Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / КЕКСАЛАРИ ЭЪЗОЗ ТОПГАН ЮРТ!

КЕКСАЛАРИ ЭЪЗОЗ ТОПГАН ЮРТ!

Мамлакатимизда ривожланишнинг муҳим босқичида одамларни ҳаётдан рози қилиш йўлида барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинмоқда. Инсонларнинг қалбига қулоқ тутиб, дарду ташвишлари тингланаётгани, уларнинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари, ҳақли талаб ва истакларининг амалда қаноатлантирилаётгани эса халқимизни тараққиёт, фаровонлик ва ободликка эришишдек буюк мақсадлар сари янада жипслаштирмоқда.

Ёши улуғ инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш инсон манфаатлари устувор давлатимиз сиёсатида энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб келмоқда. Албатта, бундай эътибор ва ғамхўрлик ёши улуғларнинг умрига умр қўшади, ҳаётига мазмун бағишлайди. Ўз навбатида, нуронийларимиз ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиб, билим ва салоҳияти, куч ва ғайратини сафарбар қилмоқдалар.

Пенсия соҳасида навбатдаги кенг кўламли, тарихий муҳим қадам муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан амалга оширилди. Унда қандай муҳим ўзгаришлар кўзда тутилган?!

Шулар хусусида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учқудуқ туман бўлими бошлиғи Вали Қувондиқов билан суҳбатлашдик.

-Мазкур фармонда кўзда тутилган имтиёзлар ҳақида тўхталсангиз?

-2019 йил 1 январдан бошлаббарча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади. Статистик маълумотларга кўра, Учқудуқ туманида 311 нафар ишловчи пенсионерлар мавжуд, уларнинг фақат 111 нафари ўз пенсияларини тўлиқ олиб келган. 200 нафар ишловчи пенсионерлар бундай имкониятдан маҳрум бўлиб, пенсияларини 50 фоизини олиб келишган.

Шунингдек, фуқароларга пенсия миқдорини белгилашда энг юқори чегара энг кам ойликиш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригачаоширилди. Илгари юқори миқдорда ойлик иш ҳақи олувчи фуқароларгапенсияни ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаригача бўлган даромади инобатга олиниб, ундан юқори қисми ҳисобга олинмаган.

-Бир пенсионернинг пенсия миқдори мисолида тушунтириб берсангиз?

-Мисол учун, ўртача ойлик иш ҳақи –2.2 млн сўмва иш стажи35 йилбўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда1621 минг сўм(энг кам иш ҳақининг8баравари) инобатга олинган (қолган қисми, яъни579 мингсўм ҳисобга олинмаган), шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори(891 550 сўм)белгиланиб, талаб этиладиган (25 йил) дан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланиб, пенсиянинг умумий миқдори1 054 минг сўмни ташкил этар эди.

Янги тартиб бўйича эса, ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳақи1 621 мингсўм эмас,2 027 минг сўм(ЭКИҲ нинг10баравари) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда пенсиянинг таянч миқдори1 115 мингсўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда пенсиянинг умумий миқдори1 317 мингсўмни ташкил этади ёки263 мингсўмга ошади.

-Бу ўзгариш фақат фармон қабул қилингандан сўнг, пенсияга чиққан пенсионерларга дахлдорми?

-Йўқ!. Юқоридаги ўзгариш нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга нисбатан ҳам татбиқ этилди ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилди.

Учқудуқ туманида жами3410 нафарпенсионерлар мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, фармонга асосан жами1700нафар пенсионерларнинг пенсия миқдорлари ўртача 10 фоиздан 25 фоизгача ошган. Шундан333 нафари ишловчи пенсионерлар.

-Ҳеч қаерда ишламаган шахслар ҳам пенсияга чиқиши мумкинми?

-Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунига асосан, иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларнинг ижтимоий таъминланиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб берилган. Низомга асосан, иш стажига эга бўлмаган шахсга ёшга доир нафақа меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган бошқа шахслар бўлмаган тақдирда тайинланади.

-Пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатларни йиғиш жараёнидаги ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?

-Пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатларни йиғиш жараёни тубдан оптималлаштирилмоқда. Бу ҳақда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси 2019 йил охиригача ишлаб чиқилади. Лойиҳада архивлардаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, идоралараро ахборот алмашувини жорий этиш, давлат хизматлари маркази орқали пенсия тайинлаш давлат хизматини йўлга қўйиш назарда тутилади.

-Чет элда ёлланиб ишлаган фуқаролар пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи қандай аниқланади?

-Ўзбекистон Республикаси Президенти "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 36-моддаси биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Чет элда ёлланиб ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи қуйидагича аниқланади, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – тўланган ягона ижтимоий тўлов миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади».

Молиявий жиҳатдан жиддий ислоҳотлар амалга оширилаётган, бюджетга солиқ тушумлари камайиши тахмин қилинаётган ушбу йилда бундай кучли ижтимоий сиёсатни юритиш жуда катта масъулият ва ирода талаб қилиши кундек равшан.

Бундан асосий муддао халқ розилиги, нуронийларимизни янада қадрлаш, аёлларни эъзозлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишдан иборатдир.

Суҳбатдош Райҳон ҚОДИРОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: