Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Мир Алишер Навоий таваллудининг – 578 йиллиги АЛИШЕР НАВОИЙ – ЎЗБЕК АДАБИЙ ТИЛИНИНГ АСОСЧИСИ

Мир Алишер Навоий таваллудининг – 578 йиллиги АЛИШЕР НАВОИЙ – ЎЗБЕК АДАБИЙ ТИЛИНИНГ АСОСЧИСИ

9 февраль – буюк ўзбек шоири, мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг таваллуд куни. Ушбу сана муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Жорий йилда эса буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудига 578 йил тўлади. Шу муносабат билан 4 январдан 15 февралгача "Навоийхонлик кунлари” ўтказилмоқда. Туманимиздаги барча ўқув муассасаларида, корхона-ташкилотларда кўтаринки руҳда бўлиб ўтаётган тадбирларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижоди фақат ўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўрин эгаллаши хусусида сўз бормоқда.

Буюк мутафаккирнинг "Хамса", "Тарихи мулуки Ажам", "Мажолис ун-нафоис", "Муншаот", "Мезон ул-авзон", "Насоим ул-муҳаббат", "Девони Фоний” каби бебаҳо мероси адабиётимизнинг маънавий бойлигидир.

Жумладан, 20 – умумий ўрта таълим мактаби барча синфларида "Алишер Навоий ижодида инсонпарварлик ғоялари” мавзусида маънавият соатлари ўтказилди. 9-11 синф ўқувчилари ўртасида эса "Навоий ижодида комил инсон” мавзусида иншолар танлови бўлиб ўтди. Танловда 9-д синф ўқувчиси Ясмина Қўлдошева, 10-д синф ўқувчиси Ситора Умарова, 10-а синф ўқувчиси Дилафрўз Муҳаммадиева учинчи, 11-синф ўқувчилари Ферангиз Тожиева, Малика Холназарова иккинчи, 9-а синф ўқувчиси Дилнура Бердиқулова фахрли биринчи ўринга сазовор бўлдилар.

Мактабда ўтказилган яна бир тадбир "Навоийлик ёш навоийхонлар” деб номланиб, унда 8-11 синф ўқувчилари иштирок этди. 8-б синф ўқувчиси Дилдора Суюндикова, 9-а синф ўқувчиси Дилнура Бердиқулова фахрли биринчи ўринни қўлга киритдилар.

"Навоийхонлик ойлиги” доирасида ўтказилаётган ноанъанавий дарслар, маънавият соатлари ва тадбирларни мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари З.Жониқулова, Д.Турсунова, У.Очилова, М.Рахимова, С.Абдуллаевалар томонидан ташкиллаштирилиб, барчага манзур бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Навоий шеъриятнинг 16 хил жанрида ижод қилган. Унинг ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммасларини ўқиб, бу каби жанрларда ҳеч бир шоир Навоийдек ижод қилмаганини англаймиз. "Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай", деб ёзган эди буюк шоир.

Бугун чиндан ҳам шоир асарлари дунё бўйлаб юксак парвоз этмоқда. Аҳли жаҳон унинг маънавият чашмасидан баҳраманд бўлмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: