Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / ҚАДАМЖОЛАРИ ҚАДРЛАНГАН ЮРТ

ҚАДАМЖОЛАРИ ҚАДРЛАНГАН ЮРТ

Тупроғингда даҳолар хоки,

Ул соҳиби дунёлар хоки.

Боболарки, улуғ чинордек,

Момоларки, Қутлуғ Нигордек.

Чинорларки, бешиклар бўлган,

Келажакка эшиклар бўлган.

Сен онасан, муқаддас Ватан!

Ягонасан, муқаддас Ватан!

Иқбол МИРЗО.

Шоир ҳақ! Бу тупроқниқаттиқ босиб бўлмайди. Негаки, Ватанимиз тупроғининг ҳар қаричи муқаддас! Унда Шарқ тамаддунига тамал тошини қўйган улуғ алломалар ва авлиёларнинг излари бор. Биз ана шундай инсонларнинг авлодларимиз, бизнинг ана шундай жонажон ўлкамиз, сиқим тупроғи зарларга тенг, бой тарихга эга Ватанимиз бор. Бу ҳақиқатни юксак ифтихор билан англаш ва тушуниш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир!.

«ЕРЛЕР АТА» ҳақида ривоят

Тумандаги Алтинтау овулидан чиқиб, адирликлар оралаганча Шарқтарафга чамаси 5-6 километр йўл юрсангиз «Ерлер ота» зиёратгоҳига борасиз. Тоғ орасида жойлашган бу маскан ўзининг сўлим ҳавоси ва гўзал манзараси билан диққатингизни тортади. Энг эътиборлиси, мазкур қадамжода тошлар орасидан сизиб чиққан чашма бор. Яхши инсонларнинг эътибори билан суви ифлосланмасин, дея чашма қудуқ шаклида ўраб қўйилган. Бу ерда қишин, ёзин сув бўлади. Қудуқда тўпланган оби ҳаёт қувур орқали сал пастроқда жойлашган ҳовузга оқиб туради.

«Ерлер ота» зиёратгоҳига жуда кўплаб инсонлар зиёратга келишади. Келган беморлар чашма сувидан ичиб, дарддан фориғ бўлгандай, ўзларида енгиллик ҳис этишади. Чунки, айнан шу ерда тупроқтаркибида кумуш моддаси кўп экан. Аллоҳнинг неъмати – зилол сув эса шу тупроқдан сизиб чиқаяпти.

Аслида Ерлер ота ким бўлган? Овул нуронийларидан суриштирдик ва анча маълумотларга эга бўлдик. Айтишларича, араб миллатига мансуб бу инсон кучли диний ва дунёвий билимга эга бўлганлиги учун Араб халифалиги томонидан Ислом динини тарғибқилиш мақсадида Ўрта Осиё ҳудудига юборилган экан. Умрининг кўп йилини халқ орасида Ислом динини тарғиб қилишга бағишлаган, кексайгач шу тоғ бағрини ўзига макон қилибди.

Шунингдек, Искендер Матжусип ўғлининг «Хосиятли ўлкам - Қизилқум» («Киели олкем – Қизилқум») номли китобида ушбу ҳудудга оид қуйидаги ривоят келтирилади.

Бундан YIII аср илгари Хоразм хонлигида Аёз исмли алпқомат йигит яшаган экан. Ботирлиги билан ном қозонган бу йигит хоннинг таъзйиқларига, ўзбошимчалигига чидай олмай қўзғолон кўтарганқулларга бошчилик қилади. Қўзғолон пайтида хоннинг қизи Аёзнинг мардлигига маҳлиё бўлиб, йигитга кўнгил қўяди. Аммо малика отаси уни бир қул йигитга турмушга бермаслигини билар эди. Шу боис Аёздан бирга қочишни сўрайди.

Тўқнашувларда қаттиқ талофат кўрганқўзғолончилар Туркистон ўлкаси (ҳозирги Қозоғистон республикаси ҳудуди) томонга қочади. Аммо хон аскарлари уларни таъқибқилиб, ҳеч тинчлик бермайди. Охир-оқибат қўзғолончи қулларҳозирги Алтинтау овулига, уларга бошчилик қилган бир гуруҳ ботир йигитлар эса бу ердаги тоғлар орасига яшириниб, қўним топишади. Шундан сўнг, бу овул Қулқудуқ, овул яқинидаги тоғ эса Ерлер (яъни Эрлар) тоғи, дея атала бошланган экан.

Бу албатта, халқ оғзидан тинглаб ёзилган ривоят. Унингқай даражада ҳақиқатга яқинлиги бизга қоронғи. Аммо ушбу зиёратгоҳ сўлим табиати, турли хасталикларга даво зилол чашма суви билан ҳам кўплаб инсонларни ўзига жалб қилаётган муқаддас қадамжолардан биридир.



 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: