Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / ҒАЛВИРДА СУВ КЕЛТИРГАН АВЛИЁ

ҒАЛВИРДА СУВ КЕЛТИРГАН АВЛИЁ

  Қизилқум саҳроси сиру синоатларга бой. Бу ерларқаърида мангу қўним топган авлиё анбиёлар ҳақида минг йиллардан буён эл оғзидаги афсоналар, эртакнамо воқеалар тафсилоти авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда. Ана шундай эл наздида авлиё, дея аталадиган Қанарбой ота нафақат вилоятимиз балки қўшни мамлакатларда ҳам яхши маълум.

 Учқудуқ туман марказидан 120 километр олисда «Узунқудуқ» овули яқинида Қизилқум чўли бағрида жойлашган «Қанарбой ота» зиёратгоҳи вилоятимиздаги мавжуд тарихий қадамжолардан бири ҳисобланади. Бу масканда авлиё, деб тан олинган Қанарбой отанинг қабри бор.

 Ўз билимларини эзгу ишларга сарфлаб, эл орасида юксак ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган бу инсон яқин ўтмишда яшаб ўтганлиги боис, у ҳақида баъзи бир маълумотларни келтириб ўтамиз.

 Айбас ўғли Қанарбой ота 1836 йилда тумандаги «Узунқудуқ» овулининг Аюртен қудуғи атрофида туғилган. Отадан ўн яшарлигида етим қолган.Ўқишга боришга шароити бўлмаганлиги боис, этик тикишни ўрганиб халқнинг хизматини қилиб юрган. Шунинг баробарида диний таълимга эга кишилардан хат-савод чиқариб, диний билимларини ошириб борган.

 У овулдан ўтиб-қайтадиган карвонларга боқиб, катта шаҳарларга боришни, илм олишни, ҳунар ўрганишни орзу қиларди. Астойдил қилинган ҳаракат, чин дилдан орзуланган истак вожиб бўлади. Қанарбой ота бир карвонбошига хизматчи сифатида ёлланиб, карвонга қўшилган ҳолда Бухоро шаҳрига келади. Кейинчалик орзу қилгани – Мир араб мадрасасида таълим ола бошлайди.

 Ўқиш даврида ўзининг зийраклиги, ҳунари билан домла ва тенгдошларининг ҳурматиниқозонади. Бир куни домла талабаларни мадрасага йиғиб, Лабиҳовуздан ғалвирда сув олиб келишни буюради. Барча шогирдлар домланинг буйруғини бажаришга шошилади, аммо бирортаси ҳам бу ишнинг уддасидан чиқа олмайди. Шунда Қанарбой отаўргатилган дуоларни адашмасдан ўқиб, ғалвирни сувга тўлдирган ҳолда домласига келтириб берган экан. Бу воқеадан сўнг, Қанарбой ота мадрасадаги домлалар, талабалар томонидан авлиё, деб тан олинган экан.

 У мадрасадаги ўқишини тугатиб, овулига қайтгач, этикдўзликни давом эттирган. Шу билан бирга, қатор йиллар мобайнида халқ орасида илм - ҳунарни, эзгуликни тарғиб қилган. Этик, бош кийим тикиб топган маблағининг бир қисмини муҳтожларга бериб келган.

Қанарбой отанинг яна бир хислати шунда бўлганки, у ҳеч қачон от-аравада юрмаган экан. Қўлига тутган ҳассасида сир-синоат яширинган бўлиб, ота таёғини елкасига қўйган заҳоти кўринмай қоларкан. Бирор бир олис овулларга меҳмонга чақиришса, ўша таклиф қилиб келган одамдан олдин бориб, мезбонлар билан чой ичиб ўтирган бўлар экан.

 Халқ орасида авлиё, деб аталадиган Қанарбой ота ҳаёти давомида: "Басти байлиқ – барға қанағат”, яъни "Энг катта бойлик бу – борига қаноат”, дея инсонларни манманликданқайтариб, камтарликка, меҳнатга, ҳунар ўрганишга ҳамда эзгуликка даъват этган экан.

Қанарбой ота 1899 йилда 63 ёшида рихлатга юз тутади. Шу куни кечаси Усен исмли яқинқариндошининг тушига кириб: «Мени ўзҳужрамнинг ёнига кўминглар. Таҳорат олиб турсанглар бас, намозни тегишли мулла келиб ўқийди», дейди.

 Яқинлари таъзияни у айтгандек, ташкил этишади. Ҳамма йиғилгач, Бухородан мулла келиб жанозаўқийди. Буни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишади. Негаки, Бухоро билан овул орасида отда етти кунлик йўл босиладиган масофа бор эди.

 Ҳа, ибратли умр кечирган Қанарбой отанинг улуғфазилатларига таъзим қилган минг-минглаб кишилар ҳар доим у ҳақида яхши гаплар айтиб, номини авлоддан-авлодга етказиб келмоқда. Шунинг баробарида, яхши инсонларнинг эътибори туфайли Қанарбой ота мангу қўним топган масканда қатор бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

 1969 йилда Суйеқул Тоқанов бошчилигида чорвадор - қурувчиларнинг қўл меҳнати эвазига масжид бунёд этилди.1980 йилда эса номи республикамизга яхши таниш бўлган чорвадор Тобан Раметов отанинг қабри устига мақбара қурдиртирган.

 Дарҳақиқат, юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг, барча қадрият ва урф-одатларимиз қайта тикланди. Тарихимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз, динимиз жонланди. Муқаддас қадамжоларга бўлган эътибор кучайтирилди.

 2004 йил 6 декабрда Қанарбой ота мангу қўним топган масканни обод этиш мақсадида «Қанарбой ота» хайрия жамғармаси ташкил этилиб, унинг ҳисоб рақами очилди. Орадан кўп вақт ўтмай, яъни 2005 йилнинг 16 апрелида янги масжид қурилишига биринчи ғишт қўйилди. Саховатпеша, олийҳиммат халқимизнинг кўмаги билан қисқа вақт мобайнида масжид қурилиб фойдаланишга топширилди.

 Эътиборлиси, 2006 йилда Қанарбой ота таваллудининг 170 йиллиги, 2016 йилда эса 180 йиллиги вилоят миқёсида кенг нишонланди.

Бугунги кунда жамғарма ҳуқуқий шакли ўзгартирилиб, «Қанарбой ота» хайрия жамоат фондига айлантирилди.

 Қайта рўйхатдан ўтказилган жамоат фонди мақсад ва вазифалари аждодлар меросини авлодларга етказиш, ёшларни она тилимизга, маданиятимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларда Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтиришда ҳисса қўшишдан иборатдир.

 «Савоб изласанг, остонангни обод қил», деганларидек туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович раҳбарлигидақатор ташкилотлар ҳомийлигида зиёратгоҳда олиб борилаётган ишлар кўлами бугун бениҳоя кенг. Амалга оширилаётган бунёдкорликлардан кўзланган мақсад эса аждодлар меросини қадрлаш, уларнинг эзгу ишларини ёшлар қалбига чуқур сингдириш, тарихимиз, урф-одатларимизни асраб-авайлаш ҳамда муқаддас қадамжога ташриф буюрувчи зиёратчиларга қулайликлар яратишдир.

 Албатта, яратилган шарт-шароит ва қулайликлар аҳолининг юрагидан жой олиб, бу ерга келиб-кетувчи зиёратчилар сонининг ортишига, уларнинг хурсандчилигига сабаб бўлмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: