Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан туман аҳлига байрам табриги

Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан туман аҳлига байрам табриги

Ассалому алайкум азиз отахону онахонлар!

Қадрли учқудуқликлар!

Мустақиллик шукуҳи, истиқлол берган улкан имкониятлар, юксак тараққиёт ва тинчлик-осойишталик завқи, гўзал баҳор ифори қалбларимизга олам-олам шодлик, чексиз шоду хуррамлик ва кўтаринкилик бағишлаган шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ айём 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамини кенг нишонламоқдамиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, барча туманимиз аҳлини, фронт орти меҳнат фахрийларини, азиз отахону онахонларни миллий қадриятлар ва юксак маънавий фазилатларни ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ байрам билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Дарҳақиқат, бугун буюк аждодлар издоши эканлигимизни чуқурҳис этган ҳолда, бу ёруғ кунларга етиш учун қурбон бўлганлар руҳини шод, хотирасини ёд этишни, мўътабарнуронийларимиз дуосини олишни, энг муҳими тинч-осойишта давримизнинг қадрига етишни, истиқлол берган неъматларни асраб-авайлашни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.

Шу ўринда, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: «Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат бўлиб юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз» деган сўзлари ҳурматли нуронийларимизга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва юксак қадрлашга даъват этади.

 

Ҳақиқатдан ҳам бу йилги байрам мамлакатимизда ўзгача кайфиятда, ўзгача кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Негаки, давлатимиз раҳбарининг «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, ҳамда «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 5000000 сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти тантанали равишда топширилиб, уларнинг ҳар бирига Президентимиз номидан олтин суви югуртирилган соат совғага берилмоқда.

Фахрийларнинг истаклари асосида ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафарини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилмоқда.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг истакларига биноан, Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги «Ўзбекистон» ҳамда республикамиз ҳудудидаги санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юбориш ташкил этилиб, зарур авиа ва темир йўл чипталари олиб берилмоқда.

Бу каби сайъ-ҳаракатлар замирида халқимизнинг қадр – қиммати, ор – номусини, миллий анъаналаримизни ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этган аждодларимизга бўлган чексиз ҳурмат-эътибор мужассам.

 

Қадрли юртдошлар!

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гап кетганда, ватанидан олисларда кечган қирғин-барот урушга ўз яқинлари, жигарбандларини ғамга чўмдириб, 1500000 ўзбекистонлик сафарбар қилинган эди. Туманимиздан эса 421 нафар киши фронтга отланган бўлса, шундан 172 нафари қайтмади. Бу мудҳиш урушда қарийб, учдан бир қисми жанг майдонларида ҳалок бўлганлигини эслашнинг ўзи ниҳоятда оғир албатта. Бугун мана шундай инсонлар хотираси олдидаҳурмат билан бош эгамиз. Уларнинг буюк жасорати дилларимизда мангу яшайди.

Азиз учқудуқликлар!

Ҳозирги кунда ўша оғир кунларга гувоҳ бўлган суронли синовлардан ёруғ юз билан ўтган 11 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари умргузаронлик келмоқда. Ўшандай оғир дамларнинг бетимсол гувоҳи сифатида биз билан ёнма – ён яшаб келаётган эканлар, сизу бизнинг асосий вазифамиз уларни асраб-авайлаш, оғирини енгил қилиш, ибратли ҳаёт йўлларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишдан иборатдир.

Ушбу қутлуғ сана арафасида туманимизда инсон қадри ва шаънини юксак шарафлаш, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш билан бирга халқимиз томонидан ўтганлар хотирасини абадийлаштириш, улар руҳини шод этиш, қабристонларни зиёрат қилиш ва ободонлаштириш сингари кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айни кунларда орамизда яшаётган, давраларнинг тўрида қўр тўкиб ўтирган фронт орти меҳнат фахрийлари, ёши улуғ кексаларимизни ҳар қанчақадрласак, бу хайрли ишлар кўлами бизга куч-қувват бағишлайди, янги-янги марралар ва эзгуликларга чорлайди.

Азиз отахону онахонлар!

Сизларни, сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини, фронт орти меҳнат фахрийларини 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 73 йиллиги билан яна бир бор муборакбод этаман.

Барчангизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, хонадонларингизга файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилайман!.

Доимо бахтимизга соғ-саломат бўлинглар!.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: