Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ВАТАН УЛУҒ – БУРЧ МУҚАДДАС!

ВАТАН УЛУҒ – БУРЧ МУҚАДДАС!

Юрагим тубида муқаддас жой бор,

Унга Ватан, дея ёзиб қўйганман.

Юртга хизмат қилиб яшайман ҳар дам,

Чунки тупроғини босиб қўйганман!

 

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг махсус фармойиши билан "Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” ўтказилмоқда. Ойлик 15 декабрдан 15 январгача давом этади.

Миллий армия – жамиятнинг ажралмас қисми. Мамлакат Президенти томонидан ишлаб чиқилган ҳарбий ислоҳотлар стратегияси асосида давлат хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал қилишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этишга қаратилган ўзининг кўлами, миқёсига кўра улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Жумладан, мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг якдиллигини таъминлаш мақсадидаҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Натижада ҳарбий округлар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва ўқитиш, навқирон авлодни ўзбек халқига мутлақо бегона бўлган бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш масалаларига зарур даражада эътибор қаратиш барчанинг долзарб вазифаси этиб белгиланди.

Мана, сал кам бир ойдан бери юртимиз узра давом этиб келаётган "Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” доирасида Учқудуқ туманидаги барча таълим масканларида ҳам "Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” номли умумий ғоя остида тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири куни-кеча "Узунқудуқ” овулида бўлиб ўтди.

"Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз” мавзусидаги тадбирда ҳарбийлар томонидан қурол билан бажарилган кўргазмали чиқишлар барчанинг олқишига сазовор бўлди. Ҳозирда қуролли кучларимизда мавжуд бўлган қурол-аслаҳалар ҳақида кенг таълумотлар берилиб, мамлакатимиз мудофаа қобилиятининг нечоғли мустаҳкамлиги хусусида сўз борди.

Шунингдек, Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг йигирма етти йиллиги ва "Ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан ҳарбий оркестр ҳамда бадиий жамоалар иштирокида маданий ва маърифий тадбир ўтказилди.

Қуролли Кучлар академияси ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган жаҳон классикаси ва миллий эстрада куй-қўшиқлари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди. Тадбир давомида ҳарбий оркестр ижросида янграган наволар барчанинг эътибор марказида бўлди.

Дарвоқе, ҳарбий ислоҳотлар натижасини биргина жорий йилда Global Firepower сайтида эълон қилинган рўйхатда Ўзбекистон дунёнинг 136 мамлакати орасида 9 ўрин юқорилаб, 39-ўринни эгаллаганида ҳам кўриш мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистон Қуролли кучлари 2017 йилда энг қудратли қуролли кучлари рейтингида дунёнинг 133 давлати орасида 48-ўринни эгаллаган эди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: