Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / СОЛИҚ ЮКИ ЕНГИЛЛАШДИ

СОЛИҚ ЮКИ ЕНГИЛЛАШДИ

Солиқ тушунчаси ҳамма замонларда, ҳамма давлатларда бўлган. Чунки давлатнинг кўп­лаб функцияларини амалга оширишда айнан солиқ солиш йўли билан келадиган даромадлар муҳим ўрин тутади. Бироқ, ҳар қандай тўлов адолат мезонларига таянилган ҳолда белгиланса, одамларнинг солиқ ҳақида фикри ижобийлашаверади. Натижада даромадни яшириш, солиқдан қочиш каби ҳолатларга ўрин қолмайди.Тан олиш керак: респуб­ликамизнинг барча ҳудудларида расмий ишсизлик ва аҳвол ўртасида анчагина тафовут бор. Бошқача айтганда, қайсидир тадбиркор ёки фирмада ишловчи йигит-қизлар расман ишли эмас. Улар маошни «конверт»да олишади. Ўз-ўзидан тушунарлики, иш берувчи ҳам, ходим ҳам давлатга ҳеч қандай солиқ тўламайди. Муаммонинг иккинчи тарафи расман ходими бўлмаган фуқарога нисбатан иш берувчи ҳеч қандай мажбурият сезмайди: у ходимнинг на меҳнат муҳофазаси, на хавфсизлигини таъминлашга бурчли эмас. Бунга сабаб сифатида солиққа тортиш тизимини кўрсатиш мумкин эди.Энди… вазият ўзгармоқда. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб солиққа тортишнинг мутлақо янгиланган механизмлари амал қила бошлади. Бу ҳақда 2018 йил 29 июнь кунги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Президент Фармонида кенг тўхтаб ўтилган. Фармон билан янги йилнинг илк кунидан бош­лаб кўплаб имтиёзлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ҳужжатлар ўзгармоқда, ҳамма солиқлар камайиши ҳақида гапирмоқда? Хўш, бу бизга, аниқроғи, шахсий даромадимиз кўрсаткичларида қандай акс этади?

Биринчидан, амалдаги тартибга кўра, солиққа солиш шкалага асосланган. Яъни, маошимиз энг кам иш ҳақининг бир бараваригача бўлса 0 %, иккидан беш бараваригача бўлса 7,5%, беш бараваридан ўн бараваригача оралиғида 16,5%, ундан юқори миқдорда ойлик олсангиз, 22,5% солиқ ушланган эди. Бунга қўшимча равишда, иш ҳақидан давлатдан ташқари пенсия жамғармаси учун 8 фоизлик мажбурий суғурта тўлови ундирилди.
2019 йилдан эса шкала тизимидан воз кечамиз ва ягона ставкада солиқ тўлаймиз. Демак, иш ҳақи фондига солиқ юки қуйидагича камайтирилмоқда:
– жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасининг 12 фоиз миқдорида ўрнатилиши ва фуқаролар мажбурий суғурта бадалларининг (иш ҳақидан 8 фоиз) бекор қилиниши натижасида «қўлга тегадиган» иш ҳақи миқдори ўртача 6,5 фоизга ошади;
– иш ҳақи фондидан ягона ижтимоий тўлов миқдори 12 фоизгача пасайтирилмоқда.
Иккинчидан, давлат мақсадли жамғармаларига айланмадан 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинмоқда. Шу пайтгача корхона фойда қиладими ёки йўқ, йиллик айланма маблағидан 3,2 фоиз давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиб беришга мажбур эди.
Учинчидан, юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкалари 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизгача, дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан солиқ – 10 фоиздан 5 фоизгача, юридик шахслар мол-мулк солиғи – 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилмоқда. Прогноз қилинишича, мазкур чоралар натижасида хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида қарийб 10 триллион сўм маблағ қолади.
Агар манбаларга суяниб айтадиган бўлсак, 13 миллиондан зиёд меҳнатга яроқли аҳолиси бор республикамизда иш ҳақидан қонуний солиқ тўлайдиганлар сони 4,6 миллионни ташкил қилмоқда экан.

Демак, яширин иқтисодиёт қурбони бўлаётганлар сони биз тахмин қилгандан кўпроқ. Бу ҳолатда икки нарсани ютқазамиз: норасмий ишловчиларнинг ҳимоя этиб бўлмайдиган ҳуқуқлари ва олинмаган солиқ кўринишидаги давлат бюджетига етказилаётган миллиардларни.

Янги солиқ концепция­сига кўра, вазият энди тубдан ўзгарди: солиқ юки камайтирилиб, содда, шаффоф, муҳими, иш берувчи учун ҳам, ишловчи учун ҳам бирдек адолатли ставка белгиланди. Демак, ҳаммаси ўз йўриғи билан изга тушиб бормоқда.

Жасур ХАЛИКОВ,

туман прокурори ўринбосари.

Сардор ХАКИМОВ,

туман прокурори ёрдамчиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: