Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / Ўзбекистонда ОВИР бекор қилинди. Январдан яна қандай ўзгаришлар кучга кирди?

Ўзбекистонда ОВИР бекор қилинди. Январдан яна қандай ўзгаришлар кучга кирди?

 

Ўзбекистонда 2019 йил 1 январ санасидан фуқароларга хорижга чиқишга рухсат берадиган стикер бекор қилиниб, хорижга чиқиш биометрик паспорти жорийқилинмоқда.
Ушбу паспорт мамлакат ҳудудида ўрнатилган тартибда ҳужжат топширилган кундан бошлаб ўн кун ичида берилади. Хорижда эса дипломатик почта юборилиши графигига асосан топширилади.
Биометрик паспортларга келадиган бўлсак, улар чет элга чиқиш учун 16 ёшдан катта шахсларга 10 йил муддатга берилади. Ўн олти ёшгача бўлган болаларга хориж паспортлари - беш йил муддатга берилади.
Амалда бўлган 2011 йилда берилган стикер ёпиштирилган биометрик намунадаги паспортлар 2021 йилга қадар амал қилади. Ўзбекистон фуқаролари ушбу паспорт билан визасиз режим ўрнатилган давлатлар, шу жумладан Россияга ҳам чиқишлари мумкин.
Шунингдек, аввалги биопаспорт билан унда мавжуд бўлган стикер муддати тугагунга қадар бошқа мамлакатларга ҳам чиқиш мумкин.
ИИВ маълумотларига кўра, 2018 йил охирида Ички ишлар вазирлиги миллий ID-карталарни синовдан ўтказишга киришган ва бу карталар кейинчалик ички биометрик паспортлар ўрнини эгаллаши кутилмоқда.
Шунингдек, ID-карта ҳар бир мамлакат фуқаросининг ягона идентификация рақамига эга бўлиб, бу фуқаро давлат хизматларидан фойдаланётганида шахсга доир маълумотларини аниқлаштиришга хизмат қилади. ID-карталар жорий этилиши санаси ҳозирча аниқлаштирилмаган.

 

Ўзбекистонда фуқаролик паспорти ўзгарадими?

 

2011 йил намунасидаги Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти айни вақтда ҳар бир ўзбекистонликда бор. Энди ана шу биометрик паспортлар билан хайрлашамиз,дейиладиЎзА хабарида. Яъни 2019 йил 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий этилади. 10 иш куни давомида тайёрлаб эгасига тутқазиладиган бу ҳужжат 16 ёшдан катталар учун 10 йил муддатга, вояга етмаган болалар учун 5 йил ва ундан кам муддатга берилади.
Унинг афзаллиги — ўзида электрон маълумотларни сақлайди ва бошқа ортиқча ҳужжатларни талаб қилмайди. Кўпчиликда савол пайдо бўлди: хорижий паспорт билан чет элга чиқиб кетаётганда ҳозирги биометрик паспортни топширишимиз керакми? Йўқ, иккала паспорт ҳам шахснинг ўзида сақланади.
Мутахассислар 1 январдан стикер, яъни рухсат бериш тизими умуман бекор қилиниб, чет элга чиқиш учун мазкур паспортнинг ўзи етарли бўлишини маълум қилмоқда. Жаҳон тажрибаси ўрганилганда, ички ва ташқи фойдаланиш учун икки хил ҳужжат юритилади ва бу Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО)нинг талаби ҳамдир. Халқаро андозаларга жавоб берадиган паспортни жорий этилиши хорижга чиқиш тартибини янада такомиллаштириб, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда бюрократик тўсиқлар ва коррупция ҳолатларининг олдини олади, ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтиради, фуқароларнинг давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида паспорт назоратидан ўтиш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштиради.
Қайд этиш жоизки, бу паспорт алимент тўламаган ёки суд томонидан баъзи бир сабабларга кўра хорижга чиқиши та’қиланган фуқароларга расмийлаштирилмайди.
Ҳозирги паспортларнинг тақдири нима бўлади?
Маълумотларга кўра, улар ҳам 2021 йилга қадар амалда бўлади. Фуқаролар амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда мамлакатдан чиқиши мумкин. Амал қилиш муддати тугамаган стикер ёзуви мавжуд яшил паспортларимиз билан Ўзбекистондан визасиз бориш мумкин бўлган МДҲ давлатларига — Озарбайжон, Арманистон, Украина, Тожикистон, Қозоғистон, Россия, каби мамлакатларга бемалол бориш мумкин.
Шунингдек, хорижга чиқиш стикери ёпиштирилган 2011 йил намунадаги амалдаги биометрик паспорт билан ҳам стикернинг амал қилиш муддати тугагунга қадар хорижга чиқиб келиш мумкин. Стикер муддати тугагач, паспорт янги намунадаги паспортга алмаштирилади.
Нега улар айнан 2021 йилгача амалда бўлади? Чунки, ҳозирда мавжуд биометрик паспортимиз 2011 йилдан берила бошлаган эди. Уларнинг муддати ўн йил. Демак, икки йилдан сўнг мамлакатда амалдаги паспорт тизими, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва бошқа шу турдаги шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳайдовчилик гувоҳномасидан ташқари) ўрнига идентификацион карталар бериш бошланади. Демак, ҳадемай ям-яшил паспорт билан хайрлашиб, янги қирмизи ранг хорижга чиқиш паспортига эга бўламиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: