Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / “УЧҚУДУҚ” газетаси хабар қилади: ИҚТИДОРЛИЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

“УЧҚУДУҚ” газетаси хабар қилади: ИҚТИДОРЛИЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

Юртимизда ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг замон талаблари асосида билим олишларига кенг имконият яратиш ҳамда иқтидорли ва қобилиятли ёшларни аниқлаб, илм эгаллашга бўлган рағбат ва иштиёқини янада оширишда фанлар олимпиадасининг ўрни муҳим.

Учқудуқ туманида ҳам фанлар олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказишга олдиндан пухта тайёргарлик кўрилди. Икки кун давомида ўтказилган фанлар олимпиадасида чинаккам иқтидорли ёшларни аниқлаб олишга имкон яратди.

413 нафар ўқувчи 13-16 та фан йўналишида эгаллаган билимларини синовдан ўтказдилар. 9 – синф ўқувчилари ўртасида 44 нафар, 10-синф ўқувчилари ўртасида 40 нафар, 11-синф ўқувчилари ўртасида 29 нафар энг билимдон ўқувчилар ғолибликни қўлга киритдилар.

Фанлар олимпиадаси туман босқичи сарҳисоби шуни кўрсатмоқдаки, 20-мактаб 40 та совринли ўрин билан биринчи, 7-мактаб 31 та совринли ўрин билан иккинчи, 9-мактаб 15 та совринли ўрин билан учинчи ўринни қўлга киритдилар.

- Бироқ, етарлича моддий-техника базаси, кадрлар салоҳиятига эга бўлган туман марказидаги 3 - мактабда -7 та, 4 – мактабда – 2 та, 10 – мактабда – 9 та, 18 – мактабда – 9 та совринли ўринларнинг борлиги, мазкур таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича қилинадиган ишлар ҳали кўплигидан далолат беради, - деди фанлар олимпиадасида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчи-ёшларни тақдирлаш маросимида сўз олган туман ҳокими Соли Хамроев. – Шунингдек, совриндорлар сафида кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган директорлар раҳбарлик қилаётган 1,6,11,12,13 – мактаб ўқувчиларининг ҳам йўқлигини кўришимиз мумкин.

- Устозим билан фанлар олимпиадасининг туман босқичига тайёргарлик кўриш жараёнида ўтилган мавзуларни такрорладик, - дейди 20-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Асрбек Аминов, - Мактабимизда билим олишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Галдаги вазифамиз олимпиаданинг вилоят ва республика босқичларида юқори натижаларни кўрсатишдан иборатдир.

Фанлар олимпиадасининг туман босқичида фахрли биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган иқтидорли ўқувчилар рағбатлантирилди.

Тадбирда туман ҳокими С.Хамроев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: