Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Ис гази – заҳарланишдан сақланинг!

Ис гази – заҳарланишдан сақланинг!

Статистик маълумотларга кўра, республикамизда сўнги уч йил ичида кузги-қишки иситиш мавсуми даврида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ.

Ис гази организмга нафас органлари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма-карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хсусияти кескин пасайиб, гепоксияга, оғир ҳолоатларда эса - аноксияга олиб келиш олиб келиши ҳамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Таҳлилларга кўра ис газидан захарланишнинг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

Фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;

Ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва мосламаларидан фойдаланиш;

Иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;

Газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (мосламалари) ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;

Ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари) дан фойдаланиш;

Ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб, тўсиб қўйиш;

Юқорида кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра иситиш учун фойдаланилаётган ёқилғи (газ, кўмир, ўтин ва бошқалар) ни чала ёниши натижасида ис гази ҳосил бўлади.

Бундай сабабларни келиб чиқишига йўл қўймаслик ва ис газидан захарланишдан огоҳ бўлиш лозим.

Айнан мана шу табиат ходисаси оқибатида одамларнинг ис газидан захарланиши эҳтимоли нега юқори эканлигини биласизми?

Фан тили билан эмас балки оддий қилиб тушунтирганда, хонадондаги иситиш печи, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғи ёқилганда, газ ажралиб чиқади, мўри орқали ташқарига чиқаётган тутун ва газни кучли шамол босими уйнинг ичкарисига қайтариб юборади. Тутун ва ис гази уйга тўла бошласа уша ерда одамларнинг захарланиши кузатилади.

Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг беҳосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газни ёқиб қаровсиз қолдириш, иситиш тизимларида газни улашда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий газ ва ис газларидан захарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Натижада инсонлар турли даражада тан жароҳати олишлари ёки ҳаётдан кўз юмишлари ҳам мумкин.

Ис газидан қатор органик моддалар синтез қилувчи корхоналарда, гаражларда, ветиляцияси ёмон бўлганда, янги буялган, шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек уй шароитида табиий газ ёниқ турганда ва печка билан иситиладигшан уйларда печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда захарланиб қолиш мумкин. Ис газидан захарланиш унинг ҳаводаги консентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлади. Захарланиш енгил, ўрта ва оғир даражаларда бўлади, бундай ҳолларда бош қаттиқ оғрийди, айланади, қусиш, хушдан кетиш ҳамда нафас олиш секинлашади, баъзан ўлимга ҳам олиб келади. Ис газидан захарланган кишини зудлик билан тоза хавога олиб чиқиш лозим, юзаки нафас олишда ёки нафас олиш тўхтаб қолганда сунъий нафас олдириш лозим. Агар бемор хушида бўлса, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади ва иссиқ чой ёки қахва ичирилади. Сўнгра тез тиббий ёрдам чақирилади.

Аҳоли, ташкилотлар ва таълим муассасалари ўртасида ис газидан захарланишни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя этиш тўғрисидаги шу каби кенг тушунтириш ишлари олиб боришдан мақсад, инсонларни бевақт ҳаётдан кўз юмишларини олдини олиш ва содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни муваффақиятли бартараф этиш ишларига кенг жамоатчиликни жалб қилишдан иборатдир.

Зеро, хушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – у бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.

 

 

Санжар Баходиров, лейтенант,

НКМК ДК ЁХБ Шимолий кон бошқармаси

Ёнғин хавфсизлиги бўлими инспектори
 
ШКБ Ахборот Хизмати

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: