Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / КОРРУПЦИЯ - ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ!

КОРРУПЦИЯ - ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ!

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бу борада 2018 йил 24 декабрда "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4075-сонли қарори қабул қилингани мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этишда муҳим қадам бўлди.

Ушбу қарорнинг Учқудуқ туманидаги ижроси, коррупцияга қарши курашиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоатчилик тузилмаларининг куч ва воситаларини мувофиқлаштирган ҳолда сафарбар қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш "Учқудуқ” маданият уйида бўлиб ўтди.

Кенгайтирилган йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, корхона-ташкилот ва муассасаса мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мажлис ишини туман ҳокими С.Хамроев бошқариб борди.

Йиғилиш кун тартибида ўтган 2018 йилда туманда фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар уларни келтириб чиқарган сабаб ва оқибатлар тўғрисида туман ИИБ бошлиғи А.Савуров, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Ж.Каримов, ИЖҚК департаменти туман бўлими бошлиғи Н.Тошев, фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Н.Расулов, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алланова ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Дарҳақиқат, порахўрлик – тараққиёт кушандаси, энг хавфли иллат!. Шу боис ҳам мамлакатимизда ушбу иллатга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамай мазкур жирканч жиноятнинг ҳали-ҳануз содир этилишига йўқ қўйилмоқда. Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йилда туманимизда порахўрлик, коррупцияга оид 6 та жиноят қайд этилган, уларнинг 4 таси аёллар томонидан содир этилгани аянчлидир. Жиноятларнинг ҳар 5 тасида ҳам фуқароларнинг ишончига кириб, ишга жойлаштириб қўйиш эвазига жиноятчилар пора олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Нафс қулига айланганларнинг яна бири туман Давлат солиқ қўмитаси масъул ходими бўлиб, у ижара шартномасини расмийлаштирмаслик эвазига ижарада истиқомат қилаётган фуқародан таъмагирлик йўли билан пул олаётганида қўлга олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яна ҳам ачинарлиси, ҳаром луқма билан кун кўриш илинжида коррупция жиноятини содир этган аёлларнинг 2 нафари ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғулланувчи педагоглар эканини қандай изоҳлаш мумкин.

Мухтасар айтганда, бугун мамлакатимизда пора олиш ва уни беришга уринганларга жазо муқаррар. Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, ҳеч қачон эгри йўлнинг охири яхши бўлмайди. Ҳаммамиз ҳамкорликда ҳаракат қилгандагина, тараққиёт кушандаси – порахўрликни пайини қирққан бўлар эдик.

Нодирбек ТОШЕВ,

ИЖҚК департаменти туман бўлими бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: