрт бунёд бўлса,” деб орзу қилган эканлар Алишер Навоий. Орадан асрлар ўтиб, Худонинг марҳамати ва бобомизнинг илтижолари, халқимизнинг меҳнати эвазига тиловат ўқилган жойлар боғ-роғга айланиб, шоир номига "Навоий” деб аталибди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: